ДАДАМ ҲАҚИДА ЁЗИНГ

Бекатдаман. Ёнимда 5-6 нафар болалар қўлларида спорт сумкаси билан бир-бирларини итаришиб, суришиб туришибди.
- Спорт тўгарагига қатнайсизларми? - сўрадим улардан.
- Ҳа, таътилда ҳар куни қатнаяпмиз, ҳадемай ўқиш бошланса, ҳафтада 2 марта шуғулланамиз.
- Спортнинг қайси турига қатнаяпсизлар, - дея савол беришда давом этдим.
- Мен сузишга, икки ўртоғим футболга қатнаяпмиз. Воҳид эса боксга боряпти, - деди миттигина болакай чаққонлик билан.
- Воҳид ким? - дедим мен.
- Ана, ҳарбий футболкадаги, - деди яна миттивой.
- Воҳиджон, иссиқда ҳарбий кийимда қийналмаяпсизми, - сўрадим ундан.
Воҳид жавоб беришга улгурмай, митти бола "э хола, у қишда ҳам, ёзда ҳам ҳарбий кийимда юради", - деди.
Болалар кулиб юборишди. Улардан биттаси "Қишда ҳам, ёзда ҳам бир хил кийимда", - деган эди, болажонлар жўр бўлиб "Воҳид" дея бақиришди.
Болалар беғубор ҳазил қилишди. Лекин Воҳиднинг юзу кўзларидаги ўзгаришни кўриб, вазиятни юмшатмоқчи бўлдим ва "Воҳиджон, ҳарбий кийимни ёқтирар экансизда, демак келажакда ҳарбий бўлсангиз керак-а", - дедим. Шунда болакайнинг кўзлари чақнаб "ҳа, мен ҳарбий бўламан" - деди.
- Баракалла Воҳиджон, сиздан зўр ҳарбий чиқади, дедим. Шу пайт автобус келди-ю, болажонлар қий-чув билан ўтириб жўнаб қолишди. Мен уларни самимий сўзлари, қилиқлари ва хатти-ҳаракатларидан завқ олиб, кулимсираб турардим.
- Устоз, ўқитувчимисиз, деган овоз мени ҳолатдан чиқарди. Ўгирилиб ортимга қарасам Воҳиджон турибди. "Ие, кетмадингизми" дедим унга. - "Менинг уйим бошқа томонда" деди у. Мен унга ўқитувчи эмас, журналист эканлигимни айтдим. Воҳиджон янада қувониб кетди.
- Устоз, унда менинг дадам ҳақида ёзинг, - деди у.
- Хўп, дадангиз нима иш қилади, - дедим мен.
- Дадамми, дадам зўр ҳарбий, у Ватанимизни, бизни қўриқлайди, - деди   фахр билан.
- Вой мунча яхши. Шунинг учун сиз ҳам ҳарбий бўларкансиз-да, яшаворинг, - дедим Воҳиджонни рағбатлантириш мақсадида.
-Ҳа, катта бўлсам, албатта, ҳарбий бўламан ва дадам билан учрашаман. Сўнг дадам иккимиз Ватанимизни, онамни, ҳаммани ҳимоя қиламиз, - деди у кўзлари ёниб.
- Тўхтанг, дадангиз сиз ҳарбий бўлгунча хизматдан қайтмайди, деб ўйлайсизми? - дедим хайрон бўлиб.
-Ҳа-да, дадам ҳарбийга кетганида мен чақалоқ эканман, даданг ҳарбийда адашиб қолиб, уйга келолмаяпти, лекин бизни ҳимоя қилиб юрибди, ойим шундай дейди.
Вужудим титраб кетди, Ватан осойишталиги, халқ тинчлиги йўлида жон берган фидойининг, жасур ва мард аскарнинг ота меҳрига зор, соғинчи бисёр ўғлони. Отанг тирик, у умрбод ҳарбий хизматда деб ишонтиролган сабри дур, бардоши тош онанинг умиди...
- Дадангизни кўрсангиз, танийсизми? - дедим ҳаяжонимни босишга уриниб.
- Албатта танийман, ҳарбий формада тушган расмлари бор, кейин мен қуйиб қўйгандек дадамнинг ўзи эканман. Маҳалламиздагилар мени "Кичик Зоҳиджон" деб чақиришади.
- Воҳиджон, яхши ўқинг, спортни ташламанг, мактабни тугатгач, албатта, ҳарбий хизматга бориб, дадангиз билан учрашасиз ва биргаликда хизмат қилиб, биргаликда уйга қайтасизлар, - дедим ўзимни аранг тутиб.
- Устоз, менга телефон рақамингизни беринг, уйга бориб дадамнинг суратларини жўнатаман. Сиз дадам ҳақида чиройли мақола ёзиб, газетада чиқарасиз. Мен уни асраб қўйиб, дадамга олиб бораман, - Воҳиджоннинг ҳовлиқиб, қувонч билан гапиришлари юрагимга тошдай ботди. Сир бой бермай, унга телефоним рақамини бердим. Воҳиджон мен билан хурсанд хайрлашиб, автобусга чиқиб кетди. 
Саккиз ёшли болажоннинг армони, умиди - дадасини топиш ва бирга ҳарбий хизмат қилиш. Буни идрок этганим сари уруш оловини ёқаётган, тинчликни қадрига етмаётган осий бандаларга нисбатан нафратим ошди, кўзларимдан ўкинч ёшлари думалади. Қулоғим остида эса Воҳиджоннинг "Дадам ҳақида ёзинг" деган сўзлари жарангларди.
Ўктамхон АКБАРОВА,
Ўзбекистон Журналистлар
 уюшмаси аъзоси.
Мавзуга оид: