КАТТА ТАНАФФУС Ҳикоя

Қўнғироқ чалиниши билан ўқувчилар бирин-кетин синфхоналарига кириб кетишди. Ҳозиргина шовқин-суронга кўмилиб турган мактаб ҳовлиси қўнғироқдан сўнг сув сепгандек, жимжит сукутга кетди. Фақат навбатчилик столи атрофида икки киши қолди. Улардан бири бош навбатчи, иккинчиси ўқитувчи. Уларнинг суҳбати учинчи дарс соати тугагунча роппо-роса қирқ беш минутга чўзилди.
- Марҳамат, стулга бемалол ўтиринг. Стулнинг ҳордиғи ўзгача, - деди бош навбатчи, мулойимлик билан муаллимага. 
Ҳаёт бамисоли эртакка ўхшайди. Киши баъзан ичидаги дард-ҳасратларини ўз яқинларига айтишдан тортинади. Шу паллада ичингда тутаб турганларингни бегона кишига сўзлаб берсанг, тутуни лов этиб кўтарилади.
Ойшагулнинг ичи ана шундай жараённи бошидан кечирарди. Шуниси яхшики, бегонага дард айтсанг ориятинг ҳам юзидан пардасини олиб кўнглинг енгиллашади, шабада киради.
Ойшагул стулга бафуржа ўтирди. Негадир унинг ёноқлари алвондек товланиб, ҳуснига янада чирой бағишларди.
- Машинамиз тезликни ошириб ҳалокатга учради. Мен орқада икки нафар ўғлим билан овораман. Ниманидир зарб билан урилгани қулоғимга чалинди, у ёғини сира эслолмайман. Кўзимни очсам бошимда онам, оқ либосли шифокорлар. Англадимки, автоҳалокатдан кейин бизни шаҳардаги "Тез ёрдам"га олиб келишган. Бошқасини эслашга сираям кучим етмади.
Агар ҳушёр бўлмасанг фалокат қош билан қовоқ ўртасида пайт пойлаб турар экан. Машина бошқарувчилар бу ҳикматга кўпам эътибор қилавермайдилар. Хаёллари тезроқ манзилга етсаларда, уч-тўрт мижозни олиб қайтсалар. Уларнинг ҳаёт фалсафалари шулар билан обод. Лекин... Мана шу лекиннинг тагида кўп гап бор...
Фалокат қаерда юз берди деб сўрашингиз бўладиган гап. ўаллаоролдан Жиззахга яқинлашганда. Бу автомагистралда изма-из ўтаётган машиналарни самолётдан кузатсангиз, кўзингизга чумолилар карвонини эслатади. Ким ўзарга қувлаб ўтишлар эсингизни олади.
Улар ўтирган машина салонида беш киши эди. Оила сафарга отланган, аммо сафар сафардек бўлмади ...
Ярим тун эди. Ёзнинг илк дамлари. Ой тўлишган. Нури жумлаи-жаҳонни мисолу кундуздек ёритарди. Осмонда чарақлаб турган сон-саноқсиз юлдузлар бир-бирларига мақтаниб жимирлашларини канда қилмасди. Одамлар ширин тун оғушида...
Бемаҳалда қўл телефон қайта-қайта уч марта беўхшов жиринглади. Ёдгор муаллим ҳамон қотиб ухларди. Телефон тинмай бонг ура бошлади. Санобар опа уйқу аралаш эринчоқлик билан телефон қабул тугмасини босди. Экранга қарамади...
- Ал-о-о! Ким бу, бемаҳалда?..- деди.
Телефондан титроқ овоз эшитилди.
- Ал-ло, алло-о-о! Бу мен ўғлингиз, Қосимжон.
- Нима гап? 
- Синглим ўғиллари билан шифохонада.
- Нима дединг?!...
- Йўлда автоҳалокат содир бўлибди. Аҳволлари оғир. Жиянларим...
- Нафасингни шамол олсин-а! Бунча ваҳимали бўлмагандир. Ўтакамни ёриб юбординг-е.
- Отамга ётиғи билан тушунтиринг... Ҳозирча шифокорлар тиним билмай ишларини уддалашаяпти.
Овоз узилди. Санобар опа қўл телефонни бир пас ушлаб қолиб хаёлга кетди. - Бу ёшларга керагидан ортиқ гапириб бўлмайди. Неча марта олис сафарнинг улови поезд. Туни билан роҳатланиб ухлайсан, эрталаб уйғониб манзилингга етиб оласан, - деб айтдим-а?! Қулоқ солишмади. Агар шундай бўлганингда бундай кўргуликларнинг кўзи юмиларди. Бирор кор-ҳол бўлганидан кейин афсусдан бошқасига ярамайсан. 
Ўрозқул хотинининг автоҳалокатидан бехабар эди. Ярим тундаги телефон хабари ичига ари аралагандек бўлди.
- Ҳозир уйдагиларга хабар бердим. Сиз ҳам шошилинг,..жавоб бўлмади,- деди телефондаги кимса. Бу Ўрозқулнинг қайноғаси Қосимжон эди.
- Нима дединг, тушунтириб гапирсанг-чи?!..
- Ойшагул автоҳалокатда... ҳозир Жиззахдаги марказий шифохонада. 
- Нега автоҳалокатга учрайди?..
- Негалигини мен қаёқдан билай,..
- Болалар-чи?!..
- Телефон сўзлашуви узилиб қолди. Ўрозқул қайта-қайта сўзлашуви узилган телефонга мурожаат қилди. Энди телефон тинчиб қолган эди.
Ўрозқул апил-тапил кийиниб бўлган эди, кўчасида бир машина тўхтаб чироқларини ёқиб сигнал қилди. Бу сигнал тезроқ бўлинг ишораси эди. 
Машина шитоб билан йўлга чиқди. Ҳамма жим. Ҳамма ўз хаёли билан овора. 
Бўтаёров ҳамманинг хаёлини чалғитиш мақсадида куёвига гап ташлади.
- Опам яхшими? Менимча бу воқеалардан хабари бўлмаса керак. Ҳа-а, ҳаммаси яхшилик билан бошланиб, яхшилик билан тугасин. Ўзи шўрликларни паноҳида сақласин. Фалокат эшик қоқиб турса ҳеч нарса қилолмайсан.
Шу орада Бўтаёровнинг хотини Санобар опа жонланиб қолди.
- Ҳаммаси осонгина ўтиб кетсин-да, - деди эшиттириб.
Улар гумонлардан нарига ўта олмас эдилар...
Шофёрнинг уддабуронига йўлиқсанг манзилингга осон етасан. 
Кун чошгоҳ эди. Қосимжон бўлмағур ўйлар қуршовида. Машина турар жойга келиб тўхтади. Машинанинг олд салонидан Бўтаёров тушди. Қосимжон отасини кўрибоқ улар томон юрди.
    (Давоми бор)
Турсунбой МАҲМАДАЛИЕВ.
Мавзуга оид: