СОҲИЛДАГИ САДОҚАТ (қисса) (Давоми. Бошланиши ўтган сонларда)

Улар мактабдаликларида ёнма-ён ўтириб келишган. Ўқувчиликдан икки кўнгил ўртасида занжирдек бир меҳр боғланган эди. Бу меҳрни сиз болалик-ўқувчилик меҳри деб ўйлашингиз мумкин. Аслида у келажак ҳаётга атаб қўйилгандастлабки мустаҳкам турмуш пойдевори 
эди. Қуламас бу пойдеворнинг устунлари чидамли ва бардошли эди. Бу пойдевор ҳаётнинг ҳар қандай зарбаларига бардош берарди.
Иккисининг қалбида ана шу мустаҳкам ҳаёт пойдевори аллақачон қурилиб бўлинган эди. Машойихларнинг такбирича, инсон боласининг 
она қорнидагидан тақдирида амоли ёзилар экан. Дунё бамисоли бир туйнуксиз қаср. Бу қасрда ҳар ким насибасидан бошқасига
эришолмайди. Насиба эса ҳар кимнинг меҳнатига, яхшиликларига ва ёмонликларига қараб тақсимланади. Дунё ҳисоб-китобсиз эмас... 
Турғун Холлиев Зокиржон узатган чойли пиёлани олиб дастурхон четига қўйди. Холбиби келгунига қадар уни гапга солиб, ишларидан у-бу нарсаларни сўрай бошлади.
- Бедачиликдан бошқаям юмишларинг борми?
- Ҳа, бор! Оила рўзғори учун ҳамма емакликлар ўзимиздан чиқади. Бозорга боришга ҳожат йўқ. Ўзимиздан ортиғини бозорга чиқарамиз. Турмушнинг фаравонлиги ҳар бир оиланинг, ҳар бир қимирлаган одамнинг ўзига боғлиқ.
Турғун Холлиев англадики, Холбибининг эри Зокиржон ҳам деҳқончилик сир-синоатларидан хабардор экан.
- Иккимизнинг ҳам ота-боболаримиз деҳқон ўтган. Бу касб иккимизгаям аждодларимиздан мерос. Деҳқон билан чорводор бир-бирига елкадош бўлган. Одамларнинг кундалик эҳтиёжи бевосита шу икки касб эгаларини зиммасида ҳамиша бўлиб келган, - деди  маъюс жилма-йиб, Зокиржон.
- Сўзларингизга қараганда деҳқончилик илмидан хабардор кўринасиз?...
- Холбиби билан иккимиз синфдош, бунинг устига бир олийгоҳни, бир факультетни битирганмиз... Мен Холбиби олдида бир умр қарздордек ҳис қиламан, ўзимни,- деди.
- Бунга бирор бир сабаб бўлса керак-да.
- Ҳа-а, ҳудди сиз айтганчалик... Буни мен сизга айтмасам ҳақнинг уволига қоламан. Холбиби мактаб партасидан бошлаб олийгоҳни битиргунга ҳозирга қадар мен учун балогардон. Назаримда ақли билан ҳусни бир қозонда қайнаган, уни. Мен унинг иродаси олдида таъзимдаман. Агар унинг ўрнида бошқа қиз бола бўлганида эди, у аллақачон мен билан хайрлашиб кетган бўларди. Аммо менга бир умрга садоқатини бағишлади. Бундан ортиқ одамгарчиликни тасаввур ҳам қилолмайман. Тангри бандасига турли синовларни қалаштириб қўяр экан. Барча синовларга сабрли бўлиш саодатмандликнинг қулфи калити экан.
Инсон зоти ўз хатоси, ўз камчиликлари, кечинмалари олдида ожиз бўлиб қолмаслиги керак. Болалигимга борганманми, бир куни ўрта мактабни битириш арафасида жисмоний тарбия дарсига берилиб кетиб биз ўғил болалар, навбатдаги учинчи дарс, география дарсига ўн дақиқа кечикиб дарсга келганмиз. Мен синф сардори эдим. Биринчи бўлиб эшикни очиб мен синфга кирдим. Изимдан бошқа ўғил болалар киришди. Ўқитувчи бизни қиз болалар кўзи олдида доскада сафлади. Сўнг жаҳл билан бошлаб менинг бошимга бош кўрсатгич бармоғини мушт қилиб қўндирди. Бошим айланиб, кўз олдим қоронғулашди. Ўзимдан кетиб, полга йиқилиб тушдим. У ёғи нима бўлганини эслай олмайман. Ана шу воқеалардан кейин менда тутқаноқ касаллиги пайдо бўлди. Ота-онам жонини худога бағишлагандек шифо топишим учун курашдилар. Мени бу дарддан қутқазиб қолишга бор бисодларини аямадилар...
Тиббиёт соҳа мутахассисларини айтишларича тутқаноқ касалининг юздан ортиқ тури бўлиб, олимлар ҳали бу дардни соғайиб кетишига кафолат бермаганларини маълум қилишди. Мен яхши кўрган ўқитувчининг менга инъом этган совғаси ана шу эди. Бу совғанинг жабрини ота-онам, оиламиз, қолаверса Холбиби бирга тортадиган бўлдик.
Турғун Холлиев унинг суҳбатини берилиб тинглар экан, афсусланиб бош чайқаб ўтирарди.
- Сизни мобода зериктириб қўймадим-ми, меҳмон ака? - деди Зокиржон айбдор кишидек бош эгиб.
- Ўқитувчингиз масъулиятини унутган экан...
- Мен изтироб билан яшайман. Бу истиробимни Холбиби асло билмаслиги керак. Ҳозир унинг ҳомиласи бор. Менинг касалим фарзандимиз саломатлигига зарар еткизмасмикин,- деб ўйланиб юраман.
- Ота-онангиз аждодларида бундай  касаллик бўлмаган-ми?...
- Улардан сўраганман. Улар "йўқ" дейишди.
- Унда ортиқча хаёлга боришга ҳожат йўқ. Сиздаги орттирилган касаллик. Вақти келиб ҳали кўрмагандек бўлиб кетасиз.
- Қани эди сиз айтганчалик бўла қолса.
- Сабр ғўрни етилтириб пиширади,- деган мақолни эшитмаганмисиз.
- Шундайкуя! Лекин...
Уларнинг суҳбати гўёки кўп йиллик қадрдонлардек  кечарди. Шу топ Зокиржон кўпдан бери кўнглига тинчлик бермаганларни кимгадир айтиб бергиси келди.
- Олийгоҳни битириш кечаси эди. Барчамизнинг қўлимизда "Диплом". Кафеда базм уюштирилди. Ҳар бир талаба хурсандчилигидан ўзига сиғмайди. Шўх йигитлар озгина-озгинадан кўнгилхушлик қилишди. Кеча анча маҳалгача чўзиладиган бўлди. Қувноқ ашула ва рақcлар авжида эди. Тунги кўча чироқлар нур таратиб, атрофи ойдиндек манзара бағишларди. Кафеда уч-тўрт бегона йигитлар пайдо бўлди. Қизларга тегажаклик бошланди. Талаба йигитларнинг ори келди. Тўртовлонини кўчага олиб чиқишди. Хуллас улардан учи қочиб қолди, бири тепкилар, муштлашишлар зарбидан оғир тан жароҳати олди. Бу ҳолни кузатувчиси бўлган милиция ходими қаёққадир ғойиб бўлди. Рости гап уларни муросага келтиришда биргина милиция ходимини кучи етмас эди. Оператив гуруҳ етиб келиши билан ҳамма ҳар тарафга қочиб кетди. Ваҳималар гирдоби мени домига тортди. Касалим хуруж қилди. Ўкириб юборганимни эслолмайман. Бир маҳал кўзимни очиб атрофга қарасам, касалхона. Атрофимда шифокор ва ҳамширалар. Тиббий муолажалардан  кейин ўзимга келдим. Шифокор менга: 
- Бу  касаллик сизга олдиндан борми? - деди.
- Ҳа,..- дедим чуқур-чуқур нафас олиб.
- Янаям чуқур-чуқур нафас олинг. Ўтиб кетади. Бир ўзингиз кўчада юрманг. Жанжалли жойга яқинлашманг. Бу каби жойлар сизга тўғри келмайди, - деди меҳрибонлик билан, шифокор.
- Мен ўзим билганча, бўлиб ўтган воқеаларни шифокорга сўзлаб бердим. Ундан ёнимда ҳамиша Холбиби борлигини, у менинг бирдан бир суянчим ва таянчим эканлигини гапириб бердим. 
Шифокор афсусдан бош чайқаб:
- Қаерликсиз, ука? - деди.
- Сурхондарёликман,- дедим. Негадир қўл-оёғим бўшашгандек туюлди. Вазиятимни шифокорга баён қилдим. У жонлантиришдаги барча назорат аппаратларини ишга туширишни ёнидагиларга буюрди. Юрак, жигар, ўпка, буйрак соҳалари бўйича мутахассисларни зудлик билан хонага чақиртирди...
Тинчим келиб ухлаб қолибман. Кўзимни очиб деразадан ташқарига назар солдим. Тонг борган сари ёришиб борарди. Энди шифохона ҳовлисини кундуздек ёритиб турган чироқлар ҳам бирин-кетин милтираб ўча бошлади. Шу пайт хона эшиги очилиб шифокор кириб келди.
- Зокиржон, энди бутунлай ўзингизга келдингизми? Бу ёғига хавотир қолмади. Фақат эҳтиёткор бўлинг, ҳамиша. Ҳа  айтмоқчи, сизни излаб талабалар кутиш залида  туришибди. Киришмоқчи эдилар уйғонишингизни кутиб рухсат қилмадик,- деди ўзини вилоятдошлигини билдириб.
Шифокор ортимдан кузатиб мени кутиш залига олиб чиқди.
- Курсдошларинг соғ-омон! Мана, марҳамат қарши олинглар,- деди, у.
Талабалар бири қўйиб, бир мени бағрига олишди.
- Ярамас безорилар, ошимизга хира пашшадек ёпишишди. Таъзирлариям шунга яраша бўлди. Ярамаслардан бири сенга ташланган эди, Холбибининг чангалида жабрини тортадиган бўлди,- деб қолди дўстим Равшан.
(Давоми бор)
Мавзуга оид: