Ҳаёт манзаралари Ч А Қ М О Қ

Ёмғирда қолиб кетдим. Ишхонадан чиқаётганимда майдалаб ёғаётгани  учун атай йўлимни узоқ қилиб, бироз айланиб юргандим. Уйимга кетадиган жойда маршрутка-таксилар олдига етганимда шовиллаб ёғиб берди. Ҳаддан ортиқ ёмғирсеварлигим, соябон тутмаслигим, оқибат - ҳар ёмғир ёққанда шамоллаб қолишим мумкинлигидан хавотир олавериш онамни «безор қилган»и эсимга тушиб, таксига ошиқдим.

Қизиқ, ёмғирни ёқтирмайдиган одамлар ҳам бўлармикин дунёда? Ёмғирни севиш учун ўзимча бир дунё сабабларим бор эди, «намунча?» дейдиганларга «диний ва дунёвий» тарафлардан «исбот» қилиб берардим. Ўйласам буларнинг бари маҳмадоналикдан бошқа нарса эмас экан. Ёмғир, қор, бошқа бирор ниманидир ёки кимнидир яхши кўриш учун сабаб излашнинг ҳечам ҳожати йўқ экан, кўпинча ҳеч қандай сабабсиз ҳам яхши кўриш, ёки аксинча ёмон кўриш мумкин. Ахир инсоннинг фитратида эмасми буларнинг асл сабаби?

Машина ойнасидан қўлимни ташқарига чиқардим.

- Ёпиб қўясизми? Совуқ.

Ёнимдаги аёлга қарадим. «Ҳа» дедим жилмайиб, ойнани ёпиб қўярканман, яна шу фикр келди хаёлимга, қизиқ, ёмғирни ёқтирмайдиган одамлар ҳам бўлармикин-а? Момақалдироқ қаттиқ гумбурлади, чўчиб тушдим. Болалигимда бирор нарсадан қўрқсам, миямнинг ўйлайдиган жойини «ўчириб» қўйгим келарди, шунда ҳеч нарсадан қўрқмайман деб ўйлардим. Бу одат эсимни таниганимда ҳам йўқолмади, фақат бироз ўзгарганини айтмаса. Энди баъзида сиқилиб кетсам, ечиб бўлмайдигандек туюлган муаммоларга дуч келсам миямни «ўчириб» қўйгим келади. Биламанки, тақдири азал менинг измимга бермаган нарсаларни ўйлаб ҳал қилолмайман, аммо барибир ўйлашдан тўхташ ҳам қўлимдан келмайди. Шундай вақтларда мияни вақтинча ўчириб турадиган пульт жуда қўл келган бўларди-да. Мана, нега сочларига оқ тушади одамларни…

Инсоннинг буюк кучи, ақл-заковати тўғрисида ўйлайман. Нақадар юксак тийнат эгаси у, агар истаса нималарни кашф қилмайди, нималарни кашф қилмаган дейсиз...

- Опа, соябонингиз йўқми? – Ҳар куни қатнаганим учун яхши танийдиган ёшгина ҳайдовчи боланинг овози хаёллар гирдобидан чиқишга мажбур қилди. Тушадиган бекатимга яқин қолибди, аммо уйгача яна бироз пиёда юришга тўғри келарди. Ёмғир энди жалага айланган, гўё челаклаб қуярди. Қарсиллатиб момақалдироқ чақди. Бироз жим турдим, болаликдан чақмоқдан қўрқаман. Авваллари чақмоқ чаққанда уйга югуриб қолардим, улғайган сари инсон камчиликларини бекитишга уринавераркан шекилли, ҳозир жим туриб қоламан, аммо ўша қўрқув ҳамон ўзгармаган.

- Йўқ, - дедим бироз хижолат тортиб, - қўяверинг, менга ёмғирда юриш ёқади.

- Йўғе, бу ёмғирнинг ёғишини қаранг. Бир қадам юрмасдан ивиб кетасиз, ташлаб қўяман уйингизгача.

Индамадим. Рад этиш аҳмоқлик, кун ҳам эндигина шом бўлган бўлса-да, қишнинг бир тутам кунлари ҳали узоқлашмаганини сездириб атрофни қоронғулик бағрига олаётгандек кўринади. Доим тушадиган бекатимга етар-етмас жойда қабристон бор. Йўл устидаги, доим қаровда бўлган, айтиш жоиз бўлса ободгина қабристон. Машина қабристон ёнидан ўтаркан, одатдагидай кафтларимни дуога очдим. Ногаҳон қабристон дарвозаси ёнида турган кичкина болакайга кўзим тушди. Шунақа ёмғирда, яна кечки пайт, нима қилаётганикин бу ерда? Атрофда яшовчи бирон кимнинг боласи бўлса керак, лекин эгнидаги кийимлари юпқагина эди. Билмадим, нима ўтди хаёлимдан, «Тўхтатинг!» дедим жонҳолатда. Ҳайдовчи бола шошиб тормоз берди:

- Тинчликми? Танийсизми? – У ҳам шу болакайга қараб келаётган экан шекилли.

- Ҳа, - дедим негадир, балки чиндан кимгадир ўхшатгандирман.

- Кутиб тураман, олиб кела қолинг. Уйдагилари кўрмай қолган шекилли чиқиб кетганини.

Югуриб йўлнинг нариги тарафига ўтгунимча уст-бошим шалаббо бўлди. Боланинг оёғидаги ковушчаларига кўзим тушди, пайпоқчаси ивиб кетибди.

- Нима қиляпсан бу ерда, ойинг қаерда?! – Балки онаси бирон кимнинг қабрига келган бўлса ичкаридамикин деган фикр келди тасодифан, лекин қайси ақли жойида одам бунақа жалада, яна шом маҳали қабристонга келади?

- Укам бор, - кўзларини пирпиратди у, шунда унинг кўзлари жуда чиройли, киприклари ҳаддан ортиқ узун-узун эканига эътибор бердим. Ўзи болаларнинг хунугини кўрмаганман-у, лекин у негадир атайдан бирор рассом фариштани тасвирлаш учун чизгандек ниҳоятда чиройли эди. Унинг муздек қўлчаларидан ушладим:

- Қани уканг? Чақиргинчи, уйларинг қаерда ўзи? Нима қиляпсизлар бу ерда, ойингни исми нима?, - Унинг қўлидаги кичкина пальточага кўзим тушди, - нега пальтойингни киймадинг, кел кийдириб қўяман?

- Кетмайман, - овози журъатсизгина чиқса-да, қатъият билан юришдан тўхтади бола, - укам ичкарида, чақмоқдан қўрқади. Киймайман, укамга бу.

Машина ҳали ҳам йўл устида кутиб турганини эсладим, ҳайдовчига қўл силкиб, кетаверинг деб ишора қилдим. Тўсатдан унга йўл ҳақи бермаганим ёдимга тушди, машинага қараб юрдим. Қайтиб келганимда болакай ҳамон жойидан қимирламай турар, узун-узун киприклари бир-бирига ёпишиб қолганидан йиғлаётгандек кўринарди. Ёки чиндан ҳам йиғлаётганмикин? Кўнглим алланечук бўлиб кетди.

- Юр, укангни топамиз энди, - дедим қўлидан тутиб, - кейин уйларингга борамиз, даданг билан    ойинг қидиришаётгандир хавотир олиб, - маҳалла кичик, бу ерда ҳамма бир-бирини танийди барибир, ёш бола узоқдан келмагани аниқ, атрофдаги дуч келган хонадондан сўрасам болани танишса керак деб ишончим комил эди.

- Укам ўлиб қолган, - боланинг гапидан музлаб қолдим гўё.

- Нима?!

- Ўлиб қолган. Шу ерга опкелишди. Шу ерда ётибди, касал эди-да. Чақмоқдан қўрқади, бақириб йиғлайди чақмоқ чақса. Мен уни ташлаб қочиб кетгандим чақмоқ чаққанда, акажон деб йиғласаям қарамадим. Менам қарсилласа қўрқаманда. Кейин касал бўлганда бошқа ўйнагани чиқмади. Кийимлари уйда турибди, совқотиб касал бўпқолади. Ойим доим совқотса касал бўлади дейди. Кийимига лой тегсаям йиғлайди у. Яна чақириб йиғлаётган бўлса керак, бир ўзи қўрқади-ку, ёмғирда совқотади, усти лой бўлади, - бола энди бақириб йиғлай бошлади.

Унга қўшилиб мен ҳам…

                    ***

Қизиқ, ёмғирни ёқтирмайдиган одамлар нималарни ёқтиришаркин-а… Қачон осмонга булут чиқса, хаёлимга доим момақалдироқда дадасини қучоқлаб оладиган, кийимига лой тегса йиғлайдиган, бугун эса тупроқда бевақт қўним топиб, назаримда чиндан ҳам совқотиб ётган кичкина Абдурашид, қабрис-тон дарвозаси ёнида жажжи қўллари билан укасига келтирган пальточани маҳкам ушлаб турган, ёмғирда узун-узун киприклари туташиб кетган унинг акаси келаверади. Ҳар куни қабристон ёнидан ўтаётиб, у ерда ҳеч ким турмаганини билсам-да, беихтиёр дарвоза тарафга бошимни бураман. Кафтларимни дуога очарканман,  инсоннинг буюк чорасизлиги, нақадар заиф эканини ўйлайман…

Машҳура ВОРИСОВА.

Мавзуга оид: