Орамиздаги одамлар Онахоннинг ибратли ҳаёт йўли

Ҳаёт - бу йўл. Баъзан у тиконли, баъзан гулга бурканган бўлади. Лекин бу йўлда ҳар бир қадам қадрли. Ўзингизга ишониб, меҳр ва оқибат билан яшасангиз,   элу халққа чин дилдан хизмат қилсангиз ҳаётингиз маъноли ва қувончли бўлади. 

Дарҳақиқат, ҳаётда шундай одамлар бўладики, ўз ҳаётидан, ўз умридан, ўз ишидан доимо қувониб яшайди. У қайси вазифада ишламасин, ўша ишига чин дилдан ёндошади, элу юртга хизмат қилишни ўзининг муқаддас бурчи деб билади. Биз бугун оддий деҳқон оиласининг меҳнаткаш қизи бўлган Мавжуда опанинг оддий педагогликдан то маҳалла раиси вазифасигача бўлган мазмунли ҳаёт тарзини сўзлаб беришни ният қилдик.

Мавжуда Жўрабоева ҳақиқатдан ҳам туманимиздаги ана шундай меҳри дарё, қалби тоза, фидойи инсонлардан бири. У 1954 йилда тумандаги собиқ Даҳбед совхозида оддий деҳқон оиласида дунёга келади: 

- Отам Жўрабой Одинаев совхозда бригада бошлиғи, табелчи бўлиб ишлаган бўлса, онам Муаззам Одинаева илғор сувчи бўлган, - дейди фахрланиб Мавжуда опа. - Ота-онам оиламиздаги 5 нафар фарзандни ўзларининг машаққатли ва  ҳалол меҳнатлари билан вояга етказишган. Улар эрта тонгдан то шомга қадар дала юмушлари билан банд бўлишар эди. Мен эса оиланинг катта фарзанди бўлганлигим учун кўпинча рўзғор ташвишлари менинг зиммамга тушар эди.

 Ҳа, инсон меҳнат билан тобланади. Мавжуда ёшлигидан ўз оиласида меҳнатга муҳаббат, ўз касбига садоқат руҳида тарбияланди. Шу боисдан бўлса керак, у мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ ўз тенгдошларидан алоҳида ажралиб турар эди. У 1961-1965 йилларда 34-мактабда бошланғич синфда таълим-тарбия олади. 1965 йилдан эса тумандаги 32-мактабнинг юқори синфи-   да ўқийди. Билимга чанқоқлиги боис у 8-синфни аъло баҳоларга битириб, Самар-қанд шаҳридаги К.Д.Ушенский номли хотин-қизлар педагогика билим юртига ўқишга киради.   1973 йилда билим юртини бош-ланғич синфлар ўқитувчиси факультети  бўйича тамомлайди. 

У  ўзининг педагоглик фаолиятини тумандаги 33-мактабда бошланғич синф ўқитувчиси сифатида бошлайди. Қатор йиллар давомида  мазкур мактабда ўзининг педагоглик фаолиятини давом эттирган Мавжуда Жўрабоева келажагимиз ворислари бўлган ёш авлодга таълим-тарбия беришдек машаққатли, лекин шарафли бўлган касбини чин дилдан адо этишга астойдил ҳаракат қилди. Ўнлаб, юзлаб шогирдлар етиштириб, 2003 йилга қадар шу мактабда ўз фаолиятини давом эттирди.

2003 йил май ойидан бошлаб Мавжуда Жўрабоева   Янгиравот-2 (ҳозирги Гўзалкент) МФЙ га педагог тарбиячи бўлиб ишга қабул қилинади. 2005 йил май ойида Хотин-қизлар маслаҳатчиси лавозими жорий этилиб, шу лавозимда ўз ишини давом эттиради. Маҳаллада фаолият юритиб, халқ эътиборига ва ҳурматига сазовор бўла бошлаган Мавжуда опа 2008 йил май ойидан маҳалла раиси этиб сайланади. 2013-йил ноябрь ойига қадар шу лавозимда сид-қидилдан  фаолият кўрсатади. Халқига хизмат қилишни ўзининг муқаддас бурчи деб билган бу фидойи инсон   2018 йилдан бошлаб яна маҳаллага қайтиб, маслаҳатчи бўлиб ишлайди. 2019 йил май ойида эса маҳалла раислигига  бўлиб ўтган сайловда у яна  маҳалла раиси этиб қайта сайланади. Опахон 2022 йил май ойига қадар маҳалла раиси сифатида фаолият юритади. Фаолияти давомидаги ўша машъум пандемия даврида халқимизнинг бошига тушган мусибатли  кунларни енгиб ўтиш учун не-не  машаққатли жараёнларни бошидан ўтказади.

Аввал таълим даргоҳида педагог бўлиб фаолият юритган, сўнгра маҳаллада Хотин-қизлар маслаҳатчиси, ундан сўнг эса маҳалла раисидек масъулиятли вазифаларда ишлаб, халқимизга астойдил хизмат қилган бу онахоннинг ҳаёт йўли ана шундай серқирра ва мазмунлидир. Бундай мазмунли ва саодатга бой умр соҳибларини эса ҳар қанча мақтасак, улар билан ҳар қанча фахрлансак камлик қилади. Бугунги кунда Мавжуда опанинг кўксини безаб турган "Мустақилликнинг 30 йиллиги" ҳамда "Меҳр-саховат" медаллари ҳам  у кишининг меҳнатлари самарасидир.

Йиллар давомида ўз ҳаётини халқимизга хизмат қилишдек эзгу мақсадга бахшида этган онахон бугунги кунда 72 ёшни қарши олмоқда. Табаррук ёшли онахон   ҳамон   халққа хизмат қилишни ўзининг вазифаси деб билади. У киши турмуш ўртоғи Нарзилло Мусаев билан биргаликда уч нафар фарзандини жамиятимизнинг равнақи йўлида хизмат қиладиган ўғил-қизлар сифатида вояга етказишди. Нарзилло Мусаев ҳам кўп йиллар давомида халқ таълими соҳасида масъул вазифаларда ишлаб, таълим соҳасини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшган. Айни пайтда уларнинг фарзандлари ва набиралари ҳам ота-онасининг изидан боришиб, уларнинг бири ҳарбий хизматчи, бири тадбиркор ва бири эса ўқитувчи бўлиб, элу юртга хизмат қилишмоқда. 

Ҳаёт - бу бизга берилган энг катта совға. У ҳар куни ўзининг янги имкониятлари, синовлари ва қувончлари билан келади. Ўзига берилган ана шундай олий неъматни фақат эзгу мақсадларга бахшида этган пиру бадавлат онахонимиз Мавжуда опанинг мазмунли ҳаёти эса юксак эътибор ва эътирофга лойиқдир.

  Гулсара ТИНИБЕКОВА,

   журналист.