Шоҳ ва гадо

МУАЛЛИФДАН:
Суюкли рўзномамиз "Оқдарё овози" газетаси 2017 йилда  "Шоҳ ва гадо"ни муштарийлар ҳукмига ҳавола этди. Қисса чоп этилиб тугамасиданоқ муштарийлардан қўнғироқ селдек ёғила бошлади. Вилоятимизнинг турли  туманларидан келаётган қўнғироқ эгалари қиссадаги  тарихий воқеалар республикамизнинг қайси ҳудудида  ривож топган ва қиссани иккинчи  қисмини қачон ўқиймиз, деган саволга жавоб қидира бошлади. Шошиб қолдим. Уларнинг бири "Метан газ" шахобчасида (Жом) ишласа яна бири Каттақўрғон деҳқон бозорида полиз маҳсулотлари сотишини айтади. Қисқаси, "Оқдарё овози" рўзномаси меҳмондорчилик, енгил автомобиллар ва бошқа йўллар билан бошқа туманларга етиб борган.
Мен қиссанинг II қисмига астойдил киришдим ва тарихий воқеаларга таянган ҳолда якунига етказдим.
Мени таниган ва нотаниш бўлган муштарийларга самимий саломлар йўллаб қоламан.
Шоҳдан меҳр тила, золимдан шафқат,
Аёлдан вафони, дўстдан садоқат.
Зеро эришолсанг ушбу ютуққа -
Яшайвер ҳеч қачон этмасдан ғурбат.
1.
Орадан икки-уч ҳафта ўтишига қарамасдан, шоҳ Қутбиддин ва унинг суюкли рафиқаси Зебохон шарафига қўшни ўлкалардан тинимсиз қутловномалар ва совға-саломлар оқиб келарди. Уларни кутиб олиш, иззат-ҳурматини бажо келтириш, кунлик муаммога айланиб кетди.
Ажратилган махсус жой ва хизматкорлар, бири келиб бири кетаётган турли миллат вакилларига хизмат қилишдан чарчашмади. Аксинча ўзбекона тўй ва хизмат қанақа бўлишидан сабоқ ҳам бериб қўйишди.
Келтирилган совға-саломлар ичида энг ташвишлиси ҳайвонлар бўлди. Махсус бўлинма қўшни қирғиз, афғон, туркман ва қозоқ қардошлар томонидан юборилган от, туя, қўй ва эчкилар сурувини бошқаролмай қолди.
Хуллас тўй шарофати билан кичик бўлсада Қутбиддин хазинасига сезиларли даражада яхшигина маблағ келиб тушди. Шоҳ Қутбиддинга мутлақо нотаниш бўлган инсонлар томонидан юборилган совға-саломлар, отаси Рамзиддиннинг қанчалик даражада ҳурмат ва эҳтиромга сазовор эканлигидан далолат бериб турарди ва бу ҳақиқат эди.
2.
Чилла муддатининг ўн биринчи кунидан бошлаб Зебо тонг саҳардан  ўзининг севимли    машғулотини давом эттирарди.
Мана бугун ҳам тўғри отхона томон йўл олди. Отхона тўрида боғланган от хириллаб, олдинги икки оёғи билан депсинар, ўзига ярашиб турган қулоқларини диккайтириб хўжайинига қараб турарди.
Зебо отнинг ияги тагидаги нўхтадан ушлаб, бўйнига уч-тўрт карра шапатлади, силади. Ортида турган ёрдамчисига қараб нималарнидир тушунтирди ва кийиниш хонасига кириб кетди. Ёрдамчи эса отни ечиб, ташқаридаги махсус қозиққа узун қилиб боғлади. Зум ўтмай ичкаридан эркак жангарилар қиёфасидаги Зебо чиқиб келди. Унинг қўлида қамчи ва белида тан-ғиб боғланган энли жигарранг камар кўриниб турарди.
Бир соат давом этган машғулот давомида от қиздирилди ва асосий мақсадга ўтилди. Камарга қадалган ўттизга яқин махсус пичоқлар бирин-кетин йигирма метрлар наридаги нишонга ярақлаб санчила бошлади. От эса борган сари тезликни оширар ва хўжайинга ҳузур бағишларди.
Отхона деворига суяниб турган ёрдамчи эса Зебонинг абжирлиги ва нишонни бехато олишини кўриб ҳайратланар ва баъзан ўрнидан туриб кетарди. Қойил, дерди у ўзича, бунақанги жангаридан қочиб қутулишнинг сираям иложи йўқ. У минган отнинг ақл-фаросатига эса тасанно.
3.
Ёнма-ён ўтириб нонушта қилаётган келин-куёв дастурхонидан хушбўй ҳид таратиб икки коса сут, қаймоқ ва мева-чевалар турарди.
Қутбиддин ҳамишагидек нонуштани тезда тугатди. Чойнакдаги узум шарбатидан ўзига ва Зебога қуяётиб:
-    Эркакларга хос жангари ҳаракатлар қачонгача давом этади? - деди кулимсираб, - эшитайлик, Зебо?
-    Мақсадим, -деди Зебо қатъий     оҳангда, - ёлғиз отамни ҳимоя қилиш эди. Энди эса ўртага сиз ҳам суқулиб олдингиз.
-    Шундай денг, - деди Қутбиддин унинг билагидан ушлаб. - Еру кўкка ишонмайдиган одамимни жанг майдонига чорлайманми ҳали. Сизни-я?
-    Мен жанговар тўқнашувларда иштирок этаман, демадим ҳали, - деди у эрининг унга нисбатан айтилган ҳурмат ва эҳтиромидан хижолат бўлгандай. - Мақсадим, фавқулодда ва кутилмаган ҳолатларга тайёр туриш, холос. Дўст бор, душман бор, дейишади. Кўч-кўронини кўтариб ким қанақа ковакларга кириб кетган аламзада ғанимларингиз бир кунмас бир кун бош кўтарса, нима бўлади?
-    Зебонинг бу гаплари аллақачон Қутбиддиннинг ёш юрагини сийпалаб ўтган ва у бу ҳақда устоз билан қайта-қайта маслаҳатлашиб турарди.
-    Зебохон, - деди у меҳр тўла кўзларини унга қадаб. - Шуни билингки, сиз мен ва бизнинг келажагимиз учун менданда муҳимроқсиз. Сизни бир умр соғлом ва бардам-бақувват она бўлишингизни ўзиёқ менга куч-қудрат ва шижоат бағишлайди.
Фикрингизга тўлиқ қўшиламан, бироқ мени бу машғулотлардан қайтаролмайсиз. Сиз хоҳлайдиган соғлом ва бардам бўлишлигим айнан ўша машқларга боғлиқ эканлигини унутманг. Қутбиддин Зебонинг иккинчи қўлини ҳам маҳкам ушлаб олди ва кўзи-кўзига тушмагунча ушлаб тураверди. Ниҳоят Зебо савол назари билан унга тикилди. Унинг чарақлаб турган кўзлари, иссиқ нафаси ва сочларидан таралаётган хушбўй ҳид Қутбиддиннинг димоғига урилар ва юраги алланечук ҳаракатланарди. Буни сезган Зебо лоладек қизариб кетган ёноқларини яширмоқчи бўлар, аммо қўлларини тортиб ололмасди.
-    Бўлди, қўйиб юборинг қўлимни, - деди у илтижо аралаш. - Уяламан, қўйинг! Эшик оғаси кириб қолса нима бўлади ахир?
-    Худди Зебонинг шу гапларини эшитиб тургандек, эшик ортида эшик оғасининг овози эшитилди:
-    Шоҳим, сизни маҳкамада кутишаётганмиш.
-    Ким кутаётганмиш? Аниқлик киритинг!
Бироз жимликдан сўнг эшик оғаси хуфия ишлар вазири кутаётганлигини маълум қилди.
Шу баҳона Зебо қўлларини кескин тортиб олди ва қўшиб қўйди:
-    Ажаб бўлсин. Биров чақирмаса бу киши бемалолхўжалардек ўтираверади, - дедида хонтахта устидаги идишларни йиғиштира бошлади.
4.
Маҳкама ичкарисида Қутбиддин ва хуфия ишлари вазири ўртасида ғалати суҳбат бўлди. Вазирнинг айтишича. элликта қўйни тўёна сифатида олиб келган одам мана уч ойдирки ортига қайтгиси йўқ.
-    Оилаликми ўзи сиз айтаётган одам ёки ақлан носоғми? Наҳотки ўз ватанига  қайтгиси келмаса - деди шоҳ ҳайратомуз.
-    Чўпонларнинг айтишича, негадир шу ҳақда гап очилиши билан, бир баҳона топиб суҳбатдан чиқиб кетар ёки "нима, сенларга оғирим тушаётибдими?" деб норози қиёфага кираркан, - деди вазир нигоҳларини шоҳга қадаб. - Нима қилайлик? Ҳайдам юборайликми ёки оддий бир чўпон сифатида юраверсинми? 
-    Бу ерда бир сир бор, - деди Қутбиддин иккала лабини бармоқлари билан чимдиб. - Наҳотки эллик ёшни қоралаётган одам оиласиз ва бошпанасиз бўлса? Балки атайлаб юборилган жосусдир. Шу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
-    Ташқи кўринишидан соддагина одамга ўхшаб кетади аммо суҳбатлашиб кўрганимча йўқ, - деди вазир қаддини ростлаб. - Нима қилай?
-    Чўчитиб юбормасдан, маҳкамада эмас бошқа бир жойда бу нарсага аниқлик киритинг. Ҳазил аралаш "Сизни уйлантириб қўймоқчимиз", денг қани нима деркин. Агарда рози бўлса, демак иш чатоқ. Унда ўзим гаплашаман, - деди Қутбиддин.
Суҳбат давомида шимолий тоғ тизмалари томон йўл олган ва бошпана қидириб топган қочқинлар ҳақида ҳам гаплашиб олинди. Ҳозирда уларнинг аксарият қисми Қўшбулоқ сойи атрофида қўним топганлиги ҳақида аниқ маълумот борлиги гапириб ўтилди.
-    Қўним топди ҳам дейлик, - деди Қутбиддин, - аммо озиқ-овқат, чорва моллари масаласи қандай ва ниманинг ҳисобига ҳал этилмоқда?
-    Бекорга кўч-кўронини кўтаришмагандир, - деди вазир кўрсаткич бармоғини ўйнатиб. - Кимнидир қоралаб, орқа қилиб кетишганов.
-    Мен масалан Қўшбулоқ сойи ва у ердаги шароит ҳақида маълумотга эга эмасман, деди шоҳ яшириб ўтирмасдан. - Биз ва Можирим ўртасидаги масофа қанчалигини ҳам билмайман.
Ёш жиҳатидан шоҳга нисбатан анча устун бўлган вазир Қўшбулоқ сойининг булоқлари, тоғ тепасидан тушиб келаётган шаршара ва боғу роғлар ҳақида куйиб-пишиб гапирди:
-    Иқлими доимий баҳор. Чўзилиб кетган сойнинг ҳар икки тарафида тегирмон, аҳоли яшайдиган уйлар, ёнғоқзорлар, тутзорлар мавжуд бўлиб, шарқираб оқаётган булоқ сувларида эса ширмойи балиқлар ғужғон ўйнайди. Тоғда эса алқарлар тўдаси пода-пода бўлиб юришади.
-    Билишимча, деб гапида давом этди вазир, - аҳоли асосан ов ва қароқчилик билан шуғулланади. Сабаби узундан узун сой ичкарисида томорқа қилишнинг сираям иложи йўқ. Тоғу тошлар орасида тупроқ ва текисликнинг ўзи йўқ. Демак аҳоли озиқ-овқат, дон-дун масаласини юқоридан қидириб топишга ва керак бўлса қароқчилик, босмачилик қилишга ўрганиб кетган. Овчилик ривожланган.
-    Худди ўз кўзингиз билан кўргандай тасвирладингиз. Қойил, - деди мамнун қиёфада Қутбиддин. - Шу тобда менинг ҳам ов қилгим, алқарлар тўдасига ҳужум қилгим келиб қолди.
Вазир кулди. Ёш Қутбиддиннинг тулки овидаги шижоати ва қийқириқларини ёдга олар экан, керак бўлса яқин ўртадаги тоғ тизмаларида ҳам алқар ови уюштириш мумкинлиги ҳақида гапириб ўтди.
Давоми бор.  
Саъдулла ҚЎШОҚОВ.
Мавзуга оид: