Шоҳ ва гадо Давоми. Бошланиши ўтган сонда.

Кўп ва хўп суҳбатнинг сўнгида Қутбиддин деди: 
- Кўза ҳар кунда эмас, бир кунда синади жаноб вазир.  Ов ўз йўлига, аммо қилинадиган  ишлар жуда  кўпга ўхшайди.  Билишимча сиз Қўшбулоқ ҳақида тўлиқ тасаввурга эгасиз, аммо бу кам. Менимча у ерда яшашнинг ўзи бўлмайди. Аҳолини тўқ ва бус ушлаб туриш учун эса катта куч керак. Демак уларда шундай куч бор ва ўта мукаммал тизимда ишлаб турибди, - деди у бош бармоғини кўрсатиб. - Қози ва унинг раҳнамолари авлодлари зўр жойга қўнишибди. Доимо ҳушёр ва сергак бўлишимиз керак.
***
Юқоридаги суҳбат тугаши билан, Қутбиддинни йўқлаб жазо бўлинмасининг бошлиғи киришга рухсат сўради. Соқчилар иккиланиб қолишди. Чунки хуфия ишлар вазири билан бўлиб ўтган суҳбат чошгоҳгача чўзилган эди:
- Кутиб туринг, - деди соқчилардан бири иккинчисига қуролини узатаётиб, - кириб рухсат олиб чиқаман.
Бироз ўтиб жазо бўлинмасининг бошлиғи ичкарига қўйиб юборилди.
- Қани марҳамат, - деди Қутбиддин ҳурмат юзасидан ўрнидан тураётиб. - Қандай шамоллар учирди бошлиғимизни? - Эшитайлик.
Бошлиқ бафуржа гаплашишнинг мавриди эмаслигини тушуниб турар ва шунинг учун бўлса керак, гапни чўзиб ўтирмади.
- Сиз билан янаги сафар гаплашармиз. Чарчаган кўринасиз, - деди у мулойим овозда.
- Мақсадга ўтинг, - деди шоҳ қатъий овозда, - бекорга келмагансиз ахир.
Бошлиқ бироз иккиланишдан сўнг гапга кирди.
- Хўп, майли, айта қолай, - деди у негадир ўйғайсизланиб, - айтмасам ҳам бўлмайди.
- Худди ёш болалардек иккиланаяпсиз, - деди Қутбиддин кулиб, - гапиринг.
- Биласизми, - деди бошлиқ каловланиб, - мен кабутарларни яхши кўраман. Кабутархонам бор. Унда ўттиздан зиёд чархпалак отувчи ўйноқи кабутарлар яшайди. Яқинда бир нарсани сезиб қолдим. Кечда кабутархонани эшикларини ёпмоқчи бўлсам, томи устида турган ёлғиз кабутарни кўриб қолдим. Қоронғу тушгач тутиб олдим ва фонус ёруғида роса томоша қилдим. У бегона эди. Энг қизиғи, унинг оёқчасига мана шу мактуб боғланган экан, - деди-да, мактубни Қутбиддинга узатди.
- Ўзингиз ҳам ўқиб чиқдингизми? - деди Қутбиддин қўлини узатаётиб.
Миттигина қоғозга бор-йўғи бир қатор мактуб ёзилган эди: "Нега жим бўлиб кетдинг?"
Қутбиддин ҳеч нарсага тушунмади:
- Мактуб кимга ёзилганлигини аниқладингизми? - деди у.
- Худди шундай мазмундаги ҳам учинчи бор келиши, - деди бошлиқ ўнг қўлининг учта бармоғини кўрсатиб.
- Аввалгиларини нима қилдингиз? - сўради Қутбиддин.
- Ўзимда, - деди бошлиқ ҳайрон бўлиб, - эгаси бўлмаса нима қилишим керак?
- Кабутар бекорга бу ерга келмаган, жаноб, - деди Қутбиддин кўзларини каттароқ очиб, - у мактуб эгасини тополмай гаранг.
Шу топда Қутбиддиннинг кўз олдида ортига қайтгиси келмаётган чўпон сиймоси кўрингандай бўлди:
- Биринчи қиладиган ишингиз, - деди шоҳ овозини пасайтириб, - шу бугун кечгача қўлингиздаги кабутар қидираётган манзилни қидириб топасиз. Мана, сизга, эмин-эркин ва ҳеч қандай қаршиликсиз дарвозаларни ланг очдириб бергучи муҳрланган ҳужжат, - деди Қутбиддин ва қўлига патқаламни олиб қоғозга ёза бошлади:
- "Ушбу ҳужжат Рамзиддин ўғли шоҳ Қутбиддин томонидан битилди ва тинтув ўтказиш учун жазо бўлинмасининг бошлиғи Ҳамробек Исахон ўғлига топширилди. Тинтув ўтказиш муддати шу ҳафтанинг муборак жумъа кунига бориб тугайди". Муҳр ва имзо.
- Олинг, - деди Қутбиддин қоғозни узатиб, - қанчалик тезлаштирсангиз, шунчалик ютуқ сиз тарафда бўлишини унутманг.
Бошлиқ чиқиб кетди. Ўша ортга қайтгиси келмаётган одам ҳақида ўйлар экан, негадир юраги нохуш бир нарсани сезгандек  нотекис урар ва нега у ортига қайтгиси келмаётганини бот-бот ўйлар эди. Нега атрофдагилар бу ҳақда илгарироқ ўйлаб кўришмади.
Хуллас, хуфия ишлар вазирининг жавобини кутиш ва эшитишдан ўзга чора қолмаган эди.
 ***
Зебо келин бўлиб келиши билан шоҳ оромгоҳи ва у ердаги тартиб-интизом кескин ўзгарди. Унинг рухсатисиз шоҳ Қутбиддин яшаб ором оладиган хонага на эшик оғаси, на канизаклар, на ҳаким кира олмай қолишди. Фақат шоҳга тааллуқли бўлган хабар келгандагина эшик оғаси қўнғироқ тасмасини тортиб огоҳлантирадиган бўлишди. Келтирилган нонушта, тушлик ва кечликларни Зебо эшик олдида кутиб олар ва шахсан ўзи хонтахта устига ташир эди.
Зебонинг шахсан ўзи ошхона ва у ердаги пиширилаётган таомларни назорат остига олди, яъни аммавачаси Зарнигорхонимни бош ошпаз назоратчисига айлантириб қўйди.
Мана бугун ҳам, қўнғироқ чалиниши билан, тезда ўрнидан туриб таомларни патниси билан хонтахта устига келтира бошлади. Буғи  бирқираб турган қирғовул гўштидан тайёрланган қовурдоқни ўртага, косалардаги шўрвасини эса бирини Қутбиддин ва ўзига жойлаштирди.
- Марҳамат, шоҳим, - деди у кўксига тушиб турган сочларини орқага ташлаётиб, - энг тез ҳазм бўладиган таом. Тинчгина ўтириб овқатланиб олинг, - дея унинг кўзларига бир қараб олди.
- Тинчгина ўтиришим учун, - деди куёвтўра Зебонинг косасини ўзига яқинроқ тортиб, мана шу косадаги таом менга яқинроқ туришини хоҳлайман.
Зебо пиқ этиб кулиб юборди:
- Ҳали таомга ҳам айлантириб қўйдингизми мени, шоҳим?
- Зебо, - деди Қутбиддин меҳр тўла кўзларини ундан узолмай, - дунёдаги энг тансиқ таом ўзингсан. Сен ёнимда бўлсанг, ҳамиша бахтиёрман ва чексиз куч-қудрат сезаман ўзимда. Тунлари маза қилиб ухлайсан. Мен эса хира шам ёруғидаги ойдек жамолингга тўймайман, тикиламан. Назаримда худди биров сени ўғирлаб кетаётгандек туюлаверади.
Ич-ичидан ҳолвадек эриб бораётган Зебо Қутбиддиннинг юзига қарашга ожиз ва журъатсиз. У қўлидаги тилларанг қошиқ билан куёвтўра косасини чертади, гапиролмайди. Куёв навбатдаги гапга оғиз жуфтлаганда Зебо қошиқдаги овқатни узатади:
- Олинг. Энди сиз билан овқатланмайман ёки мақтовларни тўхтатасиз, - деди у кулимсираб. - Шуни унутмангки, ўлгиси келган одамгина мени ўғирлашга бел боғлаши мумкин. Кечалари эса хотиржам ухланг. Ўн беш ёшимдан буён қуролсиз юрмайман, - деди у қатъий оҳангда, - оиламизнинг аччиқ қисмати мени шундай яшашга ўргатиб қўйган.
- Бўлди, - деди у "қисмат" сўзини эшитгач, - энди гапирмайман.
У худди гуноҳкор боладек қошиқни олдида бир бўлак қирғовул гўштини Зебога узатди:
- Емасанг, мен ҳам емайман.
- Шоҳим, бу жуда кўп. Ярми сизга, - дедида гўштни иккига бўлиб, бир қисмини куёвига узатди.
Улар жимгина ўтириб овқатни тановвул қилишмоқда, десак хато бўлади, негаки ғайрат ва шижоатга ҳам довюракликда ҳеч кимдан қолишмайдиган Зебонинг ҳибсхонадаги ҳаракатларини ўйлар экан, Қутбиддин Зебога тикилди ва:
-    Зебо, сўнгги саволни берсам майлими? - деди илтимос оҳангида, - хўп денг! Бошқа гапирмайман.
- Айтинг-чи, - деди Зебо иссиққина чойдан ҳўплаётиб. - Биламан, саволларингиз жуда ҳам кўп ва кулгили бўлсада, менга ёқади. Чунки сиз мени, мен эса сизни ўрганишда давом этаяпмиз.
- Ўрганиш эмас, баъзи бир нарсаларга ойдинлик киритамиз холос, - деди Қутбиддин ёғли бармоқларини артаётиб, - Зебо, айтинг-чи, нега ҳибсхонадаги соқчини ўлдириб қўяқолмадингиз?
Бунақа савол берилишини кутмаган Зебо бироз ўнғайсизланди ва деди:
- Биринчидан, бизни шундай ҳолатга тушиб қолишимизда соқчининг айби йўқ эди. Иккинчидан, шов-шувсиз чиқиб кетишимиз учун ўлдириш шартмасди.
- Қойил ва ақлингизга тасанно, жонгинам, - деди куёв завқланиб. - Мени борган сари ўзингизга маҳлиё этишда давом этаяпсиз. Раҳмат.
- Балки менинг ҳам биргина саволимга жавоб берарсиз, - деди Зебо уялинқираб.
- Айтинг, нима экан?!
- Сизни, - деди Зебо чўғдек қизариб, - чексиз ҳурмат қиламан, яхши кўраман. Айтинг-чи, сиз нега мендек оддий қизни танладингиз? Сабаб бордир?
- Айтишга ожизман. Тушунтиришга ҳам, - деди Қутбиддин каловланиб, - кўзингизга кўзим тушганини эслайман холос. Юрагим шунақанги жизиллаб кетди-ки, буни асло тасвирлаб бўлмайди, азизам. Ўша тобда кўзимнинг олди қоронғилашиб, овозимни танимай қолганман.
- Бўлди, гапирманг, - деди Зебо илтижо билан, - шундай бўлади, деб сираям ўйламагандим.
Нонушта тугаб, шоҳ махсус извошда ва   соқчилар қуршовида сарой томон йўл олди. Бироздан сўнг икки қатор соқчилар қуршовидан ўтиб сарой қабулхонасига кириб борди.
Ҳамишагидек тартиби билан ҳар хил турдаги ахборотлар, янгиликлар, яқин кунлар оралиғида амалга оширилиши лозим бўлган юмушлар ҳақида фикрлашилди. Суҳбат давомида хуфия ишлар вазири Қаландар Искандар ўғли бир неча бор қўл кўтариб сўз сўради, бироқ Қутбиддин кўрсатгич бармоғини лабларига теккизиб уни тўхтатди.
Аҳоли ихтиёридаги ерлар ва чорвадорлик ҳақида сўз олган ҳосилот Шахриёр Искандар ўғли жумладан шундай деди:
- Сув танқислиги сабаб, экинзорларни сув билан таъминлаш ва чорва учун озуқа етиштириш тобора жиддий муаммога айланиб бормоқда. Чунки аҳоли ихтиёридаги чорва моллари сезиларли даражада кўпаймоқда. Айтмоқчиманки, - деди у атрофдагиларга бир қараб олгач, - ўтган йили қурилган тўғонлар яроқсиз ҳолатга тушиб, сув ўзанлари ўз йўналишини ўзгартирмоқда. Ростини айтсам, - деди у томоғини қириб олгач, - биз қайта-қайта ўша тўғонларни таъмирлаш билан оворамиз. Бир томонини тикласак, иккинчи тарафи вайрон бўлмоқда. Намгарчиликка ўта бардошли бўлган сассиқ ҳидли қайинлардан ясалган сепоялар ўз-ўзидан йўқолмоқда.
Шу пайт сўзга қози (Маҳкам Ўктам ўғли) аралашди:
- Сўзингизни бўлганим учун узр. Айтинг-чи, сиз айтаётган қимматбаҳо ёғочлар бошқа тарафга оқиб кетаётибдими ёки бошқа бир сабаб борми? Аниқлик киритинг. Ахир сиз айтган ёғочлар камида етти-саккиз йил хизмат қилиши керак-ку?!
- Кечирасизғу, - деди қози бироз тўхталиб, - менда шубҳа бор, тақсир.
- Гапингизда жон бор, - деди гапга аралашган бош вазир Оғамурод Абдираҳмон ўғли, - биринчидан бизда энг танқис нарса ёғоч, иккинчидан, айтиб бўлмайди, ахир дўст бор, душман бор.
Шу пайтгача индамай ўтирган хуфия ишлар вазири Қаландар Искандар ўғли ўрнидан туриб:
- Бу масалага аниқлик киритамиз, - деди у қатъий, - ҳар иккала тақсирнинг гапида жон бор ва таҳликали. Агарда яна бироз кутсак, тўғондан бутунлай ажралиб қолишимиз мумкин.
Шундан сўнг жазо бўлинмасининг бошлиғи сўз сўраб ўрнидан турди. Бироқ Қутбиддиннинг имо-ишораси билан қайтиб жойига ўтирди.
Шундан сўнг мудофаа вазири Шарофиддин Тоғаймурод ўғли ва Қутбиддин ўртасида қисқача мулоқот бўлиб ўтди.
- Асосий эътиборни шимолий сарҳадларимизга қаратганмиз ва у ердаги вазиятни жиддий ўрганаяпмиз, - деди мудофаа вазири босиқ ва жиддий оҳангда. - Тоғ тизмалари ва бизга қўшин бўлган ҳудудлардаги вазият жиддийлашмоқда. Кузатув жараёнида ўша ҳудудда негадир тунги ҳаракат ва қатнов авж олиши билан боғлиқ бўлган ҳолат ва қисқа тўқнашувлар ҳозиргача талофотсиз. Оғзаки айтишув ва бир-бирини менсимасликка бориб тақалмоқда. Қоронғуда, - деди Шарофиддин ота ташвишли оҳангда, - уларни шахсини ҳам, мақсадини ҳам пайқаб бўлмайди. Сўкиниб, зарда-зуқум қилиб ўтиб кетишади. Бундай ҳолатда уларни тўхтатиб ва тинтув ўтказиб бўлмайди. Чунки кучлар тенг келмай қолмоқда. "Тўхтанг, қани, биродар бир саломлашиб олайлик", десангиз тўнини тескари кияди ёки "Э... бор-э. Йўлингдан қолмасанг-чи", - дейди.
Шоҳ ўрнидан турди ва:
- Вазиятни ўрганишда давом этинг ва жиддий қарорлар чиқариб қуролни ишга солманг, - деди вазир кўзларига тикилиб. Албатта бу масалани алоҳида муҳокама қиламиз. Ҳозирча, хуфия ва жазо бўлинмасининг бошлиқлари мен билан қолади, - деди у қўли билан эшикни кўрсатиб.
Шоҳ Қутбиддиннинг авзойи бузилганини сезган аъёнлар миқ этмасдан эшикдан чиқиб кетишди.
Давоми бор.
Саъдулла ҚЎШОҚОВ.
Мавзуга оид: