ШОҲ ВА ГАДО

(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда)

6.

Тўёна сифатида элликта қўйни етаклаб келган киши озиқ-овқат ва турар жой билан таъминланган бўлишига қарамасдан, кундан-кунга озиб-тўзиб борарди. Исми ажабтовур Ихтиёр бўлишига қарамасдан, атрофидаги чўпон-чўлиқлар у кишини "осмонқул", деб чақиришади. Сабаби, унинг кўзлари доимо осмонда. "Нега осмондан кўзингни узмайсан", дейишса ер чизиб  қолади ёки "мен билан нима ишинг бор", деб қовоғини солади. Ич-ичидан зил кетади.
Ниҳоят бугун унинг чиройи очилди. У осмонда якка-ёлғиз кабутарнинг учиб ўтганини ва яна қайта-қайта ортига қайтганини сезиб қолди. У чўпонлар ўзидан анча нарида гурунглашиб ўтирганини кўрди ва уларга яқинлашиб чақирди:
- Замонали, бир қараб юборасизми?
- Осмонқул, кел, келавер, - деди чўпонлардан бири.
Осмонқул келавермагач, у ўрнидан туриб унга яқинлашди:
- Нимай дейсан, гапир?!
- Биласанми, - деди у баланд қирни кўрсатиб. - Ўша қир ортидаги қишлоқда табиб бор эмиш, деб эшитганман. Бормасам бўлмайди. Қўйларга кўз-қулоқ бўлиб тур, дўстим. Уч кундан буён ичакларим буралиб оғрияпти. Югуриб бориб келаман, хўпми?
Ихтиёр узоқ юрди ва ниҳоят қир ошиб қишлоққа кириб борди. Кўчани чангитиб тўс-тўполон қилаётган болалардан бирини чақирди:
- Ҳой, болакай! Бир қараб юборасанми?
Ҳалиги бола "тушунмадим" қабилида елкаларини қисиб унга яқинлашди. Ўша пайт ёлғиз кабутар бироз пастлаб учиб ўтди ва нариги кўчадаги томнинг пештоқига қўнди.
- Майли, ўйнайвер. Кейинроқ чақираман, - деди Ихтиёр ва узр сўраган бўлиб елкасига туртиб қўйди. Бола қайтди ва тўс-тўполончилар орасида кўринмай кетди.
Ихтиёр фурсатни бой бермасдан кўчанинг хилватроқ жойини танлади ва белидаги оқ қийиқчани қўлида баланд кўтариб тўрт карра ҳуштак чалиб юборди. Бу нарса учинчи бор такрорланишида ҳалиги кабутар катта тезликда учиб келиб унинг елкасига қўнди.
Ихтиёр қалтираётган қўллари билан уни маҳкам ушлаб кўйлаги ёқасидан ичкарига ташлаб юборди ва ортига қайтди.
У қишлоқни ортда қолдириб баланд қирга яқинлашганда ортидан қувиб келаётган отлиқларга кўзи тушиб қолди. Улар яқинлашган сари Ихтиёрнинг юраги янада қаттиқроқ депсиниб қўрқувдан титрай бошлади. Отлиқлар қўлида қилич ялтираётганини кўргач эса, қўйнидаги кабутарни ён тарафига улоқтирди. ўижимланган кабутар худди кесакдек "тап" этиб майсалар устига тушди.
Бир лаҳзада етиб келган отлиқлардан бири унинг атрофида гирду-капалак айланса, иккинчиси эса ўзини отдан ташлади ва майсалар устида ётган кабутарни қўлига олди:
- Эсиз, - деди у ачиниб, - ўлдириб қўйибсанку, бечора хат ташувчини.
Иккинчи отлиқ шошилмасдан Ихтиёрга яқинлашди:
- Э..., э, сен ўзимизни Осмонқулмисан? - деди ва яхшигина бир тарсаки тортиб юборди.
Бу пайтда биринчи отлиқ кабутар оёғига кеча тонгда боғлаб қўйилган қоғозни ечиб олди ва ўқиди:
"Кимки ушбу қоғозни шоҳ Қутбиддинга етказса сийланади, қўлга тушган осилади". Муҳр ва сана. Ўнинчи кабутар.
- Яхши бўлмадида, эсиз ўнинчи кабутар, - деди биринчи отлиқ. Шом тушиши билан қирларга ўрнатилган гулханларни ёқиш ва жазо бўлинмаси йигитларини огоҳлантириш керак. Сарсон бўлмасин ва тезда қароргоҳга етиб келишсин.
Қоронғу тушиши билан бирин-кетин йигитлар қароргоҳга кела бошлади:
- Сийлов кимга насиб қилди-а, - сўрашарди улар бир-биридан. - Дорга тортилувчи топилдими ахир?
- Ҳаммаси биз ўйлагандек, - деди кабутарлар эгаси, яъни Осмонқул қидириб борган "Хирмонли" қишлоғи фуқароси Фазлиддин, - афсуски ўмбалоқ ташлайдиган кабутарларимдан айрилибман.
- Айтингчи, - деди иккинчи отлиқ, - кабутарларингиз неча марта ҳуштак чалса елкага қўниши керак?
- Неча марталиги эмас, қўлидаги оқ матони кўргач санаб ўтирмасдан қўнаверади, - деди Фазлиддин хўрсиниб ва қўлидаги жонсиз кабутарни хуржунига жойлаётиб. Ёмон томони шундаки, улар ҳуштак чалган оқ матоли кишидан чўчимайди. Ўғлим ҳам, қизчам ҳам уларни елкасига қўндираолади ва дон сочиб юборади.
                   ***
Тўғон қайтадан таъмирланиш арафасида. Келтирилган ёғочлар устида ишлаш ва уларни бир-бирига бириктириш жараёни кечарди.
Тунги қоровуллар навбати билан ёғоч уюмлари ва озиқ-овқат омбори ҳамда от-уловлар атрофида кўз-қулоқ бўлиб туришибди. Олов ёқилмайди, чироқ ҳам. Сабаби, жазо бўлинмаси йигитлари ва махфий хизмат шундай буйруқ беришган. Овқат ва ичимликлар тайёр ҳолатда келтирилади.
Тўртинчи осойишта тун. Тўғондан икки-уч чақирим нарида келаётган уч отлиқ тўхташди. Отларни етаклаб онда-сонда ўсиб турган чангаллар ортига ўтишди. Илгари режалаштирилганидек тўғон томон йўл олишди.
Яхшигина қуролланган йигитлар тўғонга яқинлашгач тўхташди. Ечиниб енгилгина либосларда сувга тушишди. Уларнинг ҳар бирида болта ва ҳарбий қуроллари шай. Тўрт-беш дақиқа сузиб, икки тарафдаги баланд-паст қирғоқлар ортда қолаётган бир пайтда, баланд қирғоқлар устида йигирмага яқин қора шарпалар кўринди.
Зум ўтмасдан, сузаётганлар устига доира шаклида ёйилиб тушувчи балиқчилар тўри келиб туша бошлади. Ҳаш-паш дегунча, учала сузувчи қават-қават тўрлар ичида қолиб кетди.
Буйруққа биноан қўлга тушганларнинг биронтасига қарши куч ишлатилмади. Кийиниб олишига рухсат берилди холос. Қўлга тушганлар ҳайрон. Чунки ҳужумчилар миқ этиб оғиз очишмади. Сўкишмади ҳам. Қўллари ва кўзлари маҳкам боғланган учала номаълум шахс битта аравада олиб кетилди.
Шундай қилиб махфий хизмат бўлимининг жазо бўлинмасига берган буюртмаси шовқин-суронсиз ва талафотсиз ниҳоясига етди. Йигирмага яқин балиқчилар эса рағбатлантирилди.
            ***
Махфий хизмат вазири Ботир ўғли Пирмат томонидан берилган топшириққа биноан хуфия ишлари вазири Искандар ўғли Қаландар етти кун давомида шамолий сарҳадлар ва ўша ҳудудда юз бераётган воқеаларни пухта ўрганди ва бу ҳақда шоҳ Қутбиддин билан ёпиқ эшиклар ортида суҳбатлашишди.
Алоҳида ва қалтис вазиялар кўриб чиқиладиган ушбу хонада улардан ўзга ҳеч ким йўқ эди. Бафуржа ва ўта жиддий ҳолатда олиб борилган суҳбатда, яқин кунларда бўлиб ўтган воқеалар ҳамда содир этилиши эҳтимолдан йироқ бўлмаган қалтис режалар кўриб чиқлди.
- Авваламбор, - деди шоҳ уларга юзланиб, яқин кунларда юз берган воқеаларни кўриб чиқайлик. Баъзан ҳайрон қоламан, негаки қачон пичоқ бориб суякка етгач ишга киришамиз ёки айнан шоҳнинг аралашувини кутамиз. Баъзан ўйланиб қоламан, атрофимдаги ишонган одамларим нега сергак эмас. Нега шунақа ишларни қойиллатиб сўнгра мени ҳузуримга келмайсизлар. Ишлаш керак ва яна ишлаш керак. Аҳвол шу тарзда кетадиган бўлса, - деди Қутбиддин бармоқлари билан столни дўқиллатиб, - мен жинни бўлиб қоламан. - Бу нима шармандалик ахир, жаноб вазирлар? Бурнимизни тагида икки-уч ойдан бери ҳаммамизни лақиллатиб Осмонқул "ўйнаб" юрса ёки қандайдир дайдилар тўғонларимизни вайрон қилиб экинзорларимизни сувсиз қолди-ришса?
Гап шу ерга етганда худди бир нарса эсига тушгандек Қутбиддин қўлига ёғочдан ясалган болғачани олди ва мисдан ясалган ликобчани икки-уч бор уриб қўйди. Эшик очилиб соқчи кўринди:
- Тезда, - деди шоҳ унга қараб, - ҳузуримга жазо бўлинмасининг бошлиғи етиб келсин. Буйруқни бажаринг.
Соқчи эшикни ёпиши билан иккала вазир бир-бири билан "сизми ёки менми?" деган мазмунда кўз уриштириб олишди. Хуфия ишлари вазири тилга кирди:
- Шоҳим, вазирингиз Ботир ўғли Пирмат жанобларининг топшириғига биноан, - деди у ҳорғин қиёфада, - шимолий сарҳадларимизни ва вазиятни чуқур ўргандик. Қўл остимдаги эллик нафар жосуслар ёрдамида ўша ҳудуддаги номаъқулчиликларни ўз кўзимиз билан кўрдик. Уларнинг кўзига кундуз кунлари кўриниб бўлмайди. Тарқоқ ҳолда иш олиб борган йигитларимизнинг гувоҳлик беришича, талон-тарожлик, босқинчилик билан шуғулланувчи гуруҳлар жуда кўп ва улар билан тунда пачакилашиш бесамар.
- Ким бўлди-ки, - деди шоҳ гавдасини ростлаб ва зарбоф тўнини этакларини тўғрилаб, - бу ўзбошимчалар тунги коваклардан чиқишиб, талон-тарожлик билан шуғулланишса?
- Мени қўрқоқлик қилгандур, жангга киришмасдан, - деган хаёлга борманг. Аксинча, шунақанги қилич ўйнатгим келди-ки, бироқ бу ўйин самарасиз ва ўзимизни ошкор қилишдан бўлак ҳеч нарса эмаслигини тушуниб етдим. Асирга олиб биронтасини "тил" сифатида олиб қочишдан ҳам воз кечдим...
- Тўғри қилгансиз ва қарорингиз жуда пухта, - деди гапга аралашган махфий хизмат бўлинмасининг бошлиғи. - Йигитларимизга фақат кузатиш буйруғи берилганми ёки...
- Мақсадимиз, уларнинг қароргоҳи ва таркибини ўрганиш эди, десам хато бўлмайди, - деди хуфия ишлари вазири шеригидан узр сўраган қиёфада. - Биз ўз мақсадимизга эришдик, десам бўлади.
- Давом этинг, - деди Қутбиддин қўлларини бир-бирига ишқалаб, - қани эшитайлик.
- тарқатиб юборилган жосусларнинг барчаси, тунги дайдиларнинг аксарияти тоғлар орасидаги учта қароргоҳга (яъни сойга) қараб йўл олганлигини таъкидлашди, - дедида харитага яқинлашди. Деворга осиғлиқ турган (мол териси) харитадаги учта нуқтани кўрсатиб. Учинчи нуқтага келганда, махфий хизмат бўлинмаси бошлиғи ва Қутбиддин бир-бирига қараб олишди. Чунки гап Қўшбулоқ сойи ҳақида кетаётган эди.
Худди шу пайт эшик очилиб, эшик оғасининг:
- Жазо бўлинмасининг бошлиғи амрингизга мунтазирлар, - деган овози эшитилди.
Қутбиддин имо-ишораси билан вазир Ҳамробек Исахон ўғли кўрсатилган жойга авайлабгина жойлашди.
Махфий хизмат доирасида олиб борилган ишлардан Қутбиддин ва вазирнинг қанчалик мамнун эканлигини уларнинг кўз қарашлари ва кайфиятидан билиб олса бўларди.
Қутбиддин хуш кайфият билан Қаландар Искандар ўғлини қўлларини сиқиб елкаларига қоқиб қўйди ва рағбат сифатида:
- Сизга ва ўша соғ-омон уйига қайтиб келган эллик нафар йигитларга уч кун дам, - деди ва ўтиринг маъносида жой кўрсатди.
Қутбиддинни доимо жиддий кайфиятда юришига ўрганиб қолган жазо бўлинмасининг бошлиғи Ҳамробек Исахон ўғли ҳар эҳтимолга қарши секингина чапак чалиб қўйди холос.

Давоми бор.


Саъдулла ҚЎШОҚОВ.

Мавзуга оид: