ШОҲ ВА ГАДО Давоми. Бошланиши ўтган сонларда.

Давоми. Бошланиши ўтган сонларда.
Шундан сўнг махфий хизмат вазири Ботир ўғли Пирмат умумий хулосага келди:
- Вазир айтиб ўтган гаплардан шундай хулосага келсак, менимча хато бўлмайди. Қачондир, бир кунмас бир кун, ўша учта нуқтага зарба беришимиз ва эртароқ уларнинг пайини қир-қишимиз шарт. Акс ҳолда ўша тўдалар бирлашиб ўзимизни шоштириб қўйиши мумкин. Халқимиз бекорга "темирни иссиғида бос", демаган ахир. Уларнинг мақсади битта - майда-чуйда савдогарлар тўдасини талон-тарож қилиш ва қорнини тўйғазиш.
Шоҳ шошилмасдан тинглади, нотиқлар ва ўзининг фикрларини бир қирғоқ томон интилаётган қайиқчага ўхшатиб юборди:
- Хулоса шундай, - деди у ўрнидан туриб, - мақсадимиз бир-бирига ўхшаётганлигидан мамнунман. Келаси ҳафтанинг душанба кунига сўнгги марта йиғиламиз. Демоқчиманки, биз мудофаа вазирининг фикрини ва таклифларини ўрганиб чиқамиз.
Махфий ва хуфия ишлар вазирлари чиқиб кетишди. Елкасидан тоғ ағдарилган ва енгиллашган шоҳ жазо бўлинмасининг бошлиғига ишора қилди:
- Марҳамат, яқироққа жойлашинг.
Бошлиқ ўрнидан турди ва шоҳ минбари ёнгинасидан жой олди.
- Мен ҳеч қачон вазирларимни очиқчасига рағбатлантирмас эдим. Бугун эса кўрганингиздай унинг акси бўлди, - деди Қутбиддин кулиб. - Ростини айтсам, кеча ва бугун янгиликларга бой ва сермаҳсул бўлди. Бунда сизнинг ҳам ажойиб ҳиссангиз бор, - деди у самимий қиёфада.
Бошлиқ бироз ўнғайсизланди ва қўшиб қўйди:
- Ишимиз шунақа. Топшириқ ҳам, - деди у қўлини пахса қилиб. - Кес деса кесамиз, чоп, деса чопамиз.
Улар шарақлаб кулишди. Шоҳ Қутбиддин эса ҳамон юзида табассум билан деди:
- Ростини айтсам, сизнинг ихтироларингизга қойил қоламан. Сувда сузиб кетаётган учала муттаҳамни ими-жимида тутиб олиш режасини эшитиб, рости, оғзим очилиб қолди. Балиқчиларни қандай топдингиз ва қандай қилиб кўндирдингиз?
- Бозорчадаги балиқчилар растасига бордим ва иккитасини четга чиқариб мақсадимни тушунтирдим. Кўнишмади. Ортиқча гап-сўз кўпайиб кетмасин, дедимда пўписа қилдим.
- Тўхтанг, - деди Қутбиддин бироз энгашиб. - Дағдаға қилдингизми ёки...
- Олдин сизнинг муҳрингиз босилган ҳужжатни кўрсатдим. Кўнавермагач оғзи-бурни аралаш битта тарсаки ташлагандим, таппа йиқилди. Қарасам одамлар "ҳай-ҳай" қилиб қолишди. Хуллас ҳуштак чалиб қуролланган шерикларимни чақирганимдан сўнг одамлар тарқалди ва балиқчиларни ўғрилар экан деб ўйлашди.
- Кейин нима бўлди?, - деди анграйиб қолган шоҳ.
- Менга қолса балиқчилардан беш нафари ҳам бўлаверарди. Аммо лекигин қолганлари ўз ихтиёри билан рози бўлишди. Эвазига ҳамма балиқларни сотиб олдим ва масжидга сов-ға қилдим.
- Ана ҳотамтою мана ихтиро, - деб юборди Қутбиддин. - Кетиш олдидан балиқчиларни рози қилдингизми ишқилиб?
- Албатта, - деди бошлиқ ишонч билан. - Уларнинг ҳар биттасига биттадан яп-янги тўрни пулини бериб юбордим.
- Қойил. Яхшиям чўнтагингизда пулингиз бор экан. Бўлмаса нима қилардингиз?
- Сиздан қарз олган бўлардимда, тақсир!
Улар хохолаб кулиб юборишди.
Мис ликопча яна бир бор даранглаши билан эшик очилди ва эшик оғаси кўринди.
- Понсадни чақиринг, - деди Қутбиддин, - ҳозирнинг ўзида етиб келсин!
- Осмонқул ҳақида эшитайлик, - деди шоҳ истеҳзо оҳангида. - Ҳозирги пайтда уни қаерда тутиб турибсизлар ва аҳволи қалай?
Бошлиқ чуқур нафас олди ва уф тортиб юборди:
- Ўша лаънатини деб бир неча кун сарсон бўлдим. Кабутарларимдан ажралдим. Ҳозирги пайтда ҳибсхонада тутиб турибмиз. Савол-жавоблар бўлаётир. Менимча у махсус топшириқ билан келган, аммо ёрилгиси келмаяпти. "Гапирсам уйдагиларимни қириб ташлашади", - деб қайсарлик қилмоқда. - Боз устига, - деди у бироз иккиланиб, - унинг шеваси тоғликларникига қараганда ўзгача ва тожикча сўзларни бузиб афғон шевасига ўхшатиб юбормоқда. Юз тузилиши ҳам бошқача.
- Оиласи ва турар жойи ҳақида аниқ маълумотни бугун етказасиз. Урасизми, мажақлайсизми, бу сизнинг ихтиёрингиз. Бу ишни мутлақо қолдириб бўлмайди. Сабаби, сизни олдинда бунданда мураккаброқ ва хатарли ишлар кутиб турибди, - деди Қутбиддин бошлиқ томон энгашиб.
Яна эшик очилиб ичкарига понсад қириб келди ва чуқур таъзим бажо келтирди:
- Чақиртирган экансиз, шоҳим?!
- Жазо бўлинмасининг бошлиғига аталган совғаларни ўз қўлларига топширасиз, - деди-да, шоҳ ўрнидан турди.
***
Устоз Маматмурод ота билан бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг олий даражадаги йиғилишнинг асосий мақсади келишиб олинди:
- Йиғилишда менинг иштироким шарт эмас, - деди устоз соқолини чимдиб. - Ҳар бир ишнинг сўнги ва адоғи бўлганидек, кўрилаётган ишнинг биринчиси биз учун жуда муҳим. Чунки биз Осмонқул туфайли жуда катта талофат ва йўқотишларни четлаб ўтишимиз ва мақсадга оқилона эришишимиз мумкин.
- Тушунмадим, - деди Қутбиддин бироз энгашиб.
- Биз Осмонқулни қўйиб юборамиз, - деди устоз бироз жилмайиб. - У тўппа-тўғри ўз юртига етиб боради ва биз айт-ган режани амалга оширади.
- Устоз, - деди Қутбиддин бироз тоқатсизланиб, - негадир тушунолмаяпман. Нега энди ўлимини кутиб турган Осмонқулни қўйиб юборишимиз керак. Ахир у махсус топшириқ билан келган жосус эмасми?
- Баракалла ўғлим! Қарорни ўзгартиринг ва Осмонқулни менга топширинг. Мен ўша сиз билган Осмонқулни ҳақиқий жосусга айлантираман.
- Ҳамма нарса чалкашиб кетди, устоз. Биз асосий душманларимизга зарба бериш арафасида турсагу, сиз бундай десангиз. Осмонқулни йўқ қиламиз.
- Ихтиёрингиз, - деди устоз босиқ овозда. - Сизга ҳозир шундай имконият борки, агарда Осмонқул мени айтганимни қилиб иш юритса, душманларингиз ўз оёғи билан қопқонга тушади, у эса тирик қолади. Сиз мудофаа вазири амалга ошираётган режани бироз кечиктирасиз.
- Биз, - деди устоз бироз сукутдан сўнг, - Осмонқул ватанига жосуслар тайёрлаймиз. Бу нарса узоққа чўзилмайди ва ўз самарасини беришига мен ишонаман.
- Тушунгандайман, аммо жуда қалтис режани ўйлабсиз, устоз.
- Қўрқманг ва сабр қилинг. Ҳаммаси яхшилик билан тугайди, - деди устоз ва иккала қўли билан Қутбиддинни қўлларини сиқиб қўйди.
Қутбиддин кекса устозининг фикр ва мулоҳазаларига қарши чиқолмади. Устозига бўлган ишонч ва садоқат устун келиб, унинг ичида ғужғон ўйнаётган ҳарбий юриш режаси устига бир пақир муздай сув сепилди.
***
Осмонқул ўтирган ҳужра ўта совуқ. Кайфияти тобора ёмонлашиб, баъзан овқатдан ҳам бош тортиш даражасигача бориб етган. У соқчига қараб бақиради:
- Эй, сен, мени эшитаяпсанми? Совуқ суяк-суягимдан ўтиб кетди. Менга яна битта чопон бер ёки ўлтир.
Куни кеча Осмонқул жазо бўлинмасининг бошлиғи Ҳамробек Исахон ўғлининг суҳбатида бўлиб қайтди. Худди аввалгидек қайсарлик қилиб тураверди. Қўйилаётган айблов ва ундовларни қабул қилмади. Ўлсам, ўламан, аммо мендан биронта гап ололмайсан, деб туриб олди.
Шундан сўнг қаторасига уч кун оч қолдирилган Осмонқул чопон талаб қила бошлади, бироқ овқат сўрамади.
Кечга яқин Осмонқул ётган хонага устоз Маматмурод ота кириб келди. Осмонқулнинг қўлидаги занжир ечилиб, соқчилар қуршовида ташқарига чиқишди. Бироз ўтиб эса улар дарвоза яқинидаги ўртамиёна хонага кириб боришди. Устознинг имо-ишораси билан соқчи чиқиб кетди.
Деразага яқинроқ ва ёруғроқ жойга устоз ва Осмонқул жойлашишди. Хона ичкарисида гурпиллаб турган овқат ҳиди келарди. Осмонқулнинг олазарак кўзлари тахмон ичидаги ёғоч нарсани ва чойнак пиёлани қидириб топди. Ютиниб қўйди, бироқ сездирмади.
- Хўш, - деди устоз чўзинқираб, - танишиб оламизми ёки мени танийсанми Осмонқул?
- Сизни танийман ва эшитганман, - деди у ерга қараб.
- Жуда яхши, - деди устоз жилмайиб, - демак мақсадга ўтсак ҳам бўлаверади. Шундайми?
Осмонқул "тушунмадим" деган маънода устозга қараб олди ва елкасини қисиб қўйди.
-    Гап бундай, ўғлим, - деди устоз қўлини Осмонқулнинг елкасига қўйиб. - Мен сени қўрқитмоқчи ёки дўппосламоқчи эмасман. Сени ўлимдан олиб қолмоқчиман холос. Ёш кўринасан, оиланг ва бир ўғил ва уч қизинг бор экан. Махсус топшириқ билан келгансан. Шундайми?
Осмонқул индамади. Ичида эса ўлсам ўламан, аммо ёрилмайман, деб турарди.
- Шундай, - деди у бошини кўтариб, - аммо мен оилам қирилиб кетишини хоҳламайман.
- Ким сенга шундай пўписа қилди? Айт, эшитайлик. Бирон чорасини қидириб топармиз. Сен ўйлагандек бекорхўжа эмасман. "Вақтинг кетди, бахтинг кетди" деган мақолни эшитганмисан? Эртага сени дорга осиб юборишса оиланг нима бўлади? Шу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрганмисан?
Осмонқул икки қўли билан юзини чангаллаганча додлаб юборди:
- Отажон, - деди у кўзларидан ёш оқиб, - ўлимдан қўрқмайман, аммо оиламни қутқаринг. Ҳаммасини айтиб бераман, фақат оилам тирик қолса бўлгани. Айтаман..
- Тинчлан. Биз ҳеч қачон айбсиз одамни бурнини қонатмаганмиз ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолаверади. Оиланг бус-бутун ва ҳозирда сени кутишмоқда. Ўғлинг Сафарали эса бизнинг қўлимизда. Истаган пайтингда уни кўришинг ва суҳбатлашишинг мумкин, - деди устоз жилмайиб.
Устоз бундан тўрт кун аввал махфий хизмат ходимларининг саъй-ҳаракатлари туфайли ўғирлаб келинган Осмонқулнинг ўғли Сафарали ҳақида тўхталди:
- Ўғлинг сенданда бақувват ва ақлли кўринади. Кучли ва довюрак экан. Қуролсиз бўлсада, тун қоронғусида бизнинг одамларимиз билан ҳайратомуз курашибди. Ҳатто бир ходимимизни кўзини чиқариб юборишига озгина қолибди.
Давоми бор.
Саъдулла ҚЎШОҚОВ.