ШОҲ ВА ГАДО Давоми. Бошланиши ўтган сонларда.

Ота ва боланинг учрашуви юракларни эзиб юборди. Айниқса, ўғил отасининг шу даражага бориб етганидан афсусланди, йиғлади.
Ташқарида турган устоз анча вақт ўтказиб соқчиларга буюрди ва улар Сафаралини олиб чиқишди. Сафарали тиз чўкиб иккала қўлини ерга қўйди:
- Бобожон, отамни қутқаринг, - деди у устозга қараб. - Биз ҳамма шартингизга розимиз. Фақат...
- Болам, тур ўрнингдан ва ўзингни бос, - деди устоз кўзидаги намни белбоғи билан артаётиб, -отангни жонини сақлашга ҳаракат қиламиз.
Соқчилар Сафаралини олиб кетишди. Устоз эса бироз ўтиб Осмонқулни ёнига қайтди.
- Агарда, - деди устоз унинг кўзларига тикилиб, - ҳақиқатни тўкиб соладиган бўлсанг, оиланг билан умрбод шу ерда яшаб қоласан. Мабодо...
- Розиман. Ҳаммасини бир бошидан айтаман, - деди Осмонқул.
Сўнгги суҳбатдан шуниси аён бўлдики, осмонқул асосан иккита топшириқ олиб, элликта қўйни олдига солиб келган. Унинг айтишича, у Қутбиддиннинг овга чиқиш пайти ва ов қилиш жойини ёзиб юбориши ва қандайига бўлмасин бир амаллаб ошхона ходимларидан бири билан дўстлашиб ва ишончига киргач, махсус тайёрланган заҳарни унга бериши керак экан.
- Мана ўша заҳар, - деди у телпагини устозга узатаётиб, - телпак ва қалпоқ оралиғига жойлашган.
Телпак ичига жойлашган оғу унчалик катта бўлмаган учбурчак туморга жойлашган экан. Тумор пишиқ ва қалин мол терисидан тикилган бўлиб, унинг маркази дўмпайиб турарди.
- Очманг, - деди Осмонқул устозга қараб, - очсангиз ўз-ўзидан уча бойлашди. Менга шундай тушунтиришган.
***
Қўлга тушган учала тўғонбузарлар устидан олиб борилган суриштирув ва терговлар натижасида ўта қалтис режалар тузиб махсус гуруҳ билан иш олиб борилаётган шахслар ва уларнинг қароргоҳи ҳақида ахборот олинди.
Уларнинг таъкидлашича, яна учта жиноят амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, бу ишга жосус аёллар тайёрланаётганлиги маълум бўлди.
Тергов ишларига бош-қош бўлиб турган қози Маҳкам Ўктам ўғли иккинчи терговни шахсан ўзи олиб борди. Қўлга тушганларни бирин-кетин жиноят оқибати нималарга олиб келишини очиб ташлади.
- Авваламбор, - деди у босиқ овозда, - жуда ёмон жиноятга қўл ургансизлар. Сувсизлик қандай оқибатларга олиб келишини тушунатуриб шу ишга қўл ургансизлар. Бундай жиноятни асло кечириб бўлмайди. Биласизки, жиноят ортида қанчадан-қанча аҳоли ва чорвани сувсизликдан қирилиб кетиш хавфи турибди. Боз устига, сиз бу жиноятни ўтган йилларда ҳам амалга оширгансиз. Ёки менинг гапларим нотўғрими?
Жиноий гуруҳ ерга бош уриб ялина бошлади. Аммо қози жаноблари тўрт-беш кун оралиғида олиб борилиши лозим бўлган ҳарбий юришлар олдидан жазо белгилашни орқароққа қолдирди ва терговни тугатди.
Биз шу ерда тўхтаймиз ва яқин кунларда яна учрашамиз. Жазони эса кенгаш аъзолари билан келишган ҳолда белгилаймиз. Чунки сиз бир киши эмас, балки бутун бир салтанат жонига қасд қилгансиз. Агарда, - деди қози кўрсаткич бармоғини бигиз қилиб, - сизни шу ишга мажбур этган одамни калласини олиб келсангиз, барча гуноҳлардан озод бўласиз. Акс ҳолда умрбод қидирув ва таъ-қиб остига олинасиз ва аёвсиз жазога тортиласиз. Ўйлаб кўринг ва бир хулосага келсангизгина мени чақиртиринг, - дедида, қози хонани тарк этди.
***
Қутбиддин ҳали ёш. У қатори йигитлар жуда кўп. Улар янгича ҳаётга шукроналар айтиб, зиммасига юклатилган уй-рўзғор ишлари ҳамда қишлоқдаги умум ҳашар ишларида жавлон уришади. Шоҳ Қутбиддин эса бутунлай бошқача ҳаёт, давлат бош-қаруви, бўлиб ўтаётган ҳар хил сиёсий аҳамиятга эга бўлган жиддий масалалар гирдобида яшайди. Оддийгина либосда қишлоқдош дўстлари билан гурунглашгиси, жилла бўлсада, ушбу ишлардан узоқлашгиси келади.
Қутбиддиннинг бирдан-бир юпанчи Зебо. Хайриятки, у бор, деб ўйлайди Қутбиддин, бемалол  дардлашамиз, гурунглашамиз. Бўлиб ўтаётган ижобий ва салбий жараёнларни таҳлил қиламиз. У ҳатто жория қилиб бўлмайдиган ишларимга ҳам аралашади. У ҳамма нарсадан бохабар. Овқатланиш жараёнидан сўнг тергов қилишни бошлайди. Унинг саволлари пишиқ ва аниқ. Ҳеч қачон мени алдашга ва чал-ғитишга ҳаракат қилманг, йўқса отамдан сўраб билиб оламан, деб туриб олади.  Унинг эркалашлари ва нозларига бардош беришнинг ўзи бўлмайди. Мана бугун ҳам кечки овқатланиш тугаши билан Зебо терговни бошлаб юборди.
- Хўш, бугун, - деди у узундан-узун сочларини турмаклаётиб, - дустаман тушиб ётиб оласиз. Мана зайтун ёғи, буниси эса сиркага аралаштирилган бодом ёғи. Иккаласини бирин-кетин бутун танангизга суртиб ишлов берамиз. Қани, бўлақолинг.
Қутбиддин унинг айтганларини бажаради. Кўйлагини ечиб у айтгандай ётиб олади. Зебо эса унинг бўйни, елкалари ва белигача бўлган кенгликни аралашма билан намлаб уқалашга тушади. Қандайдир бир ёқимли ҳид ва юмшоққина бармоқлар ҳаракати уни карахт ҳолатга туширади, ором бағишлайди.
- Ана энди, - дейди Зебо қуп-қуруқ сочиқни ёпаётиб, - қимирламасдан ётасиз ва менинг саволларимга жавоб берасиз. Эшитишимча, Осмонқул деган кимсани ортга қайтараётганмишсизлар. Агарда у топшириқни бажармасдан қолиб кетса нима бўлади?
- Ўғлини гаров тариқасида ушлаб турибмизку, - дейди Қутбиддин ёлғондан.
- Демак тулки ови уюштирилади ва...
- Худди сен айтгандай бўлади. Чинакамига овга чиқамиз. Шу баҳона бир ўқ билан икки қуённи урамиз.
- Сираям розимасман, - дейди Зебо унинг елкасига шапатлаб. - Ўрнингизга бошқа бир кишини тайёрлаб ўтқазасиз. Ўзингиз эса саройда қоласиз.
- Тулкиларни овлаш ва тузоққа тушириш жараёнини ўз кўзинг билан кўриш қандай  завқли.
- Завқли эмиш. Тағин ўзингизни тузоққа туширишса нима бўлади?
- Махсус бўлинма мени қўриқламай сени қўриқлармиди? - дейди Қутбиддин кулиб.
- Ишонмайман. Ўша бўлинмага кириб оламан. Уларни мендан ортиқча жойи бормиди. Мен ҳам худди уларникидай либосни кийиб оламан ва тулпоримдан тушмай атрофингизда айланиб юраман. Эшитдингизми?
- Вой дод!, - деб қиқирлаб кулади Қутбиддин чойшабни чангаллаб. - Ахир биз жўжа-хўроз уриштиргани бормаяпмиз, жонгинам!
- Жўжа-хўроз уриштирасизми, ит уриштирасизми, менга барибир. Бораман дедимми, бораман. Агарда кўнмасангиз, Оғамурод отамнинг тоғдаги уйига қочиб кетаман. Мени ахтариб тополмай қоласиз, - дейди у ноз ва истиғнолар аралаш. - Отамни ҳам ўзим билан олиб кетаман. Шартим шу, - деди у Қутбиддиннинг оғзига тикилиб.
- Хўп, майли, - дейди Қутбиддин уф тортиб. - Аммо чодирдан чиқмай вазиятни кузатиб турасан холос. Уқдингми?
- Бўлди, - дейди Зебо унинг елкаларини қучоқлаб. - Қолганини ўзим биламан. Керакли пайтда ишга тушаман. Шунга рози бўлсангиз бўлгани.
Қутбиддин бошини сарак-сарак қилади, тиззаларини чангаллайди:
- Бирон-бир кор-ҳол бўлса, ўзингдан кўр, - дейди у Зебонинг кўзларига тикилиб.
- Қўрқманг, мен бундай вазиятга кўникиб қолганман ва сизга ортиқча юк бўлмайман. Фақат тулпоримни чодир атрофида туришига рози бўлсангиз, олам гулистон, - дейди у Қутбиддиннинг елкаларини уқалаётиб.
***
Ихтиёр ва ўғли Сафарали ярим тунда жонажон уйларига кириб келишди. Уйқудаги қизлар ва хотини бақириб-чақириб, йиғлаб-сиқтаб уларни қарши олишди. Умрида биринчи бор дийдор нималигини ҳис қилаётган оила аъзолари қувонч кўз ёшларини тўкишди. Ярим тун бўлишига қарамасдан, Сафарали худойиликка аталган қўйни отасининг оёқлари остига сўйиб юборди.
Эрта тонггача қозон-ўчоқ тинмади. Саҳар чоғи Сафарали отни миниб қишлоқ оқсоқоллари ва қариндошларини дастурхонга чорлади.
Чошгоҳга яқин бутун қишлоқ Сафарали ва унинг отасини кўриш ниятида кўчани тўлдириб кела бошлади. Саволлар селдек ёғилди. Тўёначининг бунчалик узоқ муддат қолиб кетиши ва эсон-омон қайтиб келиши кимгадир қувонч улашса, кимгадир ёқмади. Устоз Маматмурод отанинг чизган чизиғидан чиқмай ва иккиланмай барча саволларга ота ва ўғил тўлиқ ва ишонарли жавоб беришди.
Одамлар уй-уйига тарқаб, хонадон аъзолари қозон-товоқларни йиғиштираётган бир пайт-да, ўн чоғлик отлиқ пахса девор ортида тўхташди. Отлар дупурини эшитиб Сафарали дарича эшигини очиб, уларга юзланди:
- Ассалому алайкум, беклар! Қани, марҳамат, тушсинлар.
Отлиқлардан бири қамчи дастаси билан бош кийимини юқорилатди ва одобсизларча сўкинди:
- Сен, ит эмган сотқин, Сафаралимисан?
- Оғзингизга қараб гапиринг, бек! Мен ҳали ҳеч кимни сотмадим. У нима дегани ўзи?
- Ҳали тилим ҳам бор, де..., - деди-да отлиқ Сафаралининг устига от ҳайдаб қамчи билан савалай кетди.
Том орқасидаги полизни томоша қилиб юрган Ихтиёр бақир-чақирни эшитиб кўчага югурди. Қараса, ўғли Сафаралининг атрофида отлиқлар бири қўйиб, иккинчиси ўғлини савалар, қизлар ва хотини чинқириб йиғлашарди. Ота кўзига кўринган бел ўроқни олиб кўчага отилди.
Отанинг шашти баланд ва кўзлари қонга тўлалигини кўрган отлиқлардан бири ўзини отдан ташлади:
- Ўроқни ташла, - деди у ижирғаниб. - Иккаланг ҳам олдимга туш, йўқса хонадонингга ўт қўямиз.
- Гап буёқда дегин, - деди ота ўғлини қучоқлаб, - шу гапни ётиғи билан тушунтирсанг бўлмайдими? Болада нима айб?!
- Гапни кўпайтирмай, айтганимни қил.   Ўзингга жабр қилма.
Ихтиёр муштлашиш фойдадан ҳоли эканлигини, қаршилик кўрсатиш унданда беш-баттар салбий оқибатларга олиб келишини билар, шунинг учун ўғлига қараб деди:
- Сафарали, қўрқма, вақти келиб бу зўравонлар оёқларингга йиқилиб узр сўрашади. Дунё бесўроқ эмас. Ҳар ким ўз қилмишига яраша жазо олади.
Ихтиёрнинг ишонч билан айтган бу сўзларидан сўнг отлиқлар "тушунмадик" дегандек, бир-бирига олазарак кўзларини қадашди.
Олдинда ота-бола, от устида эса ўн нафар зўравон бек қишлоқ оралаб қаергадир йўл олишди.
***
"Бузоқни югургани сомонхонагача", деганларидек, тўғонбузарларнинг ҳам сабр косаси тўлиб, уларни бу ишга чорлаган беклар ва уларнинг ҳомийлари ҳақида тортишув ва ўзаро музокара бошланиб кетди. Бири ундай деса, бири бундай, деб инкор қилар ва бир ёқадан бош чиқаришга иккиланар эдилар.
Уларнинг бу ишига анча йиллардан буён бош-қош бўлиб юрган, рағбатлантирган кимсага қарши чиқиш қандай оқибатларга олиб келишини улар яхшигина тушунар ва ҳайиқар эдилар. Чунки ўша киши уларнинг бирига яп-янги уй совға қилган бўлса, иккинчисига эса ўз синглисини бериб қўйибди. Учинчисига эса "отардаги қўйнинг қайси бири учта туғса, ёппасига сеники", деб қўйибди.
Куни кеча эса ҳибсхона бошлиғига нисбатан суиқасд уюштирилди. Бу ҳодиса оз-моз бўлсада, уларга далда бўлган бўлса, қозихона ходимларини янада ҳушёрликка ундади. Афсуски суиқасд уюштирган шахсларни таъқиб этиш фойда бермади. Ярим тунгача давом этган таъқиб охирида улар чалғитишди. Тун бўзариб келаётган пайтда уларнинг пойафзаллари ва кийимлари топилди холос. Улар йўл қолиб оёқ яланг ҳолда қояларга тирмашиб жуфтакни ростлашган эди.
Бироқ, шу нарса ойдинлашдики, улар ўзлари фаҳмламаган ҳолда, қароргоҳлари харитадаги иккинчи "Маржонсой" эканлигини фош этишган эди.
Ана шу нарса қози Маҳкам уғли Ўктам учун жуда катта совға бўлди ва калаванинг учи топилганлигига ишора қилди:
- "Жон куйдирмасанг, жонона қайда", - деган гап бор, - деди қози харита атрофидагиларга юзланиб. - Буни қаранг, улар йўлнинг учдан икки қисмини оёқ яланг босиб ўтишга қарор қилишган. Улар манзилга етиб бораолармикан? Оёқла-ридан қон оқа бошлагач, унинг ҳиди йиртқичлар тўдасини ўзига чорламасмикан?, - деди қози мушти билан харитага зарба бергач. - Ҳозир  чошгоҳ. Биз жазо бўлинмаси одамларидан йигирматасини ҳозироқ ўша манзилга ташлаймиз. Ахир уларнинг улови йўқ-ку. Юқоридан эса яна эллик кишини ташлаймиз.
Тезкор тадбир ўз самарасини бериши барчани руҳан тетиклаштирди. Зудлик билан, айтилган бўлинмалар ўша манзил томон сафарбар этилди.
Пешин намозига азон айтилаётган пайтда юқоридан ташланган эллик нафар жазо бўлинмасининг одамлари ҳайратдан ёқа ушлашди. Чўққилар устида туриб пастдаги бўри ва шоқол тўдаларини кўриш жазо бўлинмаси одамларига ҳузур бағишлади. Уч-тўрт тўдага бўлинган йиртқичлар аллақачон қоринларини тўйғазиб, қолган-қутган суяклар атрофида айланишарди. Улар ёпирилиб келаётган одамлар ва уларнинг қувончли ҳайқириқларини эшитиб, тум-тарақай қоча бошлашди.
Шу нарсани айтиб ўтиш жоизки, жазо бўлинмаси бирорта ҳам жосусни қўлга ололмаган бўлсада, душманлар учун оғир ва даҳшатли йўқотиш бўлди. Ўз оёғи билан келиб, кетишда эса йиртқичларга ем бўлишдек ачинарли ҳолат яқин ўртада рўй бермаган эди.       
Давоми бор.
Саъдулла ҚЎШОҚОВ.