ШОҲ ВА ГАДО

(Охири. Бошланиши ўтган сонларда)
Аввал айтиб ўтганимиздек, Қутбиддин ва унинг одамлари режалаштирилган нуқталарнинг барчасида шай туришар, ҳатто келиб-кетган иккала жосус (Қилтириқ ва Қоравой)ни ҳам кўздан қочиришмади. Эмин-эркин ҳаракатланишига йўл қўйиб беришди.Саҳарга яқин Баракахон ва унинг қароқчилари Булоқбоши манзилига яқин бўлган жойда тўхташди. Икки юз кишидан иборат лашкар тонг отишини кута бошлади. Уларнинг режаси шундан иборат эдики, тулки овини энг қизғин палласини кутиш ва тўсатдан ҳужумга ўтиб душманни доғда қолдириш эди.
Қуёш чиқиб тоғлар устида найза бўйи кўтарилсада, кечагина қурилган шоҳона ўтов ва бошқа буйрадан ясалган хоналар атрофида биронта тирик жон кўринмас эди.
Лашкар ва унинг бошлиқлари талвасага тушиб бир-бирига қарашар ва нима бўляпти ўзи, деган маънода кўз уриштиришарди:
- Қилтириқни топинг, - деди Баракахон аламзада кўзларини олайтириб.
- Мана у, ёнингизда турибди, - деди кимдир қилтириқни елкасига шапатлаб.
- Гапир, ҳайвон, - деди бошлиқ оғзидан тупуги сачраб, - нега ҳаммаси сув қуйгандек жим-жит. Бу осойишталик нимадан далолат беради?
Тили калимага келмай қолган Қилтириқ дудуқланиб деди:
- Хўжайин, диққат билан қарасангиз бўлмайдими. Ана, қозонларни тагида олов ва қозонлардан буғ кўтариляпти, хўжайин.
Баракахон ютинди. Қамчиси билан бош кийимини юқорилатди ва деди:
- Негадир юрагим безовта. Биз кутиб ўтирмаймиз. Қўққисдан ҳужумга ўтамиз. Ўт қўямиз. Қани, олға, йигитлар!!!
Икки юздан зиёдроқ қўшин бошлиқлар ортидан кечувга ташланди. Бақир-чақир ва қулоқни кар қилувчи қийқириқлар остида улар нариги соҳилга чиқиб олишди. Бироз ўтиб қўшин янги қурилган истеҳкомларни қуршаб олишди.
Ҳамма ҳайрон ва бир-бирига қарайди. Баракахон эса қиличини яланғочлаб Қилтириқ томон от солади:
- Аблаҳ, ўлдираман сени.
Кимдир биров лашкарбошини қувиб етади ва кўндаланг бўлиб уни тўхтатади:
- Хўжайин, тўхтанг!
Катта тезликда келаётган отлар бир-бирига урилиб, ерга қулайди. Ўрнидан сапчиб турган иккинчи отлиқ хўжайинни отнинг тагидан суғуриб олади:
- Хўжайин, биз тузоқдамиз. Атрофга бир қаранг.
Бош кийими учиб кетган Баракахон тиззаларига таянган ҳолда инграб ўрнидан туради ва атрофга қарайди. Қўлидаги қиличи жаранглаб ерга тушиб кетади. Инграб ён томонга қулайди. Қўлига илакишган қоятош парчасини олиб бошига, ўзининг тана қисмига ура бошлайди.
Югуриб ёрдамга етиб келган икки отлиқ энгашиб уни кўтариб ортга чопаётган пайтда Баракахон улардан бирининг ханжарини суғуриб олади ва жон-жаҳди билан ўзининг чап кўкрагига санчади.
Жони танасидан узилаётган бир пайтда унинг кўзларига жигарлари Мавлонхон ва Қудратхон кўриниб кетади. Улар Баракахонни даст кўтариб отга ортишади ва чекина бошлайди.
Шу пайт икки ён тарафдаги тоғлар устидан бурғи овози янграйди. Боз устига чекинаётган қўшиннинг олд қисмидан етиб келган отлиқ, лашкар бутунлай исканжада эканлигини маълум қилади.
Аламзада Қудратхон ва Мавлонхон Қутбиддин ўтови томон от қўйишади. Саросимага тушиб қолган лашкар ғуж бўлиб сувга чўкаётган одамдек бақир-чақирга тушади.
Шу пайт иккинчи бор бурғу овози эшитилади. Барчанинг кўз ўнгида оппоқ либос ки-йиб олган ва қўлида жуда катта ҳажмдаги оқ матони силкитиб пастга тушиб келаётган чол кўринади. Бурғу овози тинмас, аксинча бири қўйиб иккинчиси давом этаверди. Бироз ўтиб эса камлик қилганидек, бурғулар ёнига ноғора ҳам қўшилиб олди.
- Ё...о пирай!, - деб юборди кимдир биров босиқ овозда. - Нималар бўляпти ўзи а? Биз жангга келдикми ёки тўйга таклиф қилишдими? Тушунолмай қолдим, - деди у ёнидаги шеригига қараб.
- Жим бўл!, - деди шериги қўлини пешонасига соябон қилиб. - Келаверсин. Ҳеч ким қурол ишлатмасин. Чунки бобой қуролсиз, эшитдингизми?
Қароқчилар тўдаси бақир-чақирни тўхтатиб воқеа ривожини кута бошлади. Келаётган киши чақир тошлар устида онда-сонда қоқилиб кетар ва қаддини ростлаб яна юришда давом этар эди. Бироз орқароқда эса жуссаси, қадди-қомати аёл кишини эслатиб юборувчи, аммо эркакча кийиниб олган ёш "йигитча" келарди.
Оралиқ масофа 40-50 қулочлар қолганда улар тўхташди. Гапирмоқчи бўлган серсоқол киши гапирмоқчи бўлар, аммо чарчоқ ва юракнинг гупиллаб уриши бунга йўл қўймасди. У чуқур-чуқур нафас олар, елкалари эса бир пастга, бир юқорига чиқиб тушарди.
Баракахон лашкарлари нафас олишни ҳам унутиб, тошдек қотиб воқеа ривожини кутишарди. Аламзада Мавлонхон ва Қудратхондан эса дарак йўқ.
Ниҳоят, серсоқол киши тилга кирди:
- Азиз фуқаролар, биродарлар! Биз бу ерга сиздек азиз инсонлар билан жанг қилишга ва қон тўкишга келмадик. Бирортангизни жонингизга қасд қилмаймиз...
Шу пайт кимдир бақир-чақир қилиб тўдани ёриб олдинга чиқди ва шерикларига юзланиб:
- Биродарлар, бу чолнинг биронта гапига ишонманг. Бу кишини мен жуда яхши танийман ва умрбод эсимдан чиқаролмайман. Бу киши қақшатгич жангларнинг бирида мени қувиб етиб, ўлдириши ўрнига, отимни думини тубидан чопиб ташлаган ва устимдан кулган. Мен бу кишини ўлдирмай қўймайман.
- Ўчир овозингни, - деб бақириб юборди кимдир. - Бир сени хусуматингни деб ёниб турган оловга сув сепамизми?
У гапга кирмади, қўлидаги камонни ерга улоқтирганича чол томон отилди. Оралиқ масофа яқинлашганда ёнидаги ханжарини қўлига олди.
Бўлаётган воқеаларни диққат билан кузатаётган аёлсифат йигитча унинг қўлидаги ханжар ва важоҳатини кўргач енги орасидаги ханжарни шай ҳолатга келтирди.
Чол ўнг қўлини кўтариб, уни тўхташга чақирди, бўлмади. Уч-тўрт қадам қолганда у гандираклаб йиқилди. Турмади.
Тўда эса саросимага туша бошлади:
- Қимир этманг ва қуролга қўл чўзманг, - деди икки-уч дақиқа олдин бақирган одам, - эшитайлик.
Шовқин-сурон бироз пасайди. Шарофиддин ота яна беш-олти қадам олдинга юрди. Ортидаги "йигитча" ҳам унга яқинлашди:
- Мен ўз жонимни, ортимда турган қизимни ҳаётини гаровга қўйиб қасамёд қиламан ва сиздан ўтиниб сўрайман, қуролни ташланг ва қулоқ солинг. Биз сиздек азиз инсонларни ҳаётингиз ва турмуш тарзингизни чуқур ўргандик ва сизга ёрдам қўлимизни чўзишга қарор қилдик. Одамзот дунёга бир маротаба келади ва Аллоҳ томонидан берилган ўша имкониятни яхши яшаб, ўзидан яхши ном ва фарзандлар қолдиришга ҳаракат қилади. Сидқидилдан меҳнат қилиб фарзандларига меҳнат тарбияси ва келажак ҳаётни совға қилади.
- Бобой, қисқароқ қилинг, - деб юборди жангарилардан бири баланд овозда. - Меҳнат, меҳнат дейсиз. Нима, сиз бизни қулликка чорламоқчимисиз ёки бошқа мақсадингиз борми?
- Бор ва шу мақсадни айтиш учун мен олдингизга келиб турибман. Мен ҳозир қизгинам билан олтмиш қадам ортга чекинамиз ва кутамиз. Сиз эса истаган кишингизни, аниқроқ қилиб айтганда ҳурматингизга лойиқ бўлган иккита одамингизни юборинг. Гаплашамиз, аниқ мақсадни ўртага ташлаймиз. Яна такрор айтаман, биз сизга ёмонликни раво кўрмаймиз.
Шундан сўнг чол ва қизи айтилган масофага қайтишди.
Югуриб келган тўрт нафар жангари аламзада ҳужумчининг жасадини кўтариб кетишди. Зебо улоқтирган ханжар унинг бўйнига санчилган эди.
Узоқ давом этган суҳбат ва савол-жавобдан сўнг томонлар ўрниларидан туришди. Уларнинг қўл ташлашиб хайрлашганини кўриб, қароқчилар ҳайрон қолишди.
Қайтиб келган икки нафар жангари тўданинг ўртасидаги улкан қоятош устига чиқиб, одамларни жимликка чорлашди ва музокарада эшитганларини тўкиб солишди.
- Шоҳ Қутбиддин ва сарой ходимлари биздан қароқчилик ва босқинчиликдан воз кечиб тинч ва осойишта ҳаётга қайтишимизни сўрашмоқда. Уларнинг айтишича, биз доимий кузатувда ва юришларимиз қатъий назорат қилинаётган экан. Хоҳлаган пайтда, дейишди улар, бизни аяб ўтирмаслиги ва жазолаши мумкинлигини айтишди.
- Хўш, биз нима қилишимиз керак? Очимиздан ўлишимиз керакми ўша қоронғу сойларда, - деди жангарилардан бири пишқириб. - Бизда ер бўлмаса, томорқа, боғ-роғ бўлмаса.
- Ҳа-да, деди яна бири кўзлари олайиб. - Мол боқай десанг, бу қип-қизил қоятошлар орасида ўт-ўлан ўстириб бўлмаса, томорқа қилай десанг, тупроқ бўлмаса.
- Гапни эшитинг ва бир тўхтамга келайлик, - деди бошловчи. - Сизлар худди айнан мен айтган саволларни такрорладингиз. Баракалла. Улар шундай жавоб қайтаришди: Агарда биз улар қўйган шартга рози бўладиган бўлсак, уй-жой ва томорқа билан таъминланар эканмиз...
- Бўлмаган гап, - деди биров дабдурустдан. - Учала қоронғу сойда яшаётган камида икки юз хонадонга томорқа ва уй-жой беришни ўзи бўладими? Ишонмаймиз.
Унинг гапларига жуда кўпчилик лаққа тушиб кетди. Ғала-ғовурни тўхтатишни ўзи бўлмади. Кимдир жанг қиламиз, деса, кимдир чекинамиз, ёриб ўтамиз, деган фикрни ўртага ташлади.
- Халойиқ, тўхтатинг ғавғони, - деб учинчи киши бақирганича қоятош устига чиқиб олди. - Атрофга қаранг, ахир. Турнақатор бўлиб турган камончиларни кўраяпсизми? Агарда жанг қиладиган бўлсак, ҳар биримизга етти-саккизтадан ўқ санчилиши муқаррар. Шунга розимисизлар?
Ғала-ғовур тўхтади. Учинчи киши бизга таниш бўлган "Қоравой" эди. У гўштдор кўкракларига гурсиллатиб икки-уч марта муштлади ва ошкора равишда қуролларини улоқтирди.
- Мени уч нафар фарзандим бор ва мен уларни оч қолдириб қўймайман. Менга ер, сув беришса бўлгани, - деди-да , сакраб ерга тушди.
- Хайрият, - деди бошловчи енгилгина жилмайиб. - Орамизда соғлом фикр юритувчилар ҳам бор экан. Фикримни давом эттирайми? Гапирайми ёки жангга киришамизми?
- Гапир, охиригача эшитайликчи, - деди ғўлдираган бир овоз.
Бошловчи Шарофиддин отанинг гапларини оқизмай-томизмай такрорлади:
- Улар рози бўлган хонадонга ҳосилга кириб бўлган юз тупдан иборат токзор ва вақтинчалик ўтов билан таъминлашни ваъда қилишмоқда. Ҳар беш хонадонга омочи билан қўш ҳўқиз берилишини, фарзандли оилаларга эса икки жуфтдан соғин эчки берилишини маълум қилишди. Токзорлар билан таъминланган оилалар икки йил ҳар қандай ўлпон ва солиқлардан озод этилар экан.
- Жуда маъқул гап, - деди кимдир бош кийимини осмонда ўйнатиб. - Бироқ, куз келиб ёмғир ва қор ёға бошласа нима бўлади?
- Танангда жонинг борми ўзи? - деди кимдир жаҳл аралаш. - Ёки майибмисан? Наҳотки кузгача иккита хонадан иборат томча қуриб ололмасанг?!
Музокара узоқ чўзилмади. Ёши элликни қоралаб қолган бир мўйсафид киши олдинга чиқди ва қурол-аслаҳаларини оёқлари остига ташлади:
- Майли, мен розиман. Бошқаларни билмадим, лекин бир умр юрагимни ҳовучлаб қўрқув ва босқинчилик қилиб, кимнидир ёстиғини қуритиш эвазига яшашни хоҳламайман.
Орага жимлик чўкди. Бир пас ўтиб эса қурол-аслаҳаларнинг жаранглаб оёқ остидаги тошлар устига тушаётгани баралла эшитила бошлади...
Кўп ўтмай атрофдаги тоғлар устида байрамона карнай-сурнай ва ноғоралар овози янграй бошлади.
ХОТИМА
Қиссада ривож топган воқеалар Қўшрабод, Иштихон ва қисман Оқ ва Қора дарёлари оқиб ўтадиган Оқдарё туманига ҳам алоқадор.М.В.Фрунзе ва Куйбешевнинг Амир Олимхон қароргоҳи ва унинг бойликларини иккита эшелонда Москвага олиб кетиши, 60-80 йилларда эса Амир Олимхоннинг Қўрлисой атрофидаги ҳудудда жойлашган хазинасини "археологик қазилма ишлари" ниқоби остида талон-тарож қилиши менда нафрат уйғотди. Ушбу маскан Барлос ва Қулчара қишлоқлари ҳудудида жойлашган. Қиссадаги шоҳ Қутбиддин қароргоҳи айнан ўша ерда жойлашган. Жуда катта майдонни эгаллаган ушбу ҳудуд атрофи муҳофаза чораси сифатида чуқур ҳандаклар билан ҳимояланган.
Қўшрабод "Ҳасан бобо" қишлоғидан 50-60 километр, нарида эса қиссада қайд этилган қароқчилар маскани - Можиримсой жойлашган.
Камина ушбу сойга 1964-1968 йилларда «Ҳасан бобо»даги қариндошларимиз билан икки маротаба саёҳат уюштирганмиз. Йўл жуда узоқ ва ўта хатарли. Ушбу йўлакчадан пиёда, эшак, отда юриш мумкин.
Можирим сойига кирсангиз, ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Негаки бу жойга қуёш нури тушмайди. Одамзод томонидан қурилган тош йўлаклар, томи очиқ қатор-қатор уйлар, томи кетган тегирмон, тандирхоналар сойнинг икки тарафида турнақатор бўлиб турибди. Занглаб кетган ошкади қирғич ҳамон эгасини кутмоқда. Атроф қип-қизил тоғ тизмалари. Экин-текинга эса тупроқ йўқ. Сув хоҳлаганча. Тегирмон, уйлар, йўлаклар ва ғужғон ўйнаётган балиқлар одамзод йўлини пойлайди. Менда эса фақат "Смена" фотоаппаратида олинган 5-6 дона фотосурат ва Можирим ҳақида битилган биттагина шеър сақланмоқда.
Боринг, кўринг ва ёввойи табиатдан баҳра олинг. Отларда бориш учун эса туёқларида қоқилган тақаларни олиб ташлашни унутманг. Шамол пайти уловдан тушиб ётиб олинг. Пастга қараманг. Йўлакчадан то дара тубигача бўлган масофа 2000- 2500 метрлар атрофида бўлиб, теп-текис майдон ва атрофи икки одам бўйи келадиган ҳандакдан иборат.
Саъдулла ҚЎШОҚОВ.
Мавзуга оид:

ШОҲ ВА ГАДО (Давоми. Бошланиши ўтган сонларда)
- 27 авг, 11:14

ШОҲ ВА ГАДО
- 20 авг, 11:41

Шоҳ ва гадо Давоми. Бошланиши ўтган сонда.
- 09 июл, 11:07

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05