МАСТОПАТИЯ НИМА?

Мастопатия - бу сут безининг безарар касаллиги бўлиб, унда бириктирувчи тўқима ва эпителиал элементларнинг нормал ўзаро боғланиши бузилади.
Мастопатия сўзи грекча mastot "кўкрак" ва pathos  "оғриқ, азоб" демакдир. Мастопатиянинг яна дисгармонал дисплазия деб атайдилар.
Кўкракда ўқ теккандек санчиб оғрийдиган, жизиллатадиган, ачиштирадиган, куйдирадиган ёки тортишиб оғрийдиган оғриқ: оғирликни сезиш, шиш ва сут безларининг дағаллаши; сут безларига тегиб кетганда оғриқ сезиш, кўкракда "бегона жисм"ни сезиш ва ундан суюқлик ажралиб чиқиши мастопатияга хос ҳолатлардир.
Мастопатия гормонал дисбаланс кўринишида пайдо бўлади, ўз навбатида турли хил касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Мастопатия барча ёшдаги аёлларда учрайди ва у ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетмайди. Статистик маълумотларга кўра, мастопатиянинг тарқалиши 40-60%ни ташкил этади.
Бу касалликни даволашни қанчалик вақт-ли бошласангиз, даволаш шунчалик самарали бўлади. 90% ҳолатларда мастопатияни мустақил равишда сут безларини ўзи текшириш йўли билан аниқлаш мумкин. Касалликнинг олдини олиш учун ҳар 6 ойда мутахассис-онколог-маммолог  кўригидан ўтиб туриш зарур.
Мастопатия турлари
Мастопатияни қуйидаги гуруҳларга бўлиш мумкин: тугунсимон, диффуз, фиброз, кистоз.
Мастопатиянинг келиб чиқиш 
сабаблари
1.Гормонал бузилишлар. 
2.Сурункали стресс ҳолатлар.
3.Гинекологик муаммолар:
* Ҳайз кўриш циклининг бузилиши, тухумдонлар, бачадоннинг сурункали касалликлари, бачадон миомаси, эндометроз;
* Ҳомиладорликни сунъий йўл билан  тўхтатиш - тиббий аборт;
* Кўкрак сути билан боқмаслик ёки эмизиш даврининг қисқалиги;
Кечиккан биринчи ҳомила ва туғиш (28 ёшдан кейин);
* Нормал ҳайз кўриш цикли муддати, кечки климактерик давр;
Мастопатиянинг белгилари
Одатда, мастопатияда сут безлари тўқималарининг ортиқча катталиши содир бўлади. Буларнинг барчаси оғриқнинг пайдо бўлиши (масталгия) ва сут безида кескин оғриқ бўлиши (мастодиния), сут безлари консистенциясининг ўзгариши билан  ва кўкракдан турли кўринишдаги суюқлик ажралиб чиқиши билан намоён бўлади. Кўпчилик аёлларда таърифлаб берилган аломатлар циклик равишда, ҳайз кўриш арафасида кузатилади. Шунингдек, кўкракда оғирлик, қўл сал тегиб кетганда оғриқлар сезадилар.  Сут  безларида  қаттиқлик, тугунчалар пайдо бўлиши мумкин. Касалликнинг бошланғич босқичида ҳайз кўришнинг бошланиши билан оғриқ аломатлари йўқолади.     Бироқ, касалликнинг ривожланишига қараб, оғриқ доимий бўлиши ва шу қадар тез бўлиши мумкинки, натижада аёлнинг тинчлиги бузилади.
Диагностикаси
Кўрикдан ўтишнинг диагностик усулларига қуйидагилар киради:
1. Шифокор -онколог - маммолог кўриги
2. Рентгеномаммография
3. Сут бези УТТ
4. Диагностиканинг бошқа махсус усуллари (ингичка игнали аспирацион биопсия, доплерография, пункцион биопсия, магниторезонанс томографияси ва х.к).
5. Кўкракни мустақил равишда текшириш усули. Бу усул ўз афзаллиги билан ўсма ва ўсма олди касалликларини барвақт аниқлашда катта имконият беради.
Ўз-ўзини текшириш аёллар учун кўкракда бўладиган барча ўзгаришларни аниқлашнинг энг яхши йўли. Эрта ва ўз вақтидаги диагностика тўла ҳажмда керакли бўлган барча даволаш тадбирларини ўтказишга имкон беради ва соғлигини тўлақонли сақлашда энг ижобий маълумотларни олдиндан ифода этади. Кўкракни доимий текширтириб туриш сут безлари саратони, мастопатия касби хасталикларнинг олдини олишга ёрдам беради.                   
Ҳурматли аёллар, ўз-ўзини текшириш атиги бир неча дақиқа вақтни олади ва ҳар ой ҳайз кўриш тугаганидан 2-3 кун ўтгач, уни ўтказиб туриш керак. Ўз-ўзини текшириш иложи борича, бир хил схемада олиб борилиши керак.          
Мастопатия профилактикаси бўйича маслаҳатлар:
1.  Стресс ҳолатидан қутулинг;
2.  Ўлчами сизга тўғри келадиган ва табиий матолардан ичкийим кийинг.
3.  Ҳомиладорликни сунъий йўл билан  тўхтатишга (аборт) йўл қўйманг.
4.  Ўз вазнингизни кузатинг.
5.  Фаол ҳаёт тарзи, яхши уйқу (8-9 соатдан кам эмас), зарарли одатларни (чекиш, алкогол) камайтириш ёки ундан воз кечиш, шунингдек тўғри овқатланиш мастопатиянинг олдини олишда муҳим эканлигини унутманг.                            
З.ЭГАМҚУЛОВ,
 ТТБ поликлика бўлими онколог шифокори.