ҚИЗАМИҚДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!

Қизамиқ қандай касаллик, унинг пайдо бўлишига нималар сабаб бўлади, даво чоралари қандай? Шу каби саволлар оналарнинг ўринли ташвишига сабаб бўлиши табиий. Қуйида шу ҳақида батафсил маълумот бериб ўтамиз.
Қизамиқ - ўткир юқумли касаллик бўлиб, тана ҳароратининг кўтарилиши, юқори нафас йўллари, кўз шиллиқ пардалари, оғиз бўшлиғининг яллиғланиши ва терида қизил, йирик доғли тошмалар тошиши билан xарактерланади. Касаллик қўзғатувчиси вирус ҳисобланишини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бемор йўталганда, аксирганда, гаплашганда тупугининг майда томчилари орқали ҳавога тушади, кейин нафас йўллари орқали соғлом боланинг организмига ўтиши билан хавотирли. 
Шу ўринда қизамиққа одатда ҳамма кишилар берилувчан бўлишини унутмаслик лозим. Касалликдан сўнг иммунитет қолади. Касаллик 4-босқичда кечиб, яширин даври эса 6-18 кундир. Унутмаслик керакки касаллик белгилари деярли сезилмайди. Продромол давр инкубацион даврдан ке- йин 3-4 кун давом этади. Касаллик ўткир бошланиб, ҳарорат кўтарилади, бемор қуруқ йўталади, тумов бўлади, кўзи қизариб, ёшланади, товуши бўғилиб қолади, ёруғликка қарай олмайди. 
Бу даврда лунж шиллиқ қаватида тошма тошишдан 2-3 кун олдин қизил майда оқ доғлар пайдо бўлади. Тошма тошгандан ке-йин 1-2 кунда йўқолиб кетади. Юмшоқ ва қаттиқ танглайнинг шиллиқ пардасида энантема - майда қизил доғлар пайдо бўлади. Табиийки боланинг дармони қуриб, инжиқ бўлиб қолади, уйқуси, иштаҳаси йўқолади, тез-тез ичи кетади. 
Катта ёшли болаларда эса бу жараён қандай кечишига ҳам эътибор қаратсак. Бош оғриғи, қусиш, бурун қонаши, қорин оғриғи кузатилади. Тошма тошиш даврида бемор қайта иситмалайди, томоғи қизаради. 4-6 кунга келиб ўзига xос қизил, йирик доғ тошмалар тошади,   бир неча соатдан сўнг бутун юзга ёйилади. Тошма иккинчи куни бадан, учинчи куни қўл-оёққа тарқалади. Қизамиқда тери нам бўлиб, бир оз қичишади. 3-4 кундан сўнг соғайиш даври бошланади. Юздаги тошмалар қорая бошлайди ва жигар ранг доғларга айланади. Зотилжам (ўпка яллиғланиши), томоқнинг шиши, ўрта қулоқнинг яллиғланиши (отит), ичак касалликлари каби асоратлар қолади.
Қизамиқ 2 ёшгача бўлган, шунингдек, бошқа ёшдаги нимжон болалар учун айниқса xавфли. Шу сабабдан уларни қизамиқдан жуда эҳтиёт қилиш керак. Болаларни 12-ойликдан бошлаб қизамиқ, қизилчага қарши эмлаш муҳим аҳамиятга эга. Яна шуни қайд этиш лозимки, фарзандларимиз мазкур касалликларга қарши эмлансалар ҳар қандай кўнгилсиз ҳолатлар бартараф этилади. Фарзандларимизнинг саломатлиги ўз қўлимизда экан, эътиборли бўлишни унутмайлик!   
Туман Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими.
Мавзуга оид: