Қизамиқ ва қизилча юқумли касалликларидан сақланинг!

Қизамиқ ўткир юқумли касаллик бўлиб, у организмда юқори нафас йўлларининг яллиғланиши, тана ҳароратининг кўтарилиши, тошмалар тошиши ва интоксикация белгилари намоён бўлиши билан кечади.Ушбу касаллик айниқса болалар ўртасида кўп учрайди. Бир ёшгача бўлган чақалоқлар учун бу ниҳоятда хавфлидир. Касаллик асосан ҳаво-томчи йўли билан юқади, чақирувчиси эса вируслар ҳисобланади. Ҳозирги кунда қизамиқ кам учрасада, баъзан болалар уюшган муассасаларида у билан касалланиш ҳалигача қайд этилмоқда. Касаллик манбаи шу касаллик билан оғриган бемор ҳисобланади. Охирги 10 йиллар давомида қизамиқ касаллиги болалар ўртасида жуда кам учраган. 2018 йил охири ва 2019 йил январь ойида вилоятимизнинг баъзи туманларида бу касаллик яна учрай бошлади. Касалликнинг юқиши жуда баланд бўлганлиги боис бу касалликдан сақланиш чора-тадбирларини яхши билишимиз лозим.
                   Қизамиқ вируси беморнинг бурун-ҳалқум, юқори нафас йўллари шиллиқ қаватларида тўпланади, бола гаплпшганда, аксирганда, йўталганда ва йиғлаганда вирус ажралмалар билан ташқарига чиқади ҳамда бошқа соғлом болага тез юқади. Бемор бола билан бўлган болаларга касаллик 95-96 % юқиш эҳтимоли мавжуд. Қизамиқ вируси ташқи муҳитга жуда чидамсиз, инфекция ўйинчоқлар ва учинчи одам орқали деярли юқмайди. Касаллик мавсумий бўлиб, касаллик асосан қиш-баҳор ойларида кўп учрайди. Болаларда касаллик инфекция юққандан кейин орадан 9-11 кун ўтгач, қўйидаги белгилар намоён бўлади: тумов, буғиқ йўтал, кўз ёшланиши, ёруғликка қарай олмаслик, тана ҳароратининг 38-39 градусгача кўтарилиши, лаб, лунж ва шиллиқ қаватларига оқ доғлар тошиши. Тошмалар дастлаб қулоқ орқасига, бўйин юзга ва қисман баданга, кейин эса билакка ва оёқларга тошади. Тошмалар қизил рангда бўлиб бўртиб туради, катта-катта доғ кўринишида бўлиб, бир-бирига қўшилиб кетиши мумкин. Тошмалар қаердан бошлаб тошган бўлса, шу тартибда қайтади, ўрнида пўст ташлайдиган доғлар қолади. Ўз вақтида даво чоралари олиб борилса, тана ҳарорати нормаллашади ва бола тез соғая бошлайди. Қизамиқдан сўнг бола организмида шу касалликка қарши бир умрлик иммунитет қолади. Кўпчилик болалар қизамиқдан сўнг узоқ вақт давомида беҳол ва ланж бўлиб уйқуси бузилади, чунки касалликдан кйин болада умумий иммунитет пасаяди. Катталарда қизамиқнинг кечиши асосан марказий нерв системаси бузилиш аломатлари: бош қаттиқ оғриши, уйқусизлик ва қусиш, баъзан менингоэнцефалит асорати белгилари кузатилади.
Қизилча ҳам қизамиқ каби ўткир юқумли касаллик бўлиб, юқори нафас йўллари яллиғланиши белгилари ва яна лимфа тугунларининг катталашиши билан кечади. Кўпинча қизилча аломатларсиз кечади ва бундай беморлар касаллик тарқатувчи манба бўлиб хизмат қилишлари мумкин. 
Қизамиқ ва қизилча ўзининг асоратлари билан хавфли ҳисобланиб, беморлар шифокорга кеч мурожаат қилишганда ва даво чоралари кеч бошланганда қўйидаги асоратлар кузатилиши мумкин: ларингит, пневмония, плеврит, отит, стоматит, менингит, менингоэнцефалит, диспепсия ва энтероколит.
Ҳомиладор аёллар қизилча билан касалланганда ҳомилада қўйидаги нуқсонлар ривожланиши мумкин: мия чала ривожланади, карлик, кўрлик, кўзнинг оғир зарарланиши, юрак нуқсонлари ва бошқа нуқсонлар пайдо бўлади.
Қизамиқ ва қизилча касалликларини олдини олиш чора-тадбирлари
Болалик давридаги барча профилактик эмлашлар ва албатта қизамиққа қарши эмлаш бу касалликларнинг олдини оладиган энг яхши воситадир. Қизамиқ ва қизилча бошқаларга тарқалиб кетмаслиги учун бемор болани дарҳол ўз уйида алоҳидалаб, зудлик билан шифокор чақириш зарур. Бемор ётган хонани тез-тез шамоллатиб туриш, у ётган хонага бегоналар, айниқса ёш болаларни киритмаслик керак. Беморнинг оила аъзолари унинг олдига киришидан олдин оғиз-бурунларига 4 қаватли дока ниқоб тақишлари шарт. Агар бола боғчага, мактабга ёки коллежга қатнаса, шу муассасада вақтинча карантин ўрнатилиб, масъул тиббий ходимлар кузуви кучайтирилади. Бемор бола карантин даври тугамагунича ва тўлиқ тузалмагунича ушбу муассасаларга қатнамаслиги лозим. 
Ҳурматли ота-оналар!, аввало фарзандингизни болалик давридан ўз вақтида юқумли касалликларга қарши профилактик эмлатитинг ва албатта қизамиққа қарши ҳам эмлатинг. Мабода маълум сабабларга кўраболангизда қизамиқ ёки қизилча касаллиги белгилари пайдо бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг, акс ҳолда ушбу касалликлар болада оғир асоратларга олиб келиши, ҳатто айрим ҳолатларда ўлим билан тугаши ҳам мумкин. Бунга асло йўл қўйиб бўлмайди!.
И.Р.Анорқулов 
Вилоят юқумли касалликлар шифохонаси инфекционисти:       
    Т.Каримова 
 Кўп тармоқли марказий поликлиника инфекционисти:           
Мавзуга оид: