СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИ

Соғлом турмуш тарзи тиббий маданиятнинг бош мезонидир. Тиббий маданиятсиз соғлом турмуш тарзини тасаввур қилиш қийин.
Тиббий маданиятли бўлиш - бу инсоннинг оддий санитар-гигиеник билимларга эга бўлиб, жисмонан фаол бўлиш, соғлом овқатланиш, вақтида ўзи ва оила аъзоларини касалликларга қарши эмлатиб туриш, тиббий кўриклардан ўтиш ҳисобланади. 
Cаломатлик - бу инсон организмининг нафақат касалликлардан ҳоли, балки унинг тўлиқ руҳий, маънавий, жисмоний, тиббий ва ижтимоий барқарор ҳолатидир.
Соғлом турмуш тарзи қуйидаги омиллардан иборат: 
1. Кун тартибига амал қилиш; 
2. Жисмоний фаоллик; 
3. Шахсий, жамоат ва хонадон гигиенаси қоидаларига амал қилиш. 
Ҳар бир инсон кийим-кечаги, тўшаги, шахсий ва пардоз буюмлари, ётоқхона ва ошхона жиҳозлари, дастурхон, сочиқ, идиш-товоқларни ювиб-зарарсизлантириб,  ҳовлини муттасил озода сақлаши, инсонлар, уй ҳайвонлари билан мулоқотдан кейин, кўчадан келгач, ҳожатдан, хўжалик ишларидан сўнг ва овқатланишдан олдин албатта қўлларни совунлаб ювиши лозим. Ҳар куни эрталаб-кечқурун овқатдан сўнг тишларни, юз-қўлларни тозалаб ювиш, ҳафтада 1-2 марта ҳаммомга тушиш, тирноқларни олиб туриш, оёқ кийимларни ҳам тез-тез алмаштириш ва фақат ўзининг шахсий буюмларидан фойдаланиши лозим.
Рационал - оқилона овқатланиш. Ҳар бир хонадонда аввало тоза ичимлик суви манбаи бўлиши лозим. Катта соғлом одам қишда кунига 1-1,5 литргача, иссиқ мавсумларда 1,5-2 литргача, ёзда 2-3 литр, керак бўлганда ҳатто 5 литргача тоза сув ва суюқлик ичиши лозим. Овқат рациони хилма-хил бўлиб, таркиби оқсил, витамин, минерал, углеводлар ва тўйинмаган омега ёғларига бой бўлиши даркор. Ҳайвон ёғлари, мол чарвисидан сақланиш мақсадга мувофиқ. Чойни овқатдан 1,5-2 соат олдин ё 1 соат кейин ичиш, туз миқдори кунига 5 гр дан, шакар миқдори 50 гр дан ошмаслиги, 400-500 гр гача мева-сабзавотлар истеъмол қилиш керак. 
Қовурилган, дудланган, шўр, холестеринга бой ҳайвон ёғлари, колбаса-сосиска, чўчқа гўшт маҳсулотлари, пальма ёғли ўсимлик мойи, консервантлар қўшиб тайёрланган ярим тайёр озиқ-овқатлар, тузламали консервалар, шакарли пишириқлар, газланган, спиртли ва энергетик ичимликлар, электрон сигареталар, фаст-фудли озуқа маҳсулотларини истеъмол қилиш саломатлик учун хавфли эканлигини англаш, улардан воз кечиш керак. 
Кунлик асосий овқатлар: булар - янги мева-сабзавот, кўкатлар, ёғсиз мол, парранда, балиқ гўшти, тухум, сут маҳсулотлари, қуритилган мева, бутун донли дуккакли ва қора нонли нон маҳсулотлари, шифобахш гиёҳлар ва биологик фаол қўшимчалардир.
Экологик маданият. Оила, маҳалла, атроф муҳит, ариқ-зовурлар ва муассасаларни тозалаб кўкаламзорлаштириб, доимий шанбаликлар уюштириб ободончиликка эришиш, ҳайвонлар чиқиндилари ва баргхазонларни чиригунича кўмиб қўйиш, макулатура, металлом, пластик, шиша идишларни базаларга йиғиб топшириш) - буларнинг бари саломатликни сақлайди. 
Зарарли одатлардан онгли равишда воз кечиш. Юртимиз тинчлигини сақлаш мақсадида ичкилик, гиёҳвандлик, тамаки, нос чекиш, уяли телефонлар, компьютерлардан нотўғри фойдаланиш.
Оилада жинсий тарбия ва репродуктив саломатликнинг аҳамияти. Қиз-йигитларимизнинг ор-номусли бўлиши, уларга оилада бошқа жинс вакилига нисбатан тўғри муомалада бўлиш, эрта турмуш қуриш ва қариндошлар ўртасидаги никоҳлар,  уларнинг олдини олиш учун тўйдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш, ўсмирларда ўтиш давридаги физиологик ўзгаришлар жинсий йўллар орқали юқадиган касалликлар ҳақида тўғри тушунтириб, соғлом оила қуриш ва соғлом авлодни вояга етказиш бу - энг долзарб масаладир.
Руҳий саломатликни асраш - бу оилада вақт қадрига етиб, фойдали ишлар билан шуғулланиш, меҳнат ва дам олишни тўғри ташкил этишда дам олиш масканлари, музейлар, концертлар ва зиёратгоҳларда бўлиб туриш ва ғайрат-шижоат билан юртимиз ривожи учун эзгу мақсадли ишларда қатнашишдир.  
Тиббий кўрикнинг аҳамияти. Даволангандан кўра касалликнинг олдини олиш осон. Бунинг учун ҳар бир инсон йилда 1-2 марта тиббий кўрикдан ўтиб туриши лозим. Мақсад - организмда бошланаётган касалликларни эрта аниқлаш, вақтида уларни олдини олиш ва даволашдир. Ёшлар тўйдан олдин чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтишлари лозим.
Миллий-урф одатлар, анъаналарни қадрлаш, тарихий обидалар ва зиёратгоҳларни зиёрат қилиш, буюк бобокалонларимиз тарихини билиш ва чет тилларини пухта эгаллаш. Ёшларни бу нарсалардан баҳраманд этиш саломатликни сақлаш, ўз тарихини яхши билиш-уларнинг билим ва тафаккурини янада кенгайтириб, ижод ва бизнесда юқори даражаларга эришиб, Ўзбекистонни юксак марраларга олиб чиқишда катта ёрдам беради.     


С. ҚОСИМОВА,

Саломатлик ва стратегик 

ривожланиш институти туман 

бўлинмаси шифокори.