КЕКСА ЁШДАГИ КИШИЛАР ҚАНДАЙ ОВҚАТЛАНИШЛАРИ КЕРАК?

Қариликда учрайдиган турли касалликлар биологик ҳаёт давомийлигида кўплаб инсонлар яшай олиш эҳтимоли бўлган ёш билан белгиланади ва олимларнинг фикрича, бу 100-120 йил бўлиши мумкин. Америкалик мутахассислар эса 180 ёш ҳам ҳаёт давомийлигида чегара эмаслигини таъкидлайдилар. 
Инсон қариши билан шуғулланувчи халқаро ташкилот тавсиясига кўра, ёши улғайган кишиларни қуйидаги уч гуруҳга ажратиш тавсия этилган. 
* Кекса ёшли эркаклар - 60-74 ёш, аёллар -55-74 ёш.
* Қарилик ёши - 76-90 ёш
* Узоқ умр кўрувчилар 90 ва ундан юқори ёш. 
Қариликни тезлаштирувчи омилларга нотўғри овқатланиш, чекиш, спиртли ичимликларни суистеъмол қилиш, гиёҳванд моддаларни қабул қилиш ва бошқалар киради. Семизлик, қон томирлар атеросклерози билан боғлиқ бўлган юрак-қон томир хасталиклари, нафас олишнинг бузилиши билан кечадиган ва эндокрин касалликлар ҳамда организмда сурункали интоксикация мавжуд бЎлган шахслар эрта қарийдилар. 
Нотўғри овқатланиш - кексаларда кўплаб аъзо ва тизимлар фаолиятини бузилишининг асосий сабабларидан бири ҳисобланади. Маълумки, қариш табиий жараён ва биологик қонуният. Унинг натижасида бир қатор физиологик-биокимёвий реакцияларнинг сустлашиши, ташқи таъсир омилларига чидамлиликнинг пасайиши кузатилади. Организмнинг барча тизимларида кучсизланиш юз беради. 
Бу даврда биологик фаол модда бўлган витаминлар, макро ва микроэлементлар етарлича истеъмол қилинишини кузатиб бориш зарур. Витамин танқислигининг юзага келишига овқат таркибида витаминлар етарлича эмаслиги, шу билан бирга овқат билан сингувчи витаминларнинг нормал Ўзлаштирилишига тўсқинлик қилувчи ички омиллар ҳазм қилиш аъзолари ошкозон, ичак, жигар ва бошқа касалликлар сабабчи бЎлиши мумкин. 
Қариликда тез-тез учрайдиган ҳазм қилишнинг бошқа бузилиш жараёни қабзият  ҳисобланади. Унинг сабабларидан бири ичакларнинг қисқариш фаолиятининг пасайиши, суюкликнинг кам истеъмол қилиниши ва жисмоний фаолликнинг камлигидир. Айрим ҳолларда, бу ҳолат умумий қабул қилинаётган овқат миқдорининг камайиши, мева ва сабзавотларни етарли даражада истеъмол қилинмаслиги билан боғлиқ бўлиб, бу ҳол организмга овқат толалари кам тушишига олиб келади. Баъзида қабзият тушкунлик ва руҳий зўриқиш каби омиллар оқибатида ҳам пайдо бЎлиши мумкин. Бундан ташқари таркибида темир, алюминий, калий сақловчи баъзи дори-дармонлар ҳам қабзиятни чақаришини эсда тутиш лозим. Уни олдини олиш учун баъзан қариялар сурги дорилар  ичишга мажбур бЎладилар. Лекин узоқ вақт қабул қилиш натижасида уларнинг самарадорлиги камаяди, натижада дориларнинг миқдори кўпайтирилади. Оқибатда организмда бир қатор муҳим минерал моддалар ва суюқлик камайиб кетиши ва калий, кальций ҳамда ёғда эрувчи витаминларнинг (Д, К, Е, А, ва В 12) етишмовчилиги юзага келади. 
Кекса кишилар ҳар куни 4 марта овқатланишлари мақсадга мувофиқ ва уларнинг энергетик қиймати қуйидагича бўлгани маъқул:
*  1- нонушта -25%
*  2-нонушта -15-20 %
*  Тушлик -30-35 %
* Кечки овқат -20-25 %, қисқача қилиб айтганда, овқатланишда фақат ёши улуғлар. Барча кишилар қуйидаги асосий учта тамойилга амал қилишлари керак. 
* Овқат билан қабул қилинаётган ва ҳаёт фаолияти даврида сарфланаётган энергиялар мувозанатини сақлаш;
*Таом истеъмол қилганда улар таркибидаги озиқа моддалар витаминлар ва минераллар мувозанатини сақлашга амал қилиш (оқсиллар -15 % ёғлар -30 % углеводлар-55 % ни ташкил этиши лозим) 
*Овқатланиш тартибини сақлаш. Бир кунда овқат қабул қилиш 4-5 мартадан ошмаслиги ва у маълум бир вақтда истеъмол қилиниши шарт;
*Уйқудан олдин овқат тановул қилиш мумкин эмас. Нонушта ва кечки овқат оралиғидаги вақт 10 соатдан ошмаслиги керак.   
                  
М.ШАРИПОВ,
туман СЭО ва ЖС жамоатчилик 
билан ишлаш бўлими мудири.  
Мавзуга оид: