САВОЛ БЕРИНГ, ЖАВОБ БЕРАМИЗ

- Мен 2019 йил май ойида турмуш ўртоғим билан қонуний ажрашганман. 2016 йил у билан яшаётган вақтимда кўп қаватли уйлардан 1 хонали хонадон сотиб олган эдим. Зарурат туғилиб, ушбу хонадонни сотдим. Олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун нотариусга мурожаат қилсам, собиқ турмуш ўртоғингизнинг хонадонни сотилишига розилик аризаси керак, деди. Шу тўғрими?
- Албатта тўғри. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 
23.24-моддаларига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирилган мол-мулклари, шунингдек, эр-хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр-хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъий назар, улар эр-хотиннинг умумий мулки ҳисобланади. Шунингдек, эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиши билан банд бўлган ва бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадларга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўладилар.
Сизнинг ҳолатингизда никоҳдан ажралиб эр-хотинлик муносабатларингиз тугатилган бўлса ҳам, мулкий муносабатларингиз мавжуд. Сизда никоҳ шартномаси, эр-хотин ўртасидаги мулкни бўлиш тўғрисидаги суд ҳужжати ёхуд нотариал тартибда расмийлаштирилган келишув мавжуд бўлмаса, собиқ хотинингизнинг розилиги талаб қилинади. Хотинингиз ҳеч қаерда ишламаган бўлса ҳам ушбу хонадонни сиз никоҳингиз давомида сотиб олгансиз, демак собиқ турмуш ўртоғингизни хонадон сотилишига розилик аризаси бўлиши шарт.
Шавкат ҚУРБОНОВ,
ҳуқуқшунос. 
Мавзуга оид: