ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ БЎЙИЧА СУДИНИНГ СИРТДАН ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

"Нега суд сиртдан қарор қабул қилади?" Таъкидлаш лозимки, шу савол ва кўп эътирозлар фуқаролар томонидан айнан суднинг сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарори ва унинг қонунийлиги ҳақида келиб тушмоқда.
Фуқаролик ишлари бўйича судларда сиртдан ҳал қилув қарори қабул қилиш ҳуқуқи мавжуд.
Хусусан, сиртдан иш юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 26-бобида белгилаб қўйилган.
Қоидага кўра, суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар суд мажлисига келмаганда, келмаганлигининг узрли сабаблари борлиги ҳақида хабар бермаганда ва ишни унинг иштирокисиз кўриш тўғрисида сўрамаганда, агар даъвогар бунга эътироз билдирмаса, иш сиртдан иш юритиш тартибида кўрилиши мумкин. 
Ишни бундай тартибда кўриш ҳақида суд ажрим чиқаради. Жавобгар тегишли тарзда хабардор қилинганлиги ҳақида ишда маълумот бўлиши керак. Ишда бир нечта жавобгар иштирок этган ва суд мажлисига барча жавобгарлар келмаган тақдирда, иш сиртдан иш юритиш тартибида кўрилиши мумкин. Шу ўринда айтиш жойизки, агар суд мажлисига келган даъвогар ишни жавобгар иштирокисиз сиртдан иш юритиш тартибида кўришга рози бўлмаса, суд ишнинг муҳокамасини кейинга қолдиради ва келмаган жавобгарга янги суд муҳокамасининг вақти ва жойи ҳақида такроран хабар юборади.
Тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар суд мажлисига такроран келмаса, суд даъвогарнинг фикридан қатъи назар, ишни сиртдан иш юритиш тартибида кўради. 
Иш сиртдан иш юритиш тартибида кўрилганида суд ишдаги мавжуд далилларни текшириш билан кифояланади, ишда иштирок этувчи шахсларнинг важлари ва илтимосларини эътиборга олиб, ҳал қилув қарори чиқаради, бу ҳал қилув қарори   сиртдан чиқарилган деб аталади. 
Даъвогар томонидан даъвонинг предмети ёки асоси, даъво талаблари миқдори ўзгартирилганда суд мазкур суд мажлисида ишни сиртдан иш юритиш тартибида кўришга ҳақли эмас. Бу ҳолда ишни кўриш даъво аризасини даъво предмети ёки асоси, даъво талаблари миқдори ўзгартирилган ҳолда жавобгарга топшириш учун ке-йинга қолдирилади. 
Агар суд мажлисига келмаган жавобгардан ишни унинг иштирокисиз кўриш ҳақида ариза келиб тушса, иш сиртдан иш юритиш тартибида эмас, умумий тартибда кўрилиши лозим.
Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ушбу ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш ҳақида ариза бериш муддати ва тартиби кўрсатилган бўлади. Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаси суд мажлисига келмаган тарафга ушбу қарор чиқарилган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай имзо қўйдириб топширилади ёки почта орқали ёхуд электрон ҳужжат тарзида юборилади.
Жавобгар сиртдан ҳал қилув қарорини қабул қилган судга шу ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин ўн беш кун ичида уни қайта кўриб чиқиш тўғрисида ариза беришга ҳақли. 
Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги ариза жавобгар ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Ариза учун давлат божи тўланмайди.
Суд ишда иштирок этувчи шахсларни сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилади, уларга ушбу ариза ва унга илова қилинган материалларнинг кўчирма нусхаларини юборади. Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги ариза у келиб тушган пайтдан эътиборан ўн кун ичида суд мажлисида кўриб чиқилади. Суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги аризани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди. Суд аризани кўриб чиқиб, ажрим чиқаради. 
Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳақидаги ёки сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини бекор қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилинмайди (протест келтирилмайди).
Агар сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишда суд тарафнинг суд мажлисига келмаганлигига узрли сабаблар борлигини ва бу ҳақда судни ўз вақтида хабардор қилиш имконияти бўлмаганлигини ҳамда тараф сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорининг мазмунига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган далилларни тақдим қилаётганлигини аниқласа, сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини бекор қилиниб, ишни мазмунан кўриб чиқиш тикланади.
Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинган жавобгар суд мажлисига келмаган тақдирда, иш янгидан кўриб чиқилганда қабул қилинган ҳал қилув қарори сиртдан қабул қилинган деб тан олинмайди. Жавобгар бу ҳал қилув қарори сиртдан қабул қилинган қарор сифатида қайта кўриб чиқилишини сўраб, ариза беришга ҳақли бўлмайди.
Фарҳод Шарипов,
фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ 
туманлараро судининг судьяси.                              
Мавзуга оид:
Суд ва ҳаёт

Суд ва ҳаёт

  • 31 мар, 15:18
Суд ва ҳаёт

Суд ва ҳаёт

  • 31 мар, 15:10
Инсон ва қонун

Инсон ва қонун

  • 25 мар, 15:21