9 апрель - буюк саркарда, давлат арбоби Амир Темур таваллуд топган кун ДУНЁНИ ЗАБТ ЭТГАН БУЮК САРКАРДА

* У Ўрта, Жанубий ва ўарбий Осиё, шунингдек, Кавказ, Поволжя ва Рус тарихида муҳим ўрин тутган буюк туркий ҳукмдор сифатида танилган.
* 1370 йилда пойтахти Самарқанд бўлган Темурийлар салтанатига асос солган.
Амир Темур ҳақида қизиқарли
фактлар:
* Тўлиқ исми - Темур ибн Тарағай Барлос.
* Санкт-Петербург Эрмитажида унинг қарсақпай ёзувлари сақланади.
* Шатранж (шахмат) ўйинининг ашаддий ишқибози бўлган.
* 1398-1399 йилларда Ҳиндистонни забт этган.
* Ҳаётидаги энг йирик уруш - 7 йил давом этган Ироқ юриши.
* 1402 йилда Анқара жангида Усмонлилар султони Боязид II устидан ғалаба қозонган.
* Англия, Франция ва Кастилия қироллари унга табрикнома йўллаган.
* Византия, Хитой, Миср ва бошқа давлатлар билан дипломатик алоқалар ўрнатган.
* 1404 йилда 200 минг қўшин билан Хитойни ишғол қилишга йўл олган, аммо вафоти туфайли юриш тўхтаган.
* Вафотидан сўнг Самарқанддаги Гўри Амир мақбарасига дафн этилган.
* Амир Темур ўзининг улуғвор ғоялари ва ҳарбий даҳоси билан тарихда ўчмас из қолдирди.
"Темур тузуклари" - муҳим тарихий-ҳуқуқий манба
Мустақиллик йилларида "Темур тузуклари" қайта-қайта нашр этилаётгани таҳсинга лойиқ. Турли манбаларда бу асар "Темур тузуклари", ("Тузуки Темурий") "Темурнинг айтганлари" ("Малфузоти Темурий") ва "Темур ҳақида хотиралар" ("Воқиоти Темурий") деган номлар билан аталади.
Бугунги кунда "Темур тузуклари"нинг қўлёзма ва тошбосма нусхалари дунё бўйлаб кенг тарқалган. Ушбу ноёб асарни жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида, жумладан, Буюк Британия, Франция, АҚШ, Россия, Финляндия, Дания, Эрон, Ҳиндистон, Туркия, Миср, Яман кутубхоналаридан топса бўлади.
Соҳибқироннинг 12 муҳим тузуги
Ўз навбатида, "Темур тузуклари" асари давлатни идора қилиш усуллари, қўшинни ташкил этиш қоидалари, урушларда амалга оширилиши зарур бўлган турли ҳарбий услублар сингари қатор сиёсий, ҳуқуқий, ҳарбий ва ахлоқий ғоялар ва меъёрларни ўз ичига олган.
"Темур тузуклари"нинг марказида инсон, унинг қадр-қимматини жойига қўйиш туради. Шу маънода, Соҳибқироннинг ҳуқуқий қарашларида, аввало, мамлакат ишлари тузуки алоҳида аҳамиятга эгадир.
"Салтанат ишларини қонун ва қоидалар, тўра ва тузукка солиб, салтанатим мартабаю эътиборини сақладим", дейилади "Темур тузуклари"да ва салтанат обрў-мартабасини сақлашга доир қуйидаги тўртта асосий тузук санаб ўтилади.
"Биринчидан, салтанатим қонун-қоидаларини ислом дини ва кишиларнинг энг хайрлиси (ҳазрати Муҳаммад)нинг шариатига боғлаб, иззату ҳурматлаш вожиб бўлган онҳазратнинг авлоди ва саҳобаларига муҳаббат билдириш асосида туздим. Салтанатим мартабасини тўра ва тузуклар асосида шундай сақладимки, унинг ишларига аралашишга ҳеч бир кимсанинг қурби етмасди.
Иккинчидан, сипоҳу раиятни умид ва қўрқув орасида сақладим. Дўст-душманни муросаю мадора мартабасида тутдим. Қилмишларини, айтган гапларини сабр-тоқат ва чидам билан ўтказдим. Дўст-душмандан кимки менга илтижо қилиб келса, дўстларга шундай муомала қилдимки, дўстлиги янада ортди, душманларга эса шундай муносабатда бўлдимки, уларнинг душманлиги дўстликка айланди...
Учинчидан, ҳеч кимдан ўч олиш пайида бўлмадим. Тузимни тотиб, менга ёмонлик қилганларни Парвардигори оламга топширдим. Иш кўрган, синалган, шижоатли эр-йигитларни қошимда тутдим. Софдил кишилар, саййидлар, олимлар ва фозилларга даргоҳим доим очиқ эди. Нафси ёмон ҳимматсизларни, кўнгли бузуқ қўрқоқларни мажлисимдан қувиб юбордим.
Тўртинчидан, очиқ юзлилик, раҳм-шафқат билан халқни ўзимга ром қилдим. Адолат билан иш юритиб, жабр-зулмдан узоқроқда бўлишга интилдим", деб қайд этилади асарда.
"Темур тузуклари" талаблари доирасида Амир Темур ўз салтанатини ўн икки тоифадаги кишилар билан мустаҳкамлагани тарихдан яхши маълум. Бу ҳақда: "Салтанатим мартабаси бўлмиш тўра-тузуклар ва қонун-қоидаларни ҳам шу ўн икки тоифага боғлаб туздим", дейди Соҳибқирон ҳазратлари.
"Темур тузуклари"да давлат бошқарувининг ҳар бир соҳаси ва ҳар қайси мансаб даражаси бўйича муайян тузуклар битилган. Амир Темур 12 та энг муҳим тузукни ўзига шиор қилиб олган ва салтанатни тасарруфида сақлаш учун уларга қатъий амал қилган. Бинобарин, улуғ аждодимиз эътироф этганидек, "Ўз тажрибамдан синаб билдимки, агар қай бир подшоҳ шу ўн икки нарсага эга бўлмас экан, салтанатдан бебаҳра қолур".
Шундай қилиб, 27 мамлакатдан таркиб топган буюк салтанат асосчиси Соҳибқирон Амир Темур ибн Тарағай йирик давлат арбоби, моҳир дипломат, улуғ саркарда, илму маданият ҳомийси, ҳақ ва адолатнинг жасоратли яловбардори сифатида миллий давлатчиликда, ҳуқуқ ва сиёсат соҳасида ўзидан унутилмас ва барҳаёт таълимотлар, тўра-тузуклар қолдирган.
"Темур тузуклари" ва Ўзбекистон Конституцияси
Амир Темурнинг ҳуқуқий қарашлари ва қонунчилик тизими бутун Темурийлар салтанатида ҳаётнинг барча жабҳаларида ўз аксини топиб, улкан амалий аҳамиятга эга бўлган. Жумладан, Буюк Ипак йўли хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилганки, бу билан савдо-тижорат ривожига катта ҳисса қўшган Шарқу ўарб мамлакатларини бир-бирига янада яқинлаштирган.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Муқаддимасининг учинчи бандида ушбу Асосий Қонун "ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таяниб" қабул қилинди, деб таъкидланган. Албатта, ўзбек давлатчилиги ривожи тарихий тажрибасининг энг муҳим қисми - Амир Темур ва темурийлардан мерос ҳуқуқий, сиёсий ва тарихий манбалардан, айниқса, "Темур тузуклари", "Бобурнома", "Жаҳонгир тузуги", "Ҳумоюннома", "Зафарнома" каби кўплаб нодир асарлардан иборатдир.
Соҳибқирон қолдирган қонуний меъёрлар ва ҳуқуқий нормалардан Конституциямизнинг турли қисм ва бобларида, жумладан, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси", "Ўзбекистон Республикаси Президенти", "Вазирлар Маҳкамаси", "Суд ҳокимияти", "Мудофаа ва хавфсизлик" бобларининг муайян моддаларида, замон талабларини назарда тутган ҳолда, ижодий фойдаланилган.
Қонунга асосланган тизимнинг аҳамиятини чуқур англаган Амир Темур ҳақли равишда "Куч - адолатда" деган олий меъёрни ўзига шиор қилиб олган ва ҳатто ушбу ҳикматни узук-муҳрига ўйиб ёздирган. Бу ҳақда Ибн Арабшоҳ шундай гувоҳлик беради: "Темур тамғасининг нақши "Рости расти" бўлиб, бу "ҳақгўй бўлсанг, нажот топасан" демакдир". Соҳибқироннинг бу пурҳикмат сўзлари бугун ҳам қудратли демократик ҳуқуқий давлат қуриш учун асосий йўлланма ҳисобланади.
Амир Темурнинг ҳуқуқий қарашлари ва амалий фаолияти ҳар доим адолат ва инсоф меъёрлари билан ҳамоҳанг бўлган. Улуғ Соҳибқирон ўз давлати ҳудудларида тузук-тўра ва шариат қоидалари устуворлигини амалда таъминлаган. Бу ҳақда, жумладан: "Сипоҳийларимни ҳамиша жангга тайёр ҳолда тутдим; ойлик ҳақларини сўраттирмай вақтида берардим. Чунончи, Рум юришида сипоҳийларимга ўтган ва келажакда қиладиган хизматлари учун етти йиллик озиқ-овқатларини бирваркайига бердим", дейилади "Темур тузуклари"да.
Бундан ташқари, Соҳибқирон салтанатида касбу ҳунар ва маърифат аҳли мунтазам иш билан таъминланган. Сармояси қўлидан кетиб қолган савдогарларга ўз сармоясини қайтадан тиклаб олиши учун хазинадан етарли миқдорда олтин берилган. Деҳқонлар ва раиятдан қайси бирининг деҳқончилик қилишга қурби етмай қолган бўлса, унга экин-текин учун зарур уруғлик ва меҳнат қуроллари тайёрлаб берилган. Инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашга қаратилган бундай амалий мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Амир Темур асос солган буюк давлат ўзининг турли босқичларида - ҳам Турон, ҳам Хуросон, ҳам Эрон, ҳам Ҳиндистонда адолат меъёрларига асосланган тузум сифатида олам аҳлининг диққатини ўзига тортиб, ҳануз тарихий аҳамиятини йўқотмаган. Бугунги кунда Соҳибқироннинг суд ва қонунчиликка муносабати ҳам алоҳида ўрнак вазифасини ўтайди. Зеро, бундан олти аср бурун Мовароуннаҳр суд тизимида ўзига хос тартиб ва қоидалар мавжуд бўлган.
Енгилмас аждодимизнинг ҳарбий-назарий тафаккури
Яна бир муҳим жиҳат. Янги турдаги мунтазам армиянинг ташкил этилиши, сиёсий уюшув, ҳаётнинг барча жабҳалари, айниқса, иқтисодиётнинг ғалаба қозониш йўлидаги стратегик вазифага бўйсундирилиши, мустаҳкам интизом, ҳар бир жангчи томонидан ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш қоидаларига риоя қилиниши, дипломатик воситалардан усталик билан фойдаланиш каби омиллар рақиб устидан зафару ғалабани таъминлаган. Амир Темур ўзининг бутун ҳукмронлиги даврида бирон марта ҳам мағлубиятга учрамаган.
Машҳур араб тарихчиси Ибн Арабшоҳ ёзганидек, "Темур қўрқмас, шижоатли, ботир кишиларни итоат қилдирувчан бўлиб, жасоратли (киши)ларни, довюрак ва мардларни ёқтирар эди". Бинобарин, Соҳибқироннинг асосий мақсади алоҳида бўлган мулкларни мустаҳкам ва қудратли давлатга бирлаштиришдан иборат бўлган.
Қисқача айтганда, Амир Темурнинг ҳокимият тепасига келиши билан ҳарбий иш соҳасида улкан ўзгаришлар юз берган, улар Шарқу ўарб ҳарбий-назарий тафаккури тараққиётида катта роль ўйнаган.
Ўзбекистон истиқлолга эришгач, Амир Темур шахси яна Ватан ва миллат тимсолига айланди. Амир Темур номи, унинг сиймоси халқимизни бирлаштиришда, жипслаштиришда, иймон-оқибатли бўлишда, қудратли келажагимизни қуришда бизга янги-янги куч-қувват ва шижоат бағишлаб турибди.
Зеро, маънавиятимизнинг энг теран ўқ томирларидан бири - улуғ зот Амир Темур сиймосидир. Соҳибқирон сиймоси инсоният тарихида бизгача бўлган, биздан кейин ҳам бўладиган катта бир оламшумул воқеликдир.
Мавзуга оид:

Амир темурнинг давлат бошқарувидаги тажрибасидан
- 06 апр, 14:48

МИЁНКОЛНИНГ СЎЛИМ МАСКАНИ
- 05 ноя, 15:29

Соҳибқирон таваллуди
- 10 апр, 07:49

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05