МАКТАБЛАРДА НЕГА ДАВОМАТ ПАСТ?

Кейинги пайтларда мактабларда ўқувчилар давомати жиддий масалалардан бирига айланди, десак муболаға бўлмайди. Негаки, мактаб ўқувчисининг узоқ муддат дарсда қатнашмаслиги таълим сифатига салбий таъсир қилади, қолаверса, ўқувчиларнинг билим даражаси пасайишига олиб келади. Хўш, мактабларда давомат пасайиши нима билан боғлиқ? Болалар нима сабабдан дарс қолдиряпти? 
Яқинда мамлакатимизнинг 14 та ҳудудида 2 минг нафар ота-оналар иштирокида ўтказилган сўровномада ўқувчиларнинг дарс қолдиришидаги асосий сабаблар айтиб ўтилган. Унга кўра, респондентларнинг 75,4 фоизи бетоб бўлиб қолиш, 8,9 фоизи ота-онасига ишларда ёрдам бериши, 3,1 фоизи ота-онаси ишга чиқиши кераклиги, 6 ёшгача бўлган болаларга қарайдиган бошқа одам йўқлиги, 1,7 фоизи хусусий ўқитувчи (репетитор) билан ўқиши, 1,1 фоизи мактабга бориши учун қўшимча харажатларга маблағ етишмаслиги важлари туфайли фарзанди дарс қолдиришини маълум қилган. Сўровда қатнашган ота-оналарнинг 8,5 фоизи эса фарзанди нима сабабдан дарс қолдирганини билмаслигини билдирган. e-maktab маълумотларига кўра, 2022 йилда мактаблардаги ўртача давомат 83,6 фоизни ташкил этган, 2023 йилга келиб, 82,5 фоизга тушган. Қайд этилишича, давоматнинг энг паст кўрсаткичлари юқори синф, яъни 10-11-синф ўқувчилари орасида кузатилган, 78,4 фоизни ташкил этган. 
Шу ўринда репетитор ўқитувчи масаласига алоҳида тўхталиб ўтсак. Ўтган асримизнинг 80-йилларида ўрта мактабни битириб, мактабда олган билимимиз билан тўғридан тўғри олий ўқув юртларига ўқишга кирган эдик. Ҳозир-чи? Бошланғич синфдан бошлаб ўқувчиларни репетиторга беришади. Юқори синф ўқувчиларини айтмаса ҳам бўлади. Негаки, улар ҳаттоки, мактабдаги дарсларга ҳам бормасдан хусусий машғулотларга қатнашмоқда. Нега? Ёки ўқувчилар мактабларда ўтилаётган дарслардан етарли даражада  билим ололмаяптими? Айрим мактаб директорлари ўқувчиларни дарсдан озод қилиб, ОТМга тайёрланишига шароит яратиб берганлиги ҳам рост. Негаки, мактабнинг  ОТМга кириш фоизи директор учун муҳим-да. Шундай экан, мактаб директорлари мазкур репетиторлик курсларини ўқувчиларнинг қизиқишига қараб мактабнинг ўзида ташкил қилиш ҳақида ўйлаб кўришлари мақсадга мувофиқ эмасми? 
Мактабларда ота-оналарига ёрдам бериш учун дарс қолдирувчи ўқувчилар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Савдо дўконларида, ошхоналарда дарсга бормасдан меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ўғил-қизларни баъзан учратиб қоламиз.
Яқинда мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаётган танишимни учратиб қолдим. У синф раҳбари бўлганлиги учун дарсга келмаган бир ўқувчисининг уйидан қайтаётган эди:
- Ота-оналарга ҳам ҳайрон қоласан,- дейди муаллима асабий оҳангда. - Ўқув йили якунланаётган бир пайтда 11-синфда ўқийдиган қизини ўзи билан бирга шаҳарга кунлик ишга олиб кетибди. Қизига сеп йиғар эмиш, совчилар келиб қўймаяпти, дейди. Бунга нима дейсиз? Қизини ўқишга киритиш ёки бирор бир  касб-ҳунар ўргатиш ўрнига уни эрга бериш ҳақида ўйлаётган онанинг хатти-ҳаракатларини қандай баҳолаш мумкин?
Дарҳақиқат, бундай ота-оналарга вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, ўқувчи сабабсиз равишда дарсга келмаса қонун олдида жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлигини яна бир бор эслатиб ўтиш лозим. 
Энг ачинарлиси, эрталаб уйдан дарсга деб чиқиб, то кечга қадар назоратсиз юрган ўқувчиларнинг турли хил безорилик, ҳуқуқбузарлик содир этиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Тумандаги мавжуд тунги барларда ўтказилган қўшма рейдларда ҳам куну тун дайдиб юрган ўсмир йигит ва қизлар бир неча маротаба  аниқланиб, уларнинг ота-оналари огоҳлантирилаётган бўлсада, ҳамон бу каби нохуш ҳолатларга чек қўйилган эмас. Шу ўринда савол туғилади: келажагимиз ворислари бўлган ёшларимизнинг келажагига болта ураётган ушбу тунги барлар бизга керакми? Наҳотки, бу ҳақда тегишли ташкилот раҳбарлари жиддийроқ  ўйлаб кўришмаса?
Хулоса қилиб айтганда, бугунги кун ўқувчисини мактабга, дарсга мажбурлаб жалб этиб бўлмайди. Негаки, бугунги кунда кўплаб ёшларимиз тил ўрганиш, ахборот технологиялари ва бошқа замонавий касб-ҳунарларни ўқиб-ўрганиш бўйича айрим ўқитувчиларга нисбатан ҳам юқори билим ва тажрибага эга бўлишмоқда. Шундай экан, мактабларда   ўқувчиларга таълим-тарбия бериш сифатини янада ошириш, уларни она-Ватанга меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялаш,   ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга алоҳида эътибор бериш долзарб вазифа эканлигини асло унутмаслигимиз лозим. 
                   Гулсара ТИНИБЕКОВА.