"ДОВУЛДАН КЕЙИН БАРИБИР ҚУЁШ ЧИҚАДИ"

Инсоният   мавжудлигининг  муҳим  шартларидан бири - бола тарбияси ҳисобланганлиги боис, у дунёга келмасданоқ тарбиявий   тадбирлар бошлаб юборилади.  
Болалар билан ишлаётганда уларни ҳар бир тоифасига қандай миллатга хослиги, дунё-қараши, динидан қатъий назар унинг қизиқишларини ҳисобга олиб, унга очиқ кўнгиллик ва ўзига ишонч орттириш йўли билан муносабат ўрнатиш лозим.
Янги зеландиялик Найжел Латта замонавий болалар психологияси бўйича энг кучли мутахассис. Латта ўн йилдан ошиқ вақт давомида муаммоли болалар ва ўсмирлар билан ишлаган. 
Ундаги бебаҳо тажриба ва билим нафақат тарбияси оғир болалар ота-оналари, балки ота-она бўлишни режалаштирган барча учун ҳам керакдир. 
У ҳаётий кўникмаларини баён этган китоб бесцеллерга айлангани, бежиз эмас. Мен мана шу мутахассис томонидан ишлаб чиқилган болани тарбия қилишнинг қоидаларини кўрсатишга ҳаракат қиламан.
Бу энг асосий қоида ва буни ҳеч бир ота-она назардан четда қолдирмаслиги керак. Бола - кичкина одамгина эмас, алоҳида шахс ҳамдир. Шунинг учун уни иззат қилиш, мулоқот мобайнида ҳурматини изҳор этиб туриш зарур.  
Сиз ота ёки она сифатида шахсий намунангиз ёрдамида бошқа инсонлар билан мулоқот қилишни ўргатинг. Самимиятсиз инсоний муносабат ўрнатиб бўлмайди. 
Бу ерда назорат ҳақида гап кетмаяпти. Болаларни назорат қилиш, айниқса, кичик ёшдагиларини чўчитиб қўяди. Сиз фақат қўрқитиш ёрдамида "ўзингни яхши тут", десангиз у бу нега зарурлигини тушунмайди. Бундан ташқари, катта бўлганида бола сиздан қўрқадиган бўлади.
Болалар ота-оналари уларни яхши кўришига қаттиқ ишонишади. Бу туғма ҳиссиёт. Ҳатто болага етарли эътибор қаратилмаган ёки уларни жазолаган пайтда ҳам улар ота-онасининг меҳр-муҳаббатига ишонишади.     
Бироқ ёқимлилик, хуш кўриш билан гапириш, меҳр кўрсатиш умуман бошқа нарса. Кўплаб болалар совуқ ва лоқайд муносабатни дарров пайқаб қолишади. 
Ота-оналик муҳаббати табиий ҳиссиёт, инстинктдир. Унга симпатияни уйғунлаштирсангиз, бола тарбиясидаги катта ютуқни қўлга киритасиз.
Барча болаларга эътибор керак. Эътибор эса ҳеч қачон кўплик қилмайди. Фарзандлар икки нафар бўлса, улар барча эътиборни ўзларига қаратиш учун инжиқлик қилишади. 
Ҳа, гўдаклар эътиборни қозониш учун барча имкониятдан фойдаланишади. Бу ҳолат болаларда инстинктив мавжуд. Ота-онанинг кўз-қулоқ бўлиб туриши улар учун хавфсизликни англатади.
Болаларни чегараланмасликнинг сабаблари кўп. Улар оламни мустақил англашлари лозимку, ахир. Бироқ болаларни ялқовликдан чекламасангиз, тарбияни ўзибўларчиликка ташлаб қўйган бўласиз. 
Уларни чегарасиз, ҳеч қандай қоидаларсиз тарбиялаб бўлмайди. Бола бирор чекловга дуч келмагунича ҳаракатланаверади. Сабаби ниманингдир мумкин эмаслиги тушунчаси уларнинг табиатида мавжуд эмас.
Фарзандингиз серхархаша ва тантиқ бўлса, аввало, режа тузиб олинг. Албатта, бу режада графиклар чизишингиз шарт эмас ёки мақсад ва вазифаларни батафсил бошидан охиригача ифодалашингиз зарур эмас.
Ҳар кунлик ҳисоботлар ҳам бу ўриндан жой олмайди. Шундай бўлса-да, режа зарур.  У сизга боланинг феъл-атвори устида ишлашингизда асқотади. Гўдакнинг битта муаммоли феъли ёки қилиғини ёзинг ва у билан курашиш учун ҳар хил ғоялар ўйлаб топинг.
Энг ёмон атвор ҳам бу боланинг ота-онаси билан бўлган мулоқотидир. Агар у қандайдир ножўя ҳаракат қилаётган бўлса, гўдак ота-онасига ниманидир айтгиси келаяпти.
Масалан, эътиборсизликдан азият чекаяпти. Улар фикр ва ҳисларини ҳаракатлар ёрдамида ифодалайди. Бола ўз тантиликлари билан нимани тушунтирмоқчи эканлигини билиш бу ярим муваффақият калитидир.
Болалар ота-онасининг ҳаётига доимо хаос олиб кирган. Таъкидлаб айтамиз, доимо. Бола туғилиши билан минглаб кутилмаган, кечиктириб бўлмас ишлар пайдо бўлади. 
Буни тушуниш ва мазкур ҳолатга кўникиш зарур. Фарзандингиз олдин хафа бўлиши, кейин шўхлик қилиши, салдан сўнг эса сиз билан тортишиши, баҳслашиши мумкин. Барчасига сабр этинг. 
Довулдан кейин барибир қуёш чиқади.
Садаф Тошўлатова,
40-мактаб амалиётчи психологи.
Мавзуга оид: