Тарихнинг ўқилмаган саҳифалари Қ О Т И Л Р А С С О М

Тарихчи олим Ҳамдам Содиқов ўзининг "Садоқат ва хиёнат" мақоласи ("Ишонч" газетаси, 1998 йил, 25-сони) да ёзишича, 1868 йил июн ойида Самарқанд руслар томонидан ишғол қилингандан бироз вақт ўтиб, генерал Кауфман горнизон зобитлари ва аскарларини орден ва медаллар билан тақдирлаб, уларнинг номига мақтовлар ёзилган буйруқлар чиқарди. Мукофотланганлар орасида рассом пропоршик В.Верешагин ҳам бўлган. У камдан-кам ҳарбийлар қатори жангдаги жасоратлари учун ўша пайтдаги энг олий мукофотлардан бири бўлган Георгий ордени билан мукофотланган. Албатта, бу мукофот рассомга бежизга берилмаган бўлса керак. Балки Верешагин бошқа рус ҳарбийлари сингари дуч келган қўзғолончини отиб ташламагандир. Лекин оммавий қирғинларда қатнашгани сир эмас. Бўлмаса бу мукофотни олмаган, суратларида қирғинборотларни айнан ўзидек тасвирламаган бўларди. 1868 йил 8 июнда руслашган немис зодагони фон Кауфман буйруғи билан шуҳрати дунёга танилган соҳибқирон Амур Темурнинг пойтахти қаттиқ тўпга тутилган. Шаҳарни бутунлай ёқиб юборишга рухсат олган ҳарбийлар ҳақиқий қирғинборотларни бошлаб юборганлар. Бу қирғинборот роппа-роса уч кун давом этган. Шаҳарга ваҳшийларча ўт қўйилган, кўплаб одамлар, жумладан, аёллар ва болалар ҳеч қандай айбсиз отиб ташланган ёки қиличдан ўтказилган. Рассом Верешагин "Агар Самарқанд сал олдинроқ ёндирилганда аҳоли қўрқиб қаршилик кўрсатмас, аскарларимиз кам талофат кўрган бўларди", деб ёзган эди эсдаликларида. Рассом русларнинг Самарқандда амалга оширган ёвузликларини такаббурлик билан чизади ва ёзиб қолдиради. Бу ғаламис рассом туб аҳолига бўлган нафратини яширмайди, аксинча, босқинчилик ва қотилликни жасорат деб баҳолайди. Верешагин жазоловчилар сафида бўлган аскар тилидан қуйидагиларни ёзади: "Бир қанча аскарлар билан бир уйга бостириб кирдик, қоқсуяк бўлиб кетган кампир бизни "омон, омон", деб қаршилади. Ўтирган буйрасининг остидан бир нарса қимирлади, қарасак 16 ёшлардаги йигитча яширинган экан, судраб чиқдик ва албатга, бувисига қўшиб найзага тортдик".
Такаббур рассом - зобит ўзини генерал Кауфман ва бошқа амалдорларга жуда яқин тутади. Амир ва унинг мулозимлари устидан очиқдан-очиқ кулади. Буни эса Верешагин ёзиб қолдирган қуйидаги сўзлардан ҳам билса бўларди: "Биз ҳаммамиз, яъни Самарқандни забт этувчилар генерал Кауфман изидан бориб, амир саройига жойлашдик: нихоятда баланд ва кенг хоналардан иборат асосий бинони генерал, сарой атрофидаги уйларни биз, қароргоҳ эгалари эгалладик. Менинг қадрдоним генерал Голавачев чекига амирнинг собиқ ҳарами тушдики, илгарилари ҳар қандай мард, жасур жангчининг қадами бу ерга етиши амри маҳол эди".
Тан олиш керак, мўйқалам тутган қотил Верешагин ҳақиқатан ҳам иқтидорли эди. Шўро ҳукумати даврида тарихчилар ҳам, санъатшунослар ҳам унинг номини ҳурмат билан тилга олишар, асарларини қадрлашарди. Олий ўқув юртларида таълим олаётган бўлажак мўйқалам соҳиблари Верешагин асарларидаги нозик қирраларни зўр бериб ўрганардилар. Лекин улар рассом-пропоршикнинг қўли ҳам қуролни, ҳам мўйқаламни тутганини хаёлларига ҳам келтирмасдилар.
Қотил рассом В.Верешагин аянчли ўлим топди. 1904 йилда Япон денгизида минага учраб портлаб кетган "Петропавловск" кемасида юзлаб ҳарбийлар билан бирга денгиз тубига ғарқ бўлди.
Иззатулла Норқувватов.
Суратда В.Верешагин асаридан намуна.
Мавзуга оид:

МИЁНКОЛНИНГ СЎЛИМ МАСКАНИ
- 02 дек, 12:24

Шоир ва замон
- 26 апр, 10:51

Соҳибқирон таваллуди
- 10 апр, 07:49

Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22

Қарорлар
- 23 ноя, 15:07