Машҳур кишилар ҳаётидан С А Д О Қ А Т

Машҳур адиб, кейинчалик кўзга кўринган давлат арбоби даражасига кўтарилган Уильям Дизраэли бир вақтлар шундай деган экан: "Мен ўз ҳаётимда кўплаб хатоларга йўл қўйишим мумкин, аммо ҳеч қачон севиб уйланмайман".
Ҳа, у дастлаб ҳаётга ана шундай ибора билан кириб келди. Чиндан ҳам ўттиз беш ёшгача уйланмай бўйдоқликда яшади. Кейин эса анчайин мол-мулк эгаси бўлган ва ўзидан ўн беш ёш катта бўлган аёлга ўзига турмушга чиқишни таклиф қилди. Аёлнинг сочларини эллик йиллик қиш фаслининг қорлари оқартириб юборган эди. Бу муҳаббат эдими? Асло. Аёл ўзини севмаслигини жуда яхши биларди. Шунинг учун ҳам аёл йигит таклифига жавобан битта шарт қўйди: унинг юриш-туришини, феъл-атворини яхшироқ билиб олиш учун бир йилча муҳлат сўради. Белгиланган муддат келганда аёл унга турмушга чиқди.
Бойвучча бева ҳам унинг шуҳратига, нав-қиронлигига, келишган қадди-қоматига учгани йўқ. Ваҳоланки, бева соддадил, оқ-кўнгил, самимий бўлиш билан бирга адабиёт, санъатдан анча йироқ, сиёсатдан бехабар, омироқ аёл эди. Аммо дид билан кийинишни, озода-саришталикни, таом тайёрлаш, уй тутишни, беғубор муомалани ўрнига қўя оларди. Оилада эрнинг ҳақ-ҳуқуқи, қадр-қиммати қандай бўлишини энг ахлоқ-одобли аёллардан-да яхшироқ биларди. Ҳаётда аёл киши эри билан муносабатда бўлиш санъатини чуқур билмагунича оилада самимий иқлим вужудга келмайди.
Аёл ҳеч қачон Дизраэлини қизиқтирган, интилган нарсаларига, хоҳишларига қарши турмай, доимо уни қўллаб-қувватлаб рағбатлантириб турган. Қачонки эри кун бўйи ишдан - турли тўқнашув, музокара, ёзув-чизув, баҳслардан ҳори-чарчаб уйга кириб келар экан, эсон-омон қайтиб келганини қутлаб, одатига кўра, унинг дам олишини, асабларидаги тангликнинг бартараф бўлишини таъминлашга беминнат ҳаракат қиларди. Эри учун алоҳида кенг хонани истироҳатгоҳ қилиб берганди. Унда эрининг кўнглини кўтарувчи, завқ бағишлоқчи ҳамма ашёлар мавжуд эди. Дизраэлининг эътироф этишича, бу хонадонда ўзининг улуғ ёшдаги рафиқаси билан энг бахтли онларини ўтказган. Аёли Мери Энн ҳеч қачон ундан қаерда бўлганини, нега кеч қолганини, кимлар билан учрашганини ёки нима қилмоқчи эканини суриштирмасди. Ўзи сўраган нарсаларигагина муносиб жавоб қайтаришга ҳаракат қиларди. Ҳеч қачон бегонаю таниш-билишларига эри ҳақида нолиган эмас. Улар шу қадар бир-бирига ўрганиб кетишгандики, ортиқчаси ортиқлик қиларди. Бора-бора Дизраэли учун Мери Эни энг биринчи таянч, ҳамкор ва маслаҳатчи эди. Ишдан уйига ошиқиб қайтаркан, кундалик воқеаларни, муаммоларни аёли билан муҳокама қилишга, тўғри хулоса топишга интиларди.
Мери Энн Дизраэли билан ўттиз йил бирга бахтли ҳаёт кечирди. Шунча давр мобайнида Мери Энн ўзини эрининг канизагидек тутиб, хизматида фидойилик кўрсатди. У ўзининг бор бисотини, қалб қўрини, ҳатто бойлигини эрининг ҳаётини енгиллаштиришга, қувноқ бўлишга бахшида этди.
Хўш, бунчалик садоқат, фидойилик эвазига Дизраэли Мери Эннга нима берди? Дизраэли аёлга бағишлаб ўз асарини ёзди ва бош қаҳрамон қилиб олиб чиқди. У Англия қироличасидан 1868 йилда хотинига виконтесса (олий мартабали аёл) мақомини олиб берди.
Ҳеч қачон бу оилада бир-бирини камситиш, танқид қилиш, араз ва ғийбат бўлмаган. Эр ҳамиша хотинининг ор-номусини, шарафини ҳимоя қилиб келган. Умрларининг сўнгги дақиқаларигача ўзаро самимият, меҳрибонлик ришталари мустаҳкам эди.
Эр-хотин ўртасида бўлиб ўтган шундай машҳур диалог (айтишув) бизнинг кунларимизгача етиб келган:
- Биласанми, бир вақтлар сенга бойлигинг учун уйлангандим, - дейди ҳазиллашиб Дизраэли.
- Ҳа, биламан, дейди аёл кулиб. - Агар сен менга қайтадан уйланмоқчи бўлсанг, энди бойлигим учун эмас, муҳаббатим учун уйланган бўлардинг, тўғрими?
- Худди шундай! - дея эътироф этади эри.
Юқорида эслатиб ўтганимиздек, Мери Энн камолотга етишган аёллар тоифасидан эмасди. Аммо Дизраэли етарлича билим ва тажрибага эга бўлган ақлли киши эди. У ўз вақтида хотинининг қизиқишларини ҳисобга олар, кўрсатар, ўргатар эди. Бошқачароқ ифодаласак, хотинини маломатсиз бошқаришни яхши биларди.
Генрих Жеймснинг шундай сўзи бор: "Биринчи галда муомалада бошқа кишилар билан самимий алоқада бўлишни била олсак ва ўргатолсак, бундан кўра юксакроқ эзгуликни излаш ортиқчадир". Бахтли яшаш учун бахтни асраш, ҳимоя қилишни ҳам билиш лозим.
Дейл КАРНЕГИнинг "Чидаш санъати" 
китобидан олинди.
Мавзуга оид: