Машҳурлар ҳаётидан ОМАДСИЗ НИКОҲ МЕВАСИ

Машҳурлар ҳаётидан
ОМАДСИЗ НИКОҲ МЕВАСИ
Авраам Линколиннинг ҳаётидаги улкан фожеа ҳам унинг никоҳи бўлган. Эътибор беринг, унинг фожеаси отиб, суиқасд қилиб ўлдирилиши эмас, никоҳ бўлган. Линколин уни аламзада плантаторлар (катта ер эгалари) ёллаган қотил Бут отгандан кейин ҳам унга суиқасд қилинганини дарҳол англаб ололмаган, аммо қарийб чорак аср мобайнида хотинидан ҳар лаҳза безиллаб яшаган. Ҳуқуқшунос Грендон "Омадсиз никоҳ меваси" деб бу ҳолга баҳо беради. Бу гап анчайин юмшоқроқ айтилган. Негаки, Линколин хоним йигирма беш йил мобайнида эрини эговлаб, масхаралаб ўтган.
Линколин ўта басавлат киши бўлган. Хотини умр бўйи унинг жисмоний "нуқсон"ларини, ҳаракатларини калака қилган. Чунончи, унинг оёқ-қўллари ҳаддан ташқари катталиги, шалпангқулоқлиги, тиззаларини букиб, ҳиндуларга ўхшаб оёғини судраб босиши, бурнининг тўғри эмаслиги, пастки лунжининг осилиб туришини ҳамма вақт масхаралаб, доимо танбеҳ бериб келган. Масалан, "Оёғингни судрамай қадам ташла", "Елкангни тўғри тут", "Қўлингни саланглатмай юр" каби. Ҳарқалай, эрини ўз измида тутишга, "тарбиялашга" интилган.
Очиғини айтганда, Авраам Линколин ва Мэри Тодд Линколин барча ўзаро муносабатларда мутлақо қарама-қарши ҳолатларда бўлишган. Уларнинг тарбияси, дунёқараши, келиб чиқиши, хоҳишлари, интилишларида ер билан осмонча фарқ бор эди. Улар ҳамиша бир-бирларидан норози ҳолда ғазабланиб яшашган.
Кўзга кўринган линколиншунос марҳум сенатор Алберт Жон Бевирж ўз эсдаликларида шундай ёзади: "Линколин хонимнинг бор овоз билан эрини камситувчи, ҳақоратомуз сўзлари кўчанинг бошқа томонидан эшитилиб турарди. Унга яқин қўшнилар тез-тез унинг бақир-чақирларидан хабардор бўлиб туришарди".
Ҳаётларидаги мана бу лавҳаларга эътибор беринг. Никоҳ тўйидан сўнг, улар Спрингфилддаги Жейкоб Эрли хонимнинг пансионатида яшашади. Бир куни эр-хотин нонушта қилишаётган эди. Линколин қандайдир бир ҳаракат қилади. Бу хотинининг ғазабини қайнатиб юборади ва ... бу хуруж асносида бир пиёла қайноқ кофени эрининг юзига сочиб юборади. Бу воқеа пансионда яшовчи бошқа кишилар олдида бўлганди.  
Линколин хотинига лом-мим демайди. У ҳақоратланган кўйи жим турарди. Эрли хоним намланган сочиқ билан юзини, кийимларини артиб қўйгунча миқ этмайди. 
Линколин хонимнинг инжиқлиги, рашкчилиги, калтабинлиги, беҳуда хархашалари борасидаги қилиқлари жуда кўпчиликка маълум ва машҳур эди. Табиатан феъли тор, зиқна бўлган бу аёл ҳам умр бўйи беҳаловат яшаган.
Ҳозиргача Линколин қандай ҳаракат содир этган-у, нега хотини қайноқ қаҳвани юзига сочиб юборганини ҳеч ким билмайди. 
Хотинининг хурмача қилиқлари Линколинни ўзгартира олдими? Ҳа, анчагина ўзгартириб юборди. Иложи борича жамоатчилик жойларида, давраларда хотини билан камроқ бўлишга ҳаракат қиларди. Улар яшаётган Спрингфилдда адвокатлар кўплигидан бошқа қишлоқ ва шаҳарчалардаги суд ишларида иштирок этишарди. Ҳафталаб давом этадиган бундай ишлардан сўнг ҳамма шанба - дам олиш кунларида уйларига, оилаларига қайтишга ошиқишарди. Аммо шўрлик Линколин уйига боришга безилларди. У уч баҳор, уч ой ёзда қишлоқма-қишлоқ, шаҳарма-шаҳар кезиб иш билан банд бўларди. Спрингфилдга асло яқинлашмасди. У шароити ноқулай меҳмонхоналарда яшаб, маза-матрасиз ошхоналарда тамадди қиларди. Фақат хотинининг "дийдор"идан нари туришгина унга ҳузур-ҳаловат бағишларди. Ҳа, у ҳамма нарсага чидарди, фақат хотинининг дийдиёларига асло тоқати етмасди. 
Ваҳоланки, Авраам Линколин машҳур ҳуқуқшунос, нотиқгина эмас, балки инсоният тарихида буюк ислоҳотчи, назариётчи тадбиркор давлат арбоби - АҚШнинг тараққиётида муҳим бурилиш ясаган Президент эди. У қулларни озод ва тенг ҳуқуқли қилиш, мамлакатни бирлаштириш, ер ислоҳоти ўтказиш, мамлакат конституциясида инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ғояларни акс эттиришнинг биринчи толмас ташаббускори ва ижрочиси эди. "Ярим халқи қул, ярми озод кишилардан иборат мамлакат ҳукумати узоқ яшай олмайди", деган оламшумул ибора ҳам Линколинга тегишлидир. Афсуски, шахсий ҳаётида рафиқасининг бадфеъл сиртмоғидан боши халос бўлмади. 
Муҳтарам ўқувчим! Келинг, бир мулоҳаза қилиб кўрайлик: малика Евгения, графиня Толстая, Линколин хоним учун бу қадар довруқли ҳаётда нима етишмас эди? Бу қадар фожеа ва кулфатлар содир бўлмаслиги мумкин эди-ку!
Кўп йиллар давомида Нью Йоркда судья бўлиб ишлаган Бесси Хамбургернинг таъкидлашича, оиладаги ички низолар, аёлнинг тўхтовсиз инжиқликлари эркакларнинг уйидан бош олиб чиқиб кетишларига сабаб бўлар экан. "Бостон+пост" газетасининг ёзишича, хотинларнинг эрининг инон-ихтиёрини ўз қўлига олишга, оила ҳукмронлигига эришишга интилишлари шахсий оилавий турмушни барбод қилишга олиб келади. Бу аста-секинлик билан турмуш ўртоғини тириклайин гўрга тиқишнинг ўзгинасидир.
Оила самимий тенгликда баравж да- рахтдек яшнайди. Асло эр-хотиннинг теппа-тенг бир-бирига ташланишида эмас.
Дейл КАРНЕГИнинг 
"Чидаш санъати" китобидан олинди.
Мавзуга оид: