Таълим ва тарбия

САВОДХОНЛИК ТАДБИРИ

30-умумтаълим мактабига 2020-2021 ўқув йилида жами 58 нафар ўқувчи            1-синфга қабул қилинган, илк бор мактабга қадам ранжида қилган ўқувчиларга таълим-тарбия беришда тажрибали, масъулиятли педагоглар бириктирилган. Жажжи қўлчаларига қалам тутқазиб, уларни ОНА, ВАТАН деган табаррук сўзларни ёзишларига ва қалбан идрок этишларини шакллантиришда устозлик вазифаси нақадар улуғ эканлигини фақатгина ушбу жараённи бошдан ўтказганларгина тушунса керак, деб ўйлайман.  Негаки, мактабга илк қадам ранжида этган, на ўқиш, на ёзишни биладиган ўғил-қизларнинг саводини чиқаришда, уларнинг билим даражасини оширишда педагог устозларнинг заҳматли меҳнатларини алоҳида эътироф этсак арзийди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга кўра умумий ўрта таълим муассасаларида 1-синф ўқувчиларига қўшимча таътил белгиланиши назарда тутилган бўлиб, жорий йилнинг 15 февралидан 22 февралига қадар мактабимизнинг 1-синф  ўқувчиларига қўшимча бир ҳафталик таътил кунлари берилди.  

Ушбу таътил кунларида мактабимизда "САВОДХОНЛИК байрами" ташкил этилди ва 1-синф ўқувчиларининг саводхонлик тадбирлари ота-оналар, бобою бувилар ва устозлар даврасида кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Болажонларнинг  ўзбек ва инглиз тилидаги алифбо ҳарфларининг таништирув шеърлари, Ватан, она, устоз ҳақидаги қўшиқлари, жозибали рақслари, саҳна кўринишлари тадбирга ташриф буюрганларнинг кайфиятини кўтариб юборди. Айниқса, ўғил болаларнинг юртимиз байроғини баланд кўтарган ҳолда  ватанпарварлик ҳарбий чиқишлари барчанинг олқишига сазовор бўлди.

Тадбир якунида ноанъанавий тарзда ташкил этилган САВОДХОНЛИК ГУВОҲНОМАСИни мактаб директори А.Асроров жажжи болажонларга тақдим этар экан, 1-синф ўқувчилари олам-олам қувончдан ҳаяжонланганликларини кўриб, келгусида уларнинг янада чуқур билим эгаллашларига тилаклар билдирилди.

Нафиса ТУРСУНОВА,

   30-умумтаълим мактабининг мусиқа фани ўқитувчиси.