Оқдарё ижодкорлаи

«НАВНИҲОЛ»ДА УЙҒОНИШ ФАСЛИ

"Оқдарё овози" газетаси қошида устоз шоирларимиз томонидан ташкил этилган "Навниҳол" ижодий  клуби 1970 йилдан буён ўз фаолиятини давом эттириб келмоқда. Ҳар ойнинг охирги жума кунида ўтказиладиган Оқдарё ижодкорларининг анъанавий мушоираси ватанимиз бўйлаб янграётган Янги ¤збекистон оҳангларига мос, кундан- кун янги ижод, янги номлар билан уйғонмоқда, шоирлар, адиблар  давраси кенгаймоқда.

Жорий йилнинг 26 февраль куни туман ахборот-кутубхона марказида ўтказилган адабий кеча юқоридаги фикрларимизнинг ойдин намунаси бўлди. Шеърият кечасида жаҳон адабиёти намоёндаларининг асарларидан намуналар, ¤збекистон адабий муҳитидаги энг муҳим янгиликлар ҳамда Президент фармони асосида амалга оширилиётган ҳар бир мактабга бириктирилаётган ижодкорлар маданий-ижодий масалалар бўйича  тарғиботчиларнинг асосий вазифалари, мазмун-моҳияти тўғрисида қизғин ижодий суҳбатлар бўлиб ўтди. Наврўз Ҳасановнинг ёзувчи Antuan de Sent-Ekzyuperi қаламига мансуб "Кичик шаҳзода" асари тўғрисидаги таҳлилий маълумотлари тадбир қатнашчиларининг алоҳида эътиборини жалб этди. Жаҳон адабиёти намоёндаларининг асарларини ўқиб-ўрганиш барча  ижодкор учун дунё адабиёти саҳнига чиқишдек буюк орзуларининг бирдан-бир имконияти эканлиги тўғрисида мулоҳазалар юртилди.

- Ижодий клубимиз аъзоларининг тажрибалари кундан-кун ошиб, маҳоратлари шеърдан-шеърга улғаймоқда, - дейди Фар-ҳод Рўзиев. - Ижодкорларимизнинг аксарияти умумтаълим мактабларининг маданий-ижодий масалалар бўйича   тарғиботчи лавозимига таклиф этилиши келажакда ижодкорларимизнинг ўсиб келаётган истеъдодли ёш авлодини тарбиялаш ҳамда туманимиз  адабий муҳитининг мукаммал тараққиётини таъминлашда асосий замин бўлиб қолади. 

Мушоирада Ватан, она, бахт ва баҳор, болалик соғинчлари, ёшлик мавзуларида шеърлар ўқилди. Ёш ижодкорларимиздан Моҳинур ва Кўҳинур Исомиддиновалар, Озода қурбонмуродова, Тўлғаной Гадоева, Умида Шариповаларнинг шеърлари устоз шоирларимиз томонидан олқишланди. Шаҳноза Расулова, Меҳрибон Ҳақбердиевалар адабий-ижодий баҳсларда фаол иштирок этдилар. Феруза Нурмуродова ўзбек халқининг севимли шоираси Зулфияхоним ҳаёти ва ижоди ҳақида сўзлаб, севги ва садоқат, баҳор соғинчлари тўғрисидаги шеърларидан намуналар ўқиб берди. Мушоира даврасида туманимизнинг таниқли ижодкори Аслиддин Файзиевнинг шеърлари алоҳида олқиш ва эҳтиромга  сазовор бўлди. Мушоира сўнгида келгуси ойда бўлиб ўтадиган машғулотнинг режалари тузилиб, Наврўз тадбирлари белгиланди.  

Дарҳақиқат, "Навниҳол" ижодкорларининг қалби, қалами  баҳор нафасига монанд уйғонмоқда, янграмоқда.  Ижодингизга барака, Оқдарё ижодкорлари!


                                                          Ойгул Маматова