Шеърият гулшани
ТАНИШИНГ: ЁШ ИЖОДКОРЛАР
Моҳинур Исомиддинова - 2002 йилда Оқдарё туманининг "Карки" қишлоғида туғилган. 2020 йилда З1- умумий ўрта таълим мактабини тугаллаган. озирги вақтда Самарқанд Давлат Университети Мактабгача таълим факультетининг 1-бoсқич тaлaбaси.
БАҲОР
Сомонсувоқ томлар бошига,
Чучмомалар тақди чамбарак.
Булутларнинг шаррос ёшига,
Завқланади яшил теварак.
Тоғ ортидан мўралаб туман,
Туйқус ёпар кенгликка этак.
Яна бошлар томчилар тома,
Узуқ-юлуқ айтгандек эртак.
Завқ олади шу онда дилим,
Салом кўклам, хуш келдинг баҳор.
Қалдирғочдек чуғурлаб тилим,
Ва шаънингга айтаман ашъор.
Баҳор асло танламайди жой,
Ґатто, захкаш ерларда кўклам.
Қаранг, тунда тўлишибди ой,
Тоғни безар лолалар кўркам.
Бойчечакми, баҳор элчиси,
Қаранг, ердан кўтарибди бош.
Қалдирғочим баҳор куйчиси,
Сен-ла ҳар дам барча кўнгил ёш.
Дошқозонда қайнар сумалак,
Қизлар сочи майда ўрилган.
Ёмғирдан сўнг чиқди камалак,
Ялпиз ҳиди юзга урилган.
Етсам эди орзумга, баҳор,
Қолсанг эди мангу мен билан.
Айтсанг эди: "Айрилмаймиз ҳеч,
Ўн саккиздан ошмам сен билан!"
БОЛАЛИК СОҒИНЧИ
Болалик давримиз ўхшар қасрга,
Беғуборлик тўла мисли бир очун.
Майли тушар эдим унга асрга,
Афсус, бунинг иложи йўқдир, не учун?
Болалик давримиз мисли хазина,
Қайтмайди на чора, ҳеч бир кунларим.
Баландлаб боряпмиз ҳар йил бир зина,
Сўзласа сўзи кўп бола тунларим.
Болалик ўхшайди ширин бир тушга,
Йилдан йил хаёллар айланар рўйга.
Гўёки, ўхшайман ҳумодек сархуш,
Болалик бахтимни соламан куйга.
Болалик ўхшайди ширмой кулчага,
Доим кулиб турар мисли бир қуёш.
У яна ўхшайди митти гулчага,
Доим яшнайверар ул шўх-у, бебош.
Хаёлдан ўтади қанча кунимиз,
Болалик ўхшайди жўшқин бир сойга.
Юракдан жўшмоқда ёшлик куйимиз,
Тунлари дардимни айтаман ойга.
Моҳинур ИСОМИДДИНОВА.

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00

Шеърият саҳифаси
- 21 янв, 15:23