Инсон азиз - хотира муқаддас ҚАЛБИМИЗДА МАНГУ БАРҲАЁТ

Инсон умрини оқар дарёга қиёслайдилар. Дарё боғ-роғларга ҳаёт бахш этади. Инсон умри эса эл-юртга хизмат қилиш, жамиятга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиш билан белгиланади. Ҳалол меҳнат қилган инсон ҳамиша қадр ва эъзоз топади. Ўттиз йиллик умрини таълим соҳасига бағишлаган Гулнора Сафарова билим ва тажрибали математика фани ўқитувчиси сифатида туман халқ таълими бўлимига қарашли бўлган 29-умумий ўрта таълим мактабида самарали фаолият юритди. Ўз касбининг билимдони, фидойиси сифатида туманимиз халқ таълими соҳасининг ривожига муносиб ҳиссасини қўшди. 
Минг афсуски, бешафқат ўлим ўзининг бутун умрини халқ таълими соҳасига бахшида этган тажрибали педагог, фарзандларининг севимли ва меҳрибон онаси бўлган Гулнора Сафаровани орамиздан олиб кетди. У ҳаёт бўлганида эндигина 50 ёшни қаршилаган бўлар эди. 
Гулнора Сафарова 1972 йил 4 декабрда  Оқдарё тумани Бобур маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Қоратут қишлоғида туғилган. 1980 йилда 29-мактабнинг 1-синфига қабул қилиниб, 1988 йилда ушбу мактабни имтиёзли шаҳодатнома билан тамомлади. 1988 йили Оқдарё туманидаги 57-ҳунар-техника билим юртига ўқишга кириб, 1991 йили билим юртини қизил диплом билан битирди. 1993 йил Самарқанд Давлат университетининг математика факультетига ўқишга кириб, 1998 йил олийгоҳни муваффақиятли якунлади. Шу йили ўзи таҳсил олган 29-мактабда педагоглик фаолиятини бошлади. 1999-2002 йилларда мактабда бошланғич синфлар илмий бўлим мудири ва математика фани ўқитувчиси сифатида фаолият юритди. 2014-2015 йилларда мактаб директорининг ўқув-тарбия ишлари бўйича ўринбосари лавозимида ишлади. Шунингдек, у математика фани ўқитувчиси сифатида туман ва вилоят миқёсида ўтказилган барча тадбирларда, кўрик-танловларда доимо пешқадамлик кўрсатди. "Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси" кўрик-танловининг туман ва вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритди. 
Гулнора Сафарова кўп йиллик меҳнат фаолияти давомида юзлаб ёшларни одоб-аҳлоқли, она Ватанга муҳаббат руҳида, эл-юрт корига камарбаста инсонлар қилиб тарбиялаш ишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Жамоадаги фаоллиги, ёшларга билим беришдаги куюнчаклиги, ташаббускорлиги, фидойилиги билан нафақат ҳамкасблари, балки кенг жамоатчилик орасида обрў-эътибор қозонди. Умри бўйи илм ва маърифат йўлидан бориб, ёшларни юрт тараққиёти йўлида хизмат қиладиган етук инсонлар қилиб тарбиялашда жонбозлик кўрсатди. Унинг таълим ва тарбиясини олган ўнлаб шогирдлари эса бугунги кунда республикамизнинг турли жабҳаларида фаолият кўрсатишиб, юртимиз равнақига ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшишмоқда.
Минг афсуски, ҳаёт шундай бир мураккаб ва тотли неъматки, унинг синовларига дош бериб яшаш осон эмас. Гулнора Сафарова ҳаётида учраган ана шундай синовларни енгиб ўтишга, доимо олға интилишга ўзида куч сезарди. 2003 йилда турмуш ўртоғи Жуманазар Тўхтамишов вафот этди. Уч нафар фарзандини тарбиялаш, вояга етказиш унинг зиммасига юкланди. У ўзининг бор эътиборини фарзандларини рисоладагидек тарбиялашга, уларни эл корига ярайдиган инсон қилиб вояга етказишга қаратди. Ўғли ўиёс Жуманазаров  СамДУнинг математика факультетини тугатиб, айни пайтда 29-мактабда математика ўқитувчиси бўлиб фаолият кўрсатмоқда. Катта қизи Сабина банк соҳасида ишлайди, кичик қизи Зарина СамДУнинг бошланғич таълим йўналиши бўйича 3-курс талабаси.
Гулнора Сафарова муаллимлик касбини ўзининг умр мазмуни деб билди. Ҳаётининг сўнгигача касби ва жонажон мактабига содиқ қолди. Унинг қисқа, лекин сермазмун умр йўллари эса барчага ибрат бўлгудек.
Ўз касбининг фидойиси, жонкуяр инсон Гулнора  Сафарованинг порлоқ хотираси қалбимизда мангу яшайди.
29-МАКТАБ ПЕДАГОГИК ЖАМОАСИ.