Таклиф ва танқид

Сиз бунга нима дейсиз?

СВЕТОФОРЛАР ФАҚАТ ТУНДА ЁНАДИ(МИ)?

Лойиш шаҳарчаси шоҳ кўчасининг кенгайтирилиши муносабати билан унинг Зарафшон ва ҳзбекистон кўчалари билан боғлайдиган қисмига  ўрнатилган янги светофорлар ишлай бошлаганлигидан ҳайдовчилар ҳам, йўловчилар ҳам ниҳоятда мамнун бўлишди. Айниқса, мактабга қатнайдиган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари болаларининг катта ва серқатнов йўлдан эндиликда бехавотир ўтишини ўйлаб, кўнгиллари таскин топгандек бўлди. Лекин, ота-оналар ва мактаб ўқувчиларининг бу қувончи узоққа чўзилмади, янги ўрнатилган светофорлар ҳам аввалги аждодлари сингари "уйқу"га кетди шекилли, умуман ишламай қолди. Шу чорраҳада туриб киракашлик билан шуғулланаётган айрим ҳайдовчиларнинг сўзларига қараганда, светофорлар кечаси ишлаётган эмиш. Чорраҳа бўйлаб 3 набирасини мактабга етаклаб келаётган бир онахонга яқинлашиб, ҳол-аҳвол сўрадик. Лойиш шаҳарчасида яшовчи ушбу онахон ҳам бу ҳақда куюниб ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

- Айни пайтда 3 нафар набирам 45-ИДУМда бошланғич синфларда таҳсил олмоқда. Уларнинг 2 нафари 2-синф, 1 нафари эса 1-синфга боришади. Йўлда транспорт воситалари қатнови жуда кўплиги туфайли мактабга фарзандларимизни ёлғиз жўнатишга ишонмаймиз. ҳар куни эрталаб катта йўлдан ўтказиб юборамиз ва дарс тугагандан сўнг ўзимиз олиб кетамиз. Светофорнинг ишламаслиги эса ёш болаларга ҳам, катталарга ҳам йўлдан ўтишда қийинчилик туғдириши табиий ҳолдир. Нега бунга масъул раҳбарлар эътибор беришмаётганлигига ҳайрон қоласан киши.

Онахоннинг эътирозлари ўринли албатта. Дарҳақиқат, Амир Темур кўчасига ўтувчи Зарафшон ва Ўзбекистон кўчалари йилнинг ўн икки ойи давомида энг серқатнов, энг тиғизлиги билан ажралиб туради. Шу боисдан бўлса керак, айнан шу жойларга светофор ўрнатилган. Лекин, янги светофорларга ҳам кўз тегдими, билмадик ўрнатилганлигига ҳеч қанча вақт ўтмасдан ухлади қолди. Светофорларни уйғотишга масъул бўлган мутасаддилар эса аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган бу муаммони тез кунларда бартараф этади, деган умиддамиз.

Мавзуга оид: