Қорадарё ҳудудидан ноқонуний равишда қум-шағал аралашмасини қазиб олган шахслар жаримага тортилди

Айни кунларда Самарқандда ер ости ва ер усти табиий бойликлари, қора қум, тупроқ ва қум-шағал аралашмасини ноқонуний талон-тарож этилишини олдини олиш мақсадида вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан “Зарбдор ойлик” тадбирлари ўтказилмоқда.

29 апрель куни Каттақўрғон, Иштихон ва Оқдарё туман назорат инспекцияларининг давлат инспекторлари томонидан ҳудудида ўтказилган кузатув рейд тадбири давомида бир қатор қонунбузарликлар аниқланди.

Хусусан, Қорадарё дарёсининг Оқдарё тумани ҳудудидан кесиб ўтувчи қисмида фуқаро О.З., Иштихон тумани ҳудудидан кесиб ўтувчи қисмида фуқаро Х.Л. ва  Каттақўрғон тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида фуқаро Қ.Ф.лар ўзларига тегишли бўлган юк ортувчи техника воситаси ёрдамида ноқонуний равишда қум-шағал аралашмасини қазиб, юк ташувчи автомашиналарга ортиб бераётганлиги аниқланди.

Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати хабар беришича, қонунбузарларнинг ҳар бирига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 70-моддаси 1-қисмига биноан базавий ҳисоблашнинг 10 баробари миқдоридан, яъни 2 миллион 450 минг сўмдан жарима қўлланилди.