ТОМОРҚАЛАРДА ИШ ҚИЗҒИН

Оқдарё туман деҳқон хўжаликлар ва томорқа ер эгалари кенгаши масъуллари томонидан тумандаги маҳаллаларда томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш борасида тарғибот-ташвиқот ишлари изчил давом этмоқда. Яқинда Кенгаш аъзолари Пичоқчи маҳалласида истиқомат қилувчи Иброҳим Қаҳҳоров хонадонида бўлишиб, у ердаги томорқага бўлган муносабат ва ушбу хонадон маданияти уларда катта таассурот қолдирди. 

Иброҳим аканинг томорқасида баҳорги сабзавот экинлари тартиб билан жойлаштирилганлиги, чорва ва паррандалар озодалик билан парваришланаётганлигини алоҳида айтиб ўтиш ўринлидир. Оила аъзолари қилинган меҳнатига яраша яхшигина даромад ҳам олишмоқда. Шунингдек, Зарафшон маҳалласида яшовчи Авазхон Раҳматов ҳам ўз томорқасининг 8 сотих қисмида иссиқхона ташкил этган. Асосан сабзавотчиликка мўлжалланган бу мўъжазгина иссиқхона оила аъзолари учун қўшимча даромад келтираяпти.

Яқинда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ишчи гуруҳи аъзолари туманимизда бўлишди. Улар туманимизнинг Янгиобод маҳалласидаги хайрли бир ишга ўз ҳиссаларини қўшишди. "Мироб ТАС" фермер хўжалик ер майдонидан ажратилган бир гектар майдонда туман фермер хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ташаббуси билан мевали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, янги боғ яратилди.

- Бу эзгу ишларимиз ҳали давом этади, - дейди Оқдарё фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари кенгаши раиси Баҳодир ҳамроев. - 1200 туп қора шампань навли гилос кўчатларини ўтқаздик. Ушбу меваларимиз икки йилнинг ўзида ҳосил беради. Бу эса ўз навбатида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини кўпайтиришда муҳим аҳамият касб этиш билан бир қаторда "Яшил макон" дастурини ҳаётга тадбиқ этишда ҳам бор имкониятларимизни сафарбар этаётганлигимиздан далолатдир.

Айни кунларда маҳаллаларда олиб борилаётган бу каби амалий ҳаракатлар албатта, ўз самарасини бермасдан қолмайди. Кенгаш аъзолари баҳорнинг ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, аҳоли хонадонларида кенг кўламли тарғибот ишларини жадал суръатларда олиб боришаяпти. Биз ҳам томорқадан унумли фойдаланиш, ўз оилаларига қўшимча даромад олиб келиш, шу билан бирга арзон нархдаги қишлоқ хўжалик экинлари захирасини яратиб, бозорларимиз растасини мева-сабзавотлар билан безаётган қишлоқ хўжалиги ходимларининг саъй-ҳаракатларига омадлар тилаймиз.


Суннатулло ИБРАГИМОВ.

Мавзуга оид: