Муштарийларимиз биз ҳақимизда ЎЗ КАСБИНИНГ ФИДОЙИСИ

Моҳир журналист, камтарин инсон, садоқатли дўст, меҳрибон оила бошлиғи, қаттиққўл раҳбар Йўлчи Муҳаммадиев ҳақида кўп ва хўп ёзиш мумкин. Бизлар ярим аср илгари, яъни 1973 йилда танишганмиз. Ўша даврларда туманимиз газетаси "Ленинизм йўлидан" номи билан чоп этилар эди. Босмахона ҳам, редакция ҳам Даҳбед қўрғонида бўлганлиги сабабли газета ходимлари бизларникида тез-тез меҳмон бўлиб туришарди. Чунки, узоқдан қатнайдиган ходимлар учун ўша даврда автотранспортни жуда камлиги, кечалари эса умуман юрмаслиги сабабли бизникида қолишар эди. Асосийси, акам Ўктам Қурбонов (охиратлари обод бўлсин) ушбу даргоҳда ишлар эди.
1973 йилнинг ёз ойларида бир гуруҳ журналистлар меҳмон бўлиб келишди. Марҳум журналистлар (охиратлари обод бўлсин) Тоҳир Муҳаммадиев, Султон Нарзиев ва у кишилар билан биргаликда Мурод Мирзақобилов, Тожиддин Қамаровлар ҳамда яна мен танимаган журналистлар орасида ёш меҳмон ҳам ташриф этди. У билан ёшимиз тенг бўлганлиги учун тезда тил топишиб олдик.
Йўлчи Муҳаммадиев билан танишганимизга, дўстлашганимизга ҳам ярим аср бўлибди. Орадан қанча йиллар ўтди, қанча сувлар оқиб ўтди. Ўз умрини журналистикага бахшида этган тиниб-тинчимас, жонкуяр журналист ҳали қарасангиз интернет тармоқларида, ҳали қарасангиз оммавий ахборот воситаларида, ҳали қарасангиз бадиий адабиёт майдонида жавлон уриб ижод қилаётганлигини гувоҳи бўласиз.
Журналистика - ҳаётимиз кўзгусидир. У воқеаларга ҳалол ва холис ёндошишга даъват қилади. Йўлчи Муҳаммадиевнинг ҳам ҳаёт йўлига назар соладиган бўлсак, серқирра ижодкор эканлиги яққол намоён бўлади. Журналистлик фаолиятини 1970 йилларда жамоатчи мухбир сифатида бошлаб матбуотда қатнашиб, бугунги кунда эса газетхонлар тили билан айтганда, қалами ўткир журналист деган номга сазовор бўлди.
1980 йилда қишлоғимиз дўконидаги кирдикор ишлар, дўконда сотиладиган маҳсулотларга дўкончининг ўзи нарх белгилаб сотишлари, рўзғор эҳтиёжлари учун зарур бўлган маҳсулотларни яшириб (подприлавка) сотилиши ҳақида "Совун нега сотилмади?" ёки "Вайрон кўча ҳангомалари" номли танқидий мақолалар Йўлчи Муҳаммадиев икковимиз муаллифлигида матбуотда эълон қилинганда катта шов-шувга сабабчи бўлган эди. Ушбу фельетонимиз натижасида дўкончи ишдан четлаштирилиб, унга нисбатан маъмурий иш қўзғатилган эди. "Вайрон кўча ҳангомалари" фельетонидан ке-йин эса кўчага шағал тўкилиб, асфальт ётқизилиб, масъул кишиларга тегишли чоралар кўрилган эди.
2000 йилларда туҳмат уюштирилиб, туман газетасининг муҳаррири вазифасида ишлаб турган иқтидорли журналист Йўлчи Муҳаммадиевнинг қамоққа олиниши нафақат туманимизда, балки вилоят миқёсида ҳам катта шов-шувга сабаб бўлган эди. Ўша пайтларда мен ИИБда ишлар эдим. Мен терговчи бўлиб ишлаганлигим (яъни ҳуқуқшунос бўлганлигим) учун ИИБ бошлиғи ва туман прокурорига ўз эътирозимни, тергов бир томонлама олиб борилаётганлигини маълум қилдим. Лекин қамоққа олишга санкция берган прокурор ўз фикрида қатъий туриб, яхшиси бу ишга аралашмаслигимни, йўқса, камчиликларимни топиб, устимдан шикоят иши қўзғатишини айтиб дағдаға қилди. Бундан маълум бўлдики, прокурор ҳам кимнингдир топшириғини ёки илтимосини бажараётган эди. ИИБ бошлиғи эса прокурордан ўтиб бирор фикр билдиролмасдан топшириқ у ёқдан бўлган деб, кўрсаткич бармоғи билан юқорини кўрсатарди.
Ўша оғир дамларда яхши инсонларнинг ҳаракатлари билан ҳақиқат қарор топди, қонун устуворлигига эришилди. Й.Муҳаммадиевга нисбатан қўйилган айблар ўз исботини топмаганлиги учун қўзғатилган жиноят иши бекор қилиниб, айбсиз эканлиги исботланиб, суд залидан озод этилди. Кўрилган моддий ва маънавий зарар тўлиғича қоплаб берилган бўлсада, лекин дил яраси ҳалигича битган эмас. Бўлиб ўтган воқеалар асосида "Туҳмат гирдоби" қиссаси нашр этилиб, ушбу қисса асосида тайёрланган видео- фильм республика ойнаи жаҳони орқали намойиш этилди.
Тиниб-тинчимас ижодкор журналист ёзган танқидий мақолалари, ҳикоя ва қиссалари ҳақида ёзаверсак, Й.Муҳаммадиевнинг янги-янги қирралари намоён бўлаверади. Унинг келгусидаги ижодий ишларига ривож тилаймиз.
Шавкат ҚУРБОНОВ,
ҳуқуқшунос.
Мавзуга оид:

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00

Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22