Фахрийлар - фахримиз СПОРТДА ҲАМ, ИШДА ҲАМ БАРЧАГА ЎРНАК

    Ҳар куни эрталаб ишга келар маҳалим туманимиздаги кўпчиликка таниш бўлган меҳнат фахрийси Бурхон Умировни ўз иш жойида кундалик вазифаси билан банд бўлган ҳолда кўраман. Қарийб 50 йиллик меҳнат тажрибасига эга бўлган ташкилотчи устознинг олиб бораётган хайрли ишларини ҳар қанча эътироф этсак арзийди, дея хаёлимдан ўтказаман. Шундай фахр билан устознинг олдига бордим:

  - Ассалому алайкум, раис бобо! Келинг, эсдаликка суратга тушайлик”, дедим. Раис бобо ҳам менинг илтимосимни бажонидил қабул қилди. 

   Бурхон Умиров 1949 йилда Оқдарё туманида туғилган. 1978 йилда Тошкент қишлоқ хўжалигини ирригациялаш ва механизациялаш инженерлари институтини сиртдан тамомлаган. Тумандаги турли ташкилот ва муассасаларда масъул лавозимларда меҳнат қилган. 2003 йилдан буён эса  Самарқанд вилоят “Матбуот уюшмаси” масъулияти чекланган жамияти Оқдарё туман участкаси ташкилотчиси сифатида бутун тумандошларимизга маърифат улашиб келаётир. Мен эса айни пайтда Бурхон бобонинг касбий меҳнат фаолияти ҳақида эмас, балки ўз ишидан вақт ажратиб, туманимизда спортни ривожлантириш йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатлари, ташаббуслари, фидокорона меҳнатлари хусусида сўз юритмоқчиман, холос. 

    Бурхон Умиров туманда футбол, шахмат-шашка, югуриш сингари спорт мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказишга ўзининг салмоқли меҳнатларини қўшиб келаётганлигини алоҳида эътироф этсак арзийди. Негаки, “кўз тегмасин”,  дея айтаманки, у киши 75 ёшда ҳам биз ёшларга ҳар жиҳатдан ўрнак ва ибрат бўла олади. Туманда қайси бир ташкилот, масалан, ёшлар, касаба уюшмалари, халқ таълими ва бошқа ташкилот ва муассасалар томонидан ўтказиладиган турнирларнинг барчасида бош ҳакамликни албатта устоз Бурхон Умировга ишониб топширилади. Зиммасига юклатилган катта бир масъулиятни эса албатта холислик, адолат билан бажаради, десам айни ҳақиқатни айтган бўламан. 

  Бундан ташқари, Раис бобо вилоят миқёсида ўтказиладиган югуриш, шахмат-шашка мусобақаларида шахсан ўзи иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар сафидан ўрин олиб келади. Бу инсоннинг ташаббуси билан бокс бўйича жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Руфат Рисқиев туманимизга ташриф этганлигини алоҳида  таъкидлаш керак. Шунингдек, афсонавий футбол юлдузимиз Биродар Абдураимов билан устоз ҳозиргача бир-бирлари билан дийдорлашиб туришади. 

   Ўз навбатида туманимиз учун меҳнати сингиб келаётган серғайрат, юртга садоқатли, фидойи устоз Бурхон Умировга узоқ умр тилаб, у кишининг эзгу мақсад йўлидаги барча ишларига Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин, деймиз!

                                             Суннатулло ИБРАГИМОВ.