Ҳашар - элга ярашар ҲАР ЖАБҲАДА ЎРНАК БЎЛАЙЛИК

Дарҳақиқат, бугунги кунда ота-оналаримизнинг бизга берган ўгит-насиҳатларига амал қилишга ҳаракат қилиб, ҳозирда ўзимиз шу ўгитларни фарзандларимизга, набираларимизга бермоқдамиз. Ҳавони ифлослантирмаслик, сувларга чиқиндиларни ташламаслик, улар оқибатида ҳар хил касалликлар чиқиши тўғрисида тушунчалар бермоқдамиз. Чунки, поклик бор жойда ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, қут-барака бўлади.
Юртимизга баҳор фасли кириб келиши билан умумхалқ ҳашарига тайёргарликлар кўрилмоқда. Ҳашар азалдан жуда муҳим тадбир бўлиб, ҳатто, Пайғамбаримиз ҳам бир нечта ҳашарларда иштирок этганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Жумладан, Каъбани таъмирлаш ишларида ҳам иштирок этганлар. Демак, бу тадбирлар бизларга қадим-қадимдан етиб келганлиги билан муҳим аҳамиятга эгадир. Ҳашар савобли иш бўлибгина қолмай, инсонларни бирдамликка, меҳр-муҳаббатга, поклик, озодаликка, Ватан дея аталган буюк неъматни севиб, ардоқлаб, қадрлашга, шундай тинчлигимизга шукроналикка ундайдиган муҳим тадбирдир.
Шу боисдан яқинда маҳалламиз аҳли билан ҳашар уюштирдик. Кўчаларни супуриб-тозалаш, дарахтларни оқлаш, чиқиндиларни махсус жойларга олиб бориб ташлаш ишлари билан шуғулландик. Бу ишларимиз эса фарзанд ва набираларимизга ибрат бўлиши табиийдир. Шунингдек, ёшларимиз билан ҳар бир ишимизда ростгўйлик, ҳалоллик, покизалик, кийиниш маданиятига риоя қилиш, хушзабонликда ўрнак бўлишликда суҳбатлар қурдик. Чунки, асли момоларимиз ҳам ҳар жабҳада ўрнак бўлишган. Шундай экан, миллий қадриятларимиз, маънавиятимиз ҳам аслимизча бўлиши керак. Ортимиздан яхши ном қолдирмоғимиз керак. Бунинг учун фидойи бўлиб, элимиз, юртимиз учун, иймонли, эътиқодли, маърифатли, маданиятли, зиёли фарзандлар тарбиялашимиз, улар жамиятимизга нафи тегадиган инсонлар бўлиши зарур деб ўйлайман.
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Шундай юртда яшаётганимиз учун бунга фақат шукроналар қилишимиз керак. Аллоҳ таоло: "Ким шукур қилса бас, албатта у фақат ўзи учун шукур қилур. Ким ношукурлик қилса бас, албатта Раббим ҳамма нарсадан беҳожат ва карамлидур". (Намл сураси, 40-оят). Аллоҳнинг илоҳий берган бу неъмати билан тинч хотиржам яшамоқдамиз. Шундай экан, миллат фаровонлиги яшаб турган масканларимизни тоза тутиб, асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир. Зеро, Ватан муқаддасдир. Уни севмоқ эса иймондандир. Иймони бут одам уни севади ва шукур қилади.
Гулнора АҲМЕДОВА,
Ойтамғали МФЙ отинойиси.
Мавзуга оид:

Онани эъзозлаш халқимиз учун олий қадрият
- 10 мар, 11:10

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00