Орамиздаги одамлар Меҳнатда тобланган бободеҳқон

Одатдагидек ишдан қайтар эканман, Муллақўрғон қишлоғига кираверишда томорқада меҳнат қилаётган отамнинг яқин дўстларидан бири 67 ёшли Абдуғофир бобом диққатимни тортди. Чунки у киши шудгор қилинган ерга яна маҳаллий ўғит аралаштираётган эди. Бунинг сабабини бобом шундай изоҳлади:

- Ўғлим, отангиз ҳам жуда яхши билса керак. Шудгордан олдинги тўшалган ўғит баҳорий экин учун ерни унумдорлигига таъсир қилса, ҳозирги маҳаллий ўғит иккинчи экиннинг ҳосилини оширишга хизмат қилади. Бу кўп бор ҳаётий тажрибамдан ўтган. 

-  Томорқамдаги 6 сотих экин жойимдан икки марта маккажўхори экиб, ундан юқори ҳосилдорлик оламиз ва асосан қорамоллар ва паррандаларимиз учун озуқа ем қиламиз,- дейди суҳбатини давом эттириб Абдуғофир бобом. - Экиннинг ён-атрофларига эса ошкади экаман. Агар бир кун ишламасам, касал бўлиб қоламан. Ҳар йили битта новвос боқишга ҳаракат қиламан. Бир бош сигирнинг сут, қатиқ, мойи-дан ҳафтасига 300 минг атрофида даромад оламиз. Қўлим меҳнатда экан, албатта Яратганга беҳисоб шукур, дейман. 

Дарҳақиқат, Абдуғофир бобомнинг қишлоғимиз аҳлига кўрсатаётган беминнат ёрдами катта бўлаётир. Қишлоғимиздаги мавжуд иккита трансформаторда носозлик кузатилиб қолса, дарҳол ўзи созлашга уриниб кетади. Маҳалламизнинг жамоат ишларида  ҳам биз ёшларга дарс бериб қўяди. Ёзда эса худди ёшлардек ғишт ҳам қуяди. Лоф эмас, айни пайтда ҳам у кишининг уйида сотиладиган хом ғиштлари бор. 

Халқимизда йигит кишига етмиш ҳунар ҳам оз, деган нақл бежизга айтилмаган. Абдуғофир бобом ҳам ана шундай инсонлардан биридир. У кишининг қўлидан келмаган ишнинг ўзи йўқ. Айни кексалик ёшида ҳам тиниб-тинчиб ўтиришни ўзига эп билмаган Абдуғофир бобо ва Насиба бувиларнинг беминнат хизматидан Муллақўрғон халқи бағоят мамнун бўлишмоқда.

Элга беминнат хизмат қилишни ўзларининг инсоний бурчи деб ҳисоблаган бундай қалби пок ҳамқишлоқларимизга ўз навбатида биз ҳам тасаннолар айтиб, узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз.

 Суннатулло ИБРАГИМОВ.


Мавзуга оид: