Қутлов! "МЎЪТАБАР АЁЛ" МУКОФОТИ МУБОРАК!

Мамалакатимизда хотин-қизларимизнинг жамиятдаги ўрнини кучайтириш ва шу билан бирга юрт равнақи йўлида фаоллик кўрсатиб келаётган опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. "Мўътабар аёл" кўкрак нишони таъсис этилиши ҳам фаол аёлларни аниқлаш ва рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳар йили 8 март - Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида мазкур мукофотнинг тантанали топширилиши яхши анъанага айланди. 
Туманимизда ҳам ана шундай ижтимоий фаоллиги билан ҳар жабҳада ўрнак бўлиб келаётган халқ таълимининг фахрий педагоги, Янгиқўрғон маҳалласининг отинойиси, ҳожи она Насирена Муҳаммадиева яқинда "Мўътабар аёл" кўкрак нишони билан тақдирланди. 
Меҳнат фидойиси, эл эъзозлаган муаллима Насирена Муҳаммадиева 1955 йилда Янгиқўрғон қишлоғида туғилган. 2005 йилгача 2-умумий ўрта таълим мактабида рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси сифатида фаолият юритган.
Айни пайтда эса кекса педагог Янгиқўрғон маҳалласининг отинойиси сифатида маҳалла аҳлининг ҳурмат ва эъзозига сазовор бўлмоқда. Бинобарин, устоз муаллиманинг меҳнатлари ва саъй-ҳаракатлари юксак қадр топиб, ушбу кўкрак нишонига муносиб дея баҳоланди. 
Фурсатдан фойдаланиб, фахрий устозни ушбу юксак мукофот билан самимий қутлаймиз! Келгусидаги эзгу ишларига Яратганнинг ўзи мададкор бўлишини тилаб қоламиз.
  С.ИБРАГИМОВ.