"КАРЧЕР"ДАГИ 1 ТУП "КАННАБИС"

Судланувчи Самадов Бектош (исми-шарифи ўзгартирилган), 2023 йил апрель ойининг бошларида келгусида сотиш мақсадини кўзлаб, ўзининг Оқдарё тумани, "Суғончи" МФЙга қарашли, "Суғончи" қишлоғида жойлашган автомашиналарни ювиш шахобчаси яқин жойида жойлашган ер майдонига 1 туп "каннабис" гиёҳвандлик ўсимлигини экиб, ўстириб, парваришлайди. Сўнгра   етиштирган жами 396,66 грамм кўп миқдордаги "марихуана" гиёҳвандлик воситасини 2024 йил 22 январь куни таниши А. Р.га 400.000 сўмга сотганлиги Оқдарё туман ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан аниқланган.
Шунингдек, Оқдарё туман ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида судланувчилар, А.Ф., А.Х. ва А.Р.лар ҳам Сатторов билан бир гуруҳ бўлиб  гиёҳвандлик савдоси билан шуғулланиб келишганлиги аниқланди. Бу ҳақда суд мажлисида сўроқ қилинган гувоҳ Г.Э. қуйидагича кўрсатма берди. У ҳозирги кунда Оқдарё туман ИИБ ЖҚБ тезкор вакили лавозимида ишлаб келишини, хизмат вазифаларига жиноятларни аниқлаш, фош этиш, тезкор-қидирув тадбирларини олиб бориш ва бошқалар киришлигини айтди. Оқдарё туман ИИБ ЖҚБда Оқдарё тумани "Галаравот" МФЙга қарашли "Янгиқўрғон" қишлоғида яшовчи А.Р., А.Ф. ва А.Х. лар кўп йиллардан буён фуқароларга пул эвазига гиёҳвандлик воситаларини сотиб, ўтказиб келаётганлиги тўғрисида маълумотлар бўлган. 2024 йил 22 январь куни Оқдарё туман ИИБ ЖҚБ томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида гиёҳвандлик билан шуғулланиб келаётган ушбу уюшган гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Судланувчи Самадов Бектошга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан ўташлик учун узил-кесил 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Судланувчи А.Ф.га Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан ўташлик учун узил-кесил 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Судланувчи А.Х.га Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан ўташлик учун узил-кесил 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Судланувчи А.Р.га Ўзбекистон Республикаси ЖК 273-моддасининг 5-қисми билан 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
 Жавоҳир ТЎРАЕВ,
туман прокурори ёрдамчиси, 
1-даражали юрист.