Т А Қ Д И Р Ҳ А З И Л И Қисса

Турсун Маҳмадалиев - Сурхондарё вилояти Сариосиё туманининг Шоҳқишлоқ қишлоғида таваллуд топган. 1984 йилда Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини битирган. Узоқ йиллар давомида республика "Адолат", "Бозор ва истеъмолчи" газеталарида ишлаган. Айни  пайтда "Тадбиркор ва истеъмолчи", "Тараққиёт ва ёшлар" газеталарида фаолият олиб бормоқда. Туман, вилоят, республика газета ва журналларида ҳикоя, новелла, қисса, шеърлари ҳамда публицистик мақолалари эълон қилинган. 
Ижодкорнинг "Кафтдаги олтин", "Коинот орасидаги сайёралар", "Афсонадан бошланган ҳаёт", "Қадриятни уйғотган кунлар", "Аждодлар жавоҳири"номли китоблари нашр этилган. Қуйида муаллифнинг «Тақдир ҳазили» номли қиссасини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Дастурхонга дуо тортилиши билан қўнғироқ "бонг -г, бинг -г..." лаб уч марта овоз берди. Норпўлат хотинига "Чиқиб қаранглар?" ишораси билан кўз қирини ташлади. Оилада эр-хотин, болалар ўрталарида шундай тартиб ва тарбия бўлган. Чеҳралар, қош-қовоқ ишоралари билан ими-жимида мақсадлар ҳосил бўлиб келаверган. Ҳозир ҳам шу амалиёт ҳукмрон эди. Латофат илк келинлик кунлариданоқ қайнона ва кайнотанинг бу имо-ишораларини ўзига тезгина сингдириб олганди. Бу хонадонда бақир-чақир, шанғи гурунглар мутлоқ бегона. Оиладаги бўлиб турадиган барча мулоқатлар босиқлик ва шовқинсиз бўлиб келган. Оила одобининг яна бир муҳим жиҳатларидан, у, муомала маданияти, ота-боболар урф-одатларидан асло йироқлашмаган. Дарвозанинг зулфаги шилдираса, аввало хонадон соҳиби ёки соҳибаси меҳмонга юзма-юз дуч келган.
Латофат эрининг қарашидан жон олиб кўча дарвоза эшигини очиб, кўча йўлагига оёқ қўйди. Дарвоза деворида чақириқ тугмасига бош бармоғини қўйиб турган йигитга кўзи тушди. "- Келинг, йигитча! Хўш, хизмат?" - дейиши билан йигит қўнғироқ тугмасидан бармоғини олиб ўгирилди.
- Ассалому алайкум, холажон!
- Ваалайкум ассалом, хўш кўрдик меҳмонжон!
- Норпўлат Қиличев хонадони... мободо адашмадим-ми?
- Адашмагансиз, ўғлим... шу хонадон...
Аёлнинг "ўғлим" дсйиши боланинг кўнглига илиқлик олиб кирди.
- Қани, ичкарига марҳамат. Бу ерда туриш ярашмайди.
Бола бир оз калавланиб қолди.
- Илтимос, чақириб берсангиз...
Аёл уни кўпам тергамади. Боланинг хоҳишига эрк бериб "...мен, ҳозир" дея вазмин кадам билан ҳовлидан уй томонга буралиб, кўринмай кетди.
Уй даҳлизи олти қадам, ясатилган бўлиб, қат-қат кўрпачалар ташланган. Уй бурчагида савлат тўкиб турган ҳашаматли Самсунг телвизори уй тўрининг ярмини эгаллаб, мухлисларига хоҳлаган кўрсатувларини намойиш қиларди. Пиёлада иссиқ чой ҳўплаётган Норпўлатнинг бутун диққат-эътибори телвизорда... Кенг миқёсдаги экран гўё бир давра одамлар билан суҳбат қураётгандек... "-Эй -й, замонадан ўргилай даври-даврон. Бу кетишда телеэкран иштирокчилари билан бемалол ёнма-ён   гаплашадиган даврлар ҳам яқинга ўхшайди. Қани энди телевизорни орқа туйнуги бўлса-ю  даврасига салом бериб машваратларига шерик бўла қолсанг..." дея кўнглидан ўтказиб кўйди, ичида.
Даҳлиз олди янги фасондаги альюмин пластик бўлиб, ёппасига оппоқ ҳарир тўр парда билан безатилган. Тўр парданинг безак бериб букланган қанотлари хона елига тебраниб, тўлқинланиб қўяди. Эшик очилиши билан елдан куч олиб парда янада жонли тебраниб, чиройли манзара ҳосил қилади. Бу ҳолатга кўзи тушган Норпўлат кимдир эшик очиб ичкарига кирганини пайқамади ҳам... Латофат эшикни қия очиб, эрига нимадир демоқчи бўлди. Норпўлат бир оздан кейин нигоҳларини аср этиб турган тўрпаданинг турлича шакл бериб тебранаётган манзарасидан нигоҳини узиб, кимнидир соя солганини сезди. - Нима гап, тинчликми?! - деди шарпани хотини эканини пайқагач.
- Сизни сўраб меҳмон келибди.
- Ичкарига таклиф қилмадингми?
- Таклиф қилдим. Қандайдир зарурияти бўлса керак. Шошиб турган кишидек, сизни чиқишингизни илтимос қилди.
- Гузарданми?..
- Гузарнинг одамига ўхшамайди.
- Шундай дегин!
- Куттирмай, чиқа қолинг.
Норпўлат енгил кийинган ҳолда кўча дарвоза табақасини очиб, атрофга нигоҳ ташлади.
Латофат эрининг кўрпачада ўтириб хонтахтага қўлини қўйганидан бегона хаёлларга ғарқ бўлди. Меҳмон нотаниш кимсанинг юз-чеҳрасини кўз ўнгига келтириб: "- Ё, тавба -а! Одам боласи бир-бирига шунчалар ўхшаш бўладими-я? Нақ ўғлим Мансурнинг ўзгинаси. Иккиси ҳам эримнинг қуйиб-кўйгани. Сира тушунмаяпман, бу ўхшашликка". Унинг кўнглини бир чеккаси дарз кетгандек бўлди. Ўз кечинмаларига ўзи ишонмасди.
Норпўлат қаршисида жилмайиб турган бўз йигитни турар-турмуши, турқи-тароватини зимдан кузатар экан, ё, тавба -а -а!.. Қолипга қуйиб кўйгандек-а. Ўхшашини кўриб танангга илиқлик югуради. Наҳотки, инсонлар бир-бирларига шунчалар ўхшаш чеҳралар-а, - деди. Аммо бу ўхшашликларнинг тагида нималардир яшириниб турарди.
Улар бир-бирларига кўз уриштириб олис тикилиб қолишди. Сукунатни Норпўлат кўзғатди.
- Ассалому алайкум, Норпўлат Қиличев!
- Ваалайкум ассалом. Меҳмон, келинг... Сизни танимай турибман, қандай юмуш билан мени сўроқлаб келибсиз, тортинмай сўзлайверинг.
 Ёт кимса яна бир зум унга сирли қаради. Нигоҳида: "-Оббо -о, одам боласи-ей! Қилғиликни килиб қўйиб, ҳаётида ҳеч бир гуноҳ иш қилмаган кишидек безрайиб туришига қа-   ранг-а?! Яхшиям инсонлармиз, бироз махлуқот бўлиб туғилсак нима бўлар экан? Унда, шунчаки бир-биримизнинг ёнимизга келиб дардимизни ошкор қилолмай, ғайри қараш билан ўз -ўзимиздан ўч олиб кетаверар эканмизда. Махлуқотларнинг феъли ҳам баъзан бир -бирларига ўхшаш келади. Бир-бирини кўрса яқин тутиб ўзини эркаланиб-суйканиб қўяди. Кадрият-у, меҳр-оқибатини намоён этгани шу бўлса керак-да. Аммо биз инсонлар-чи?..    Мардлик билан номардлик бир-бирига ўт-олов. Иккиси тўқнаш келса -чи, нималар содир бўлади?.. Иккиси ўртасида жон сақлаётган туйғулар қақшаб умргузаронлик қилаверади-ми?!.. Ёки?..
Эй қаршимдаги гуноҳкор инсон! Бир пайтлардаги билиб-билмай қадам қўйган шўхликларингиз мевасини ҳил-ҳил пишиб, кўзингизни яшнатиб турганини фаҳмлаган бўлсангиз керак. Ҳойнаҳой кўнгилдан сачраб чиққан саволлар жавобини кўраётгандирсиз. Қайси тоифадан бўлмасин, инсон зоти бир кун келиб хатосини англаб, мўмингина бўлиб қолмасмикин? - деган бир олам кечинмалар оромини тўзитарди, йигитни.
- Қани меҳмон, уйга кирайлик.
- Уйга киришдан аввал масаланинг тугунини шу ерда еча қолсак -чи?
Норпўлат ҳаёт ўйинларининг ҳисини англамаган, юзларида энди сабза ураётган боланинг оғзидан отилиб чиқаётган бу каби илмоқли сўзлардан ҳайратда эди.
- Кечирасиз, йигитча. Бир нимани сўрасам кўнглингизга тегмайдими?
- Сўраверинг, бемалол! Бугун саволларга ечим топадиган кун.
Норпўлат унинг тагли сўзларини эшитаркан, яна бир бора унга маънодор нигоҳ ташлади.
- Қаердансиз, танишиб олайлик?..
Бегона меҳмон кўкрагини баландлатиб, чуқур нафас оларкан, жавобга оғиз ростлади.
- Тошкентдан!
- Шундай муборак шаҳардан келибсиз -у, кўчада гаплашишга нима бор? Қани, уйга кирайлик. Ечилмаган масалага  ечим топармиз.
- Уйга киришдан олдин мен сизга муҳим гапни айтмоқчиман. Гапларимга рози бўлсангиз уйингизга кираман. Йўқса жавобини шу ерда олиб, шу ердан ортга кайтиб кетаман.
- Қани эшитайлик -чи, кандай нозик гап экан?
 - Саволим сизга ўта нозик, шу билан бирга қалтис хам.
Норпўлат "-Нимадир бўлган бу болага. Нимага шаъма қилаяпти ўзи? Мақсади нима экан?!  Бирор бир мансабдор эмасманки, хатолик қилиб хатоларим Тошкентга акс-садо берган бўлса..." - деб ўйга толди. Унинг тортанак тўрига тушиб қолганини фаҳмлаган йигит: "-Тамом, тузоқ тўрига илинди бу одам! - деган хаёлга борди.
(Давоми бор).
Турсун Маҳмадалиев.