Фирибгарлар жазосини олди

Судланувчи Исақулов Фирдавс    Норқул ўғли, ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиб, осон бойлик орттириш мақсадида, 2024 йил январь ойининг ўрталарида таниши Орипова Истода Салимовнага ўзини гўёки Самарқанд вилояти Бандликка кўмаклашиш бўлими ҳуқуқшуноси эканлиги ҳақида ёлғон гапларни айтиб, Самарқанд шаҳри ҳудудидан "субсидия" асосида уй олишида мансабдор танишлари орқали ёрдам беришини айтиб, унинг ишончига кириб, бунинг учун мансабдор танишларига пора тариқасида пул бериши кераклигини айтиб, И.Ориповани пора беришга далолат қилиб, ундан эвазига Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси ҳисобида 2.400.000 сўмга тенг бўлган 200 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, пулларни ўзининг эҳтиёжларига  сарфлаб юборган.

Бундан ташқари, судланувчи Исақулов Фирдавс Норқул ўғли, ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиб, осон бойлик орттириш мақсадида, 2024 йил 26 январь куни фуқаро Гафурова Рухшона Акмалжоновнага ўзини гўёки Самарқанд вилояти Бандликка кўмаклашиш бўлими ҳуқуқшуноси эканлиги ҳақида ёлғон гапларни айтиб, Самарқанд шаҳри ҳудудидан "субсидия" асосида уй олишида Самарқанд вилоят ҳокимлиги "Уй-жой" бўлимида ишловчи мансабдор танишлари орқали ёрдам беришини айтиб, унинг ишончига кириб, бунинг учун мансабдор танишларига пора тариқасида пул бериши кераклигини айтиб, И.Ориповани пора беришга далолат қилиб, ундан эвазига 3.450.000 сўм пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритаётган вақтида тезкор тадбир давомида қўлга олиниб, ушбу жиноятларини ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охирига етказа олмаган.         

Судланувчи Исақулов Фирдавс Норқул ўғли (Isaqulov Firdavs Norqul o`g`li), Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддасининг 1-қисми, 25,168-моддаси 3-қисмининг "б" банди ва 28, 211-моддаси 2-қисмининг "а" бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддасининг 1-қисми билан ҳар ойда иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда 6 (олти) ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Ўзбекистон Республикаси ЖК 25,168-моддаси 3-қисмининг "б" банди билан ҳар ойда иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Судланувчи Исақулов Фирдавс Норқул ўғлига Ўзбекистон Республикаси ЖК 28, 211-моддаси 2-қисмининг "а" банди билан, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 3 (уч) йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Судланувчи Исақулов Фирдавс Норқул ўғлига Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59,61-моддаларига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан ўташлик учун узил-кесил 3 (уч) йил 6 (олти) ой озодликни чеклаш жазоси тайинланган.


  Б.Нурматов,

 Бош прокуратура ҳузуридаги 

иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Самарқанд вилоят бошқармаси бўлими бошлиғи, адлия маслаҳатчиси.