"ОҚДАРЁ НАВОЛАРИ" ХАЛҚИМИЗ ХИЗМАТИДА

Лойиҳани ёзиш ва амалга ошириш - энг муҳим ижтимоий ташаббусдир
"ОҚДАРЁ НАВОЛАРИ"  ХАЛҚИМИЗ ХИЗМАТИДА
"Олтин меросННТ қошида Оқдарё туман ҳокимлиги маданият бўлими билан ҳамкорликда миллий 
урф-одатларимизсанъат ва адабиёт ҳамдаумуминсоний қадриятларимизни тарғиб этувчи
" ОҚДАРЁ НАВОЛАРИ" номли сайёр драм театр труппаси ва достончилик   мактабини   ташкил этиш"
 лойиҳасининг амалга оширилиши фаолиятидан
Оқдарё туманида фаолият олиб бораётган Халқаро "Олтин мерос" хайрия жамоат фонди Оқдарё туман муассасаси 2014 йилда ташкил этилган. Республика Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа  институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди молиялаштирган  4 та лойиҳа  ҳамда Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди ғолиб деб топган  2 та, жами 6 та долзарб муаммолар ва уларнинг ечимига қаратилган лойиҳаларни фуқаролик жамиятининг ривожланишига тадбиқ этиб келмоқда.  
Миллий қадриятларимиз ҳамда урф-одатларимизни асраб-авайлаш ва  авлодларга мерос қолдириш борасида туман маҳалла уюшмаси, маънавият ва маърифат бўлинмаси, ёшлар агентлиги, отинойилар ва нуронийлар кенгаши билан ҳамкорликда бир қатор тадбирлар ўтказилди. "Уч авлод учрашуви", "Хонатлас"форуми, "Жаҳолатга қарши маърифат", Миллий урф-одатларимиз -маънавий бойлигимиз" мавзуларида оммавий ахборот воситаларида мақолалар, видеолавҳалар намойиш этилди. Жорий йилнинг июль ойида  Ўзбекистон Миллий Телерадио Компаниясининг "Маданият ва маърифат" телеканали ижодий жамоаси билан ҳамкорликда "Ўзбек удумлари" номли телефильм суратга олинди ва республика телеканалларида эфирга берилди.  
Миллий ҳунармандчилигимизни ривожлантиришда устоз-шогирд анъаналарини давом эттириб, бу соҳада тумандаги "Ўзбекистон" маҳалласининг "Болта" қишлоғида фаолият кўрсатаётган тикувчилик корхонасида  каштачилик, тўқиш, бичиш ва чизмачилик ҳунарлари ўргатилмоқда. Кашталар коллекцияси тўпланиб, доимий кўргазма ташкил этилган. Ҳунармандчилик маркази аъзолари туман, вилоят тадбиркорлик кўргазмаларида иштирок этмоқдалар.
Туманда ёш қаламкашлар  учун  "Оқдарё    ижод   мактаби" ташкил этилган. "Оқдарё овози" туман газетаси ҳамда "Олтин мерос" нодавлат ташкилоти қошида ташкил этилган "Навниҳол" ҳамда "Шеърюраклар"   жамоасига  100 нафарга яқин   ижодкорларни ижод мактабига  жалб этган.   "Оқдарё баёзи"нинг бешинчи китоби  чоп этилди. 2023 йил 19 декабрь кунида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Оқдарё тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида тумандаги 32-мактабда Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон ҳамда таниқли адиб Орзиқул Эргаш таваллудининг 70 йиллигига бағишланган тантанали адабий кеча ўтказилди. Кечани Оқдарё туман ҳокими Шерзод Қудратов кириш сўзи билан очиб,  адибларимизни муборак ёшлари ҳамда ижодий ютуқлари билан самимий қутлади. "Жорий йилда Республика ёш ижодкорларининг "Зомин-2024" семинарида туманимиздан   ёш носирлар Фаёз Раббонаев, Озода Ўроқова ҳамда шоира Гулсанам Абулакимоваларнинг иштирок этиши туман адабий муҳитининг ривожланишида  катта ютуқ бўлди.
Ижтимоий шерикчилик қонуни асосида давлат ва нодавлат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда. 2024 йилнинг февраль ойида туман ҳокимининг оила ва хотин-қизлар бўлими билан ўзаро меморандум тузилди. 
2023 йил ноябрь ойида "Миёнкол наволари" лойиҳаси асосида туман ҳокимлигининг маданият бўлими билан ҳамкорликда "Оқдарё наволари" номли мумтоз ва фольклор этнографик ансамбли ташкил этилди. Ансамбль жамоаси ўтган 10 ой давомида катта ютуқларга эришди. Ўз.МТРК "Ўзбекистон тарихи" ва "Маданият ва маърифат" телеканалларида концерт дастурлари намойиш этилди. 2024 йил 5 май куни  "Бойсун баҳори" халқаро фестивалида, 18 май куни "Эргаш Жуманбулбулнинг  Қўрғон ижод мактаби" фаолиятига бағишланган халқаро бахшичилик санъати фестивалида иштирок этиб, қимматбаҳо совғалар  ҳамда рутбаларни қўлга киритдилар. Самарқанд телевидениесининг "Қадрият" кўрсатуви орқали  "Вола Янгиқўрғоний - 230 ёшда" номли  концерт дастури адабиёт ва санъат мухлисларига тақдим этилди.  Фольклор жамоасининг аъзолари халқимизнинг маданий ҳордиқ чиқариб, дам олишлари  учун намунали хизмат қилмоқдалар. Сентябрь ойида бахши шоир Эргаш Жуманбулбулнинг шогирди, "Оқдарё достончилик мактаби"нинг асосчиси "ўўлва" қишлоғида яшаб ижод этган Парда шоир Дўсёр ўғли таваллудининг 130 йиллик тўйига тайёргарлик ишлари  давом этмоқда.
Туманимизнинг ички ва ташқи туризм салоҳиятини ривожлантириш борасида "Олтин мерос" ташкилотининг режали улкан. 2000 йилда Оқдарё тумани ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимларининг қарори билан   "Ўзбекистон" маҳалласининг "Қоработир" қишлоғида жойлашган, 1500 йиллик тарихга эга "Тоҳир ва Зуҳра" зиёратгоҳи Халқаро "Олтин мерос" ташкилотининг тасарруфига олинган. Зиёратгоҳни ободонлаштириш ва  туризм масканига айлантириш мақсадида "Муҳаббат қасри" лойиҳаси яратилди, тарихи тўғрисида китоб чоп этилди. Лойиҳанинг 1-босқичи зиёратгоҳ қошида "Ёшлар сайлгоҳи"ни бунёд этишга бағишланган. 2024 йилнинг апрель ойида вилоят маданият бошқармаси номидан Олий Мажлис Жамоат фонди ҳамда Парламент комиссиясига 1 миллиард 508 миллион сўмлик ижтимоий буюртма лойиҳаси тақдим этилди. Ушбу лойиҳани молиялаштириш масаласи 2025 молия йилининг бюджети тақсимот муҳокамасида  кўриб чиқилади.  
Туманимизда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда вилоят бўлими билан ҳамкорликда "Оқдарё ННТларининг ахборот,  ўқув- услубий маркази" ташкил этилди. Бугунги кунда ўқув марказида таҳсил олиб, лойиҳа ёзиш ва ўз ғояларини  амалга ошириш маҳоратига эга бўлган тингловчилар томонидан ўнлаб лойиҳалар яратилди, натижада  янги нодавлат ташкилотлари очилди. Примкент, Ўзбекистон, Мустақиллик маҳаллаларида  лойиҳа муаллифлари Фаёз Раббонаев, Мадина Бобожонова, Норбуви Нурматова ҳамда Фарҳод Рўзиевлар ўз лойиҳалари ижроси билан фуқаролик жамиятининг ривожланишига самарали ҳисса қўшмоқдалар.
Халқаро "Олтин мерос" хайрия жамоат фонди Оқдарё туман муассасаси 2023 йил октябрь ойида "Юксалиш" умуммиллий  ҳаракатининг "Энг фаол ННТ" мукофотини қўлга киритди. 
Ойгул Маматова,
 Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Фуқаролик жамиятининг ривожланишига қўшган ҳиссаси учун" кўкрак нишони соҳибаси.