Оқдарё тиббиёти оғир жудоликка учради ИЗЛАНУВЧАН ШИФОКОР ЭДИ

Бутун умрини соғлиқни сақлаш соҳасига бағишлаган самимий ва камтарин инсон, тажрибали шифокор, меҳрибон ота Норбек Тошмаматов бугун, 20-май куни вафот этди. 
Норбек Тошмаматов 1942 йилда Муллахўжа қишлоғида оддий деҳқон оиласида туғилди. Ўрта мактабни тугатгач, икки йил хўжаликда ишлаган Н.Тошмаматов 1960 йилда Самарқанд шаҳридаги тиббиёт билим юртининг фельдшерлик бўлимига ўқишга кириб, уни 1963 йилда тугатди ва туман марказий шифохонасининг болалар бўлимида фаолият кўрсата бошлади. Бу ерда ишлаш жараёнида болалар шифокори бўлиш орзуси унга тинчлик бермади. Бу орзуси уни 1966 йили Самарқанд тиббиёт институтининг педиатрия бўлимига бошлади. Бу ерда у ҳам назарий, ҳам амалий ишни биргаликда олиб борди. Олийгоҳни 1972 йили тамомлагач, Иштихон туман марказий шифохонасида фаолият кўрсатди. Ўзининг ширинсуҳанлиги, ташкилотчилиги билан барчанинг ҳурматини қозонди. 
1973 йилда ўзининг туманига келиб, илгари ишлаган марказий шифохонанинг болалар бўлимида ишни давом эттирди. Болаларни жон дилидан севганлиги, ўз устида тинмай изланишлари унга муваффақиятлар келтирди. Йиллар ўтган сайин эл ўртасида “қўли енгил шифокор” деган ном олди. Норбек аканинг халқ табобати билан замонавий тиббиётни уйғунлаштириб олиб борган изланишлари ўз самарасини берди. Кўп ўтмай унга “Биринчи тоифали болалар шифокори” даражаси берилди. 
Шу йиллар давомида болалар бўлими мудири, туман педиатри вазифаларида ишлаб, катта ташкилотчилик ишларини амалга оширди. Тиббиёт соҳасидаги хизматлари муносиб тақдирланди. У 1991 йилда “Соғлиқни сақлаш аълочиси” унвонига сазовар бўлди. 1998-2000 йиллари туман Саломатлик марказининг бош врачи сифатида самарали фаолият кўрсатди. 
Ташаббускор инсон Норбек Тошмаматов беш нафар фарзандини меҳнатсевар, ўқимишли қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратди. Фарзандларининг барчаси ўзлари севган соҳада халқимизга сидқидилдан хизмат қилишмоқда. Меҳрибон ота Норбек Тошмаматовнинг ёрқин хотираси Оқдарёликлар қалбида мангу яшайди. 
“Оқдарё овози” газетаси таҳририяти
 ва туман “Нуронийлар” Кенгаши.