ЁШЛИК ХОТИРАЛАРИ СЎНМАЙДИ

Шундай инсонлар борки, уларга бежизга эл орасида "Ҳазрати инсон" дея эъзозланмайди. Уларнинг эл орасида шу даражада эътироф ва эъзоз топишига умри бўйи қилган ишлари, яхши амаллари сабаб бўлади, албатта. Биз бугунгидек улуғ кунларда хотирлаб, тилга олмоқчи бўлган пиру бадавлат отахон, туманимиз дарғаларидан бири - Турдимурод Маматовдир. 

1922 йил туманимизнинг Янгиқўрғон қишлоғидаги Азизобод маҳалласида таваллуд топган Турдимурод Маматовнинг болалик дамлари осон кечмади. Ўша даврда жуда кўп оилаларда бўлгани каби Ибодат ая ва Жўрабой Маматовлар оиласи ҳам очарчилик, қимматчилик деган балои офатларни бошидан кечирди. Болалигини бот-бот эслаб турадиган отахон маккажўхори унидан тайёрланган зоғора нон еб ўтказган дамларини кўп хотирлайди. Ота-онасидан 9 ёшида етим қолган Т. Маматов опаси ва поччаси Норқул Бозоров қўлида қолади. Ўша даврда колхозда ишлаб, меҳнатда тобланди. Озроқ саводи борлиги учун колхозда табелчилик қилди. 

Шу орада 1941 йил совуқ уруш бошланди. Турдимурод Маматов биринчилардан бўлиб қўлига қурол олиб, ватан ҳимоясига отланди. Фашизм тор-мор этилган 1945 йилда эса кўкси тўла орен-медаллар билан юртига қайтган Т. Маматов бухгалтерия соҳасида билим олиб, кўплаб шогирдларга устозлик қилди. 1976 йилдан МФЙ раиси сифатида ишлаб, бу даврда ҳам жуда кўп эзгу ишларга бош-қош бўлди. Ўша даврда энг муҳим ҳисобланган таълим соҳаси ҳам у кишининг эътиборидан четда қолмади. 

Т. Маматовнинг тавсияси билан қишлоқдаги отахон мактаб - 2-ўрта мактабга фидойи ўқитувчи Холмурод Қосимов мактаб директорлиги лавозимига тайинланди. Ўша давр ўқувчиларига барча имконият эшикларининг очиб берилишида мактаб раҳбарининг роли катта бўлган, албатта. Холмурод Қосимовнинг мактаб раҳбари сифатида қилган эзгу ишлари эса Турдимурод отанинг танлови нечоғли тўғри бўлганидан далолатдир. 

Шу орада Т. Маматовнинг меҳнаткашлиги, тиришқоқлиги, асосийси,   халқпарвар инсонлигини кўра билган туман ҳокими у кишига Янгиқўрғон савдо ташкилоти раҳбарлигини ишониб топширди. Турдимурод Маматов фаолият олиб борган даврларда Янгиқўрғон ва Сўғончи қишлоқларида савдо соҳаси гуллаб-яшнади. Ҳар бир ишга масъулият билан ёндашиб, халқнинг дардида куйиб-пишган бу фидойи инсонни ҳамқишлоқлари ҳам бирдек ҳурмат қиларди. 

Ҳар йили фашизм устидан ғалаба қозонилган 9 май тантаналарида Турдимурод Маматов ўзи таълим олган Мирзо Улуғбек номидаги 2-ўрта мактабига ташриф буюриб, биз ўқувчиларга иккинчи жаҳон уруши ҳақидаги хотиралари ҳақида гапириб берарди. Отахон воқеаларни шу даражада қизиқарли ва жонли ҳикоя қилардики, беихтиёр ёшгина Турдимурод Маматовни жанг майдонида фашистлар билан мардонавор курашаётгани кўз олдимизда намоён бўларди. Айниқса, у киши жангчи шоир сифатида жанггоҳларда ёзилган шеърларидан ўқиб берганда, кўзлари ёшланмаган ўқувчи қолмасди, ҳисоб. 

Ўша даврларда жангчи шоиримиз Турдимурод Маматовнинг бизга ёд бўлиб кетган ижод намунасини сизларнинг эътиборингизга ҳавола қилмоқчиман. 

Ватанни онадек 

севамиз, дЎстлар

Ўн тўққиз ёшдаман қўлимда қурол, 

Йигитлик чоғларим эмас бемалол, 

Юртимга фашизм чангалин солди, 

Хотиржам кунларим юртимда қолди. 


Азизлар, мен сизни кўп соғинаман,

Окоплар ичида, ўқ ёмғирида. 

Ватанни онадек севамиз дўстлар, 

Аждодлар ғурури тан-жонимизда.


Она ватани ва халқини севган Турдимурод ота Маматов 93 ёшида дунёдан кўз юмди. Лекин у кишининг эли, халқи учун қилган ишларини ўзи бир китоб бўлади. Турдимурод Маматовнинг қалбидаги эзгуликлар, жасорату шижоат азиз фарзандлари ва набиралари тимсолида давом этаверади. Севимли адибимиз Мақсуд Шайхзода айтганидек: 

Одамлар бор ўлганда ҳам тирикдир,

Одамлар бор тиригида ўликдир. 

Ҳа, Турдимурод Маматов каби ўлмас сиймолар хотираси абадийдир. У кишининг руҳлари шод, охиратлари обод бўлсин.


Эркиной Қаршиева,

4-мактаб амалиётчи психологи, "Халқ таълими аълочиси".