Инсон азиз - хотира муқаддас ҲАЁТИМНИ ЁРИТГУВЧИ МАЁҒИМ

Отам ҳақида шогирдларидан бир умр мана шундай илиқ гапларни эшитиш мен учун катта бахт ҳисобланади. Дарҳақиқат, отам ҳақиқий педагог эди. Тинимсиз ўқиб-ўрганиш, илмга интилиш, тартиб-интизом отамнинг шиори эди. Бу шиорга риоя қилишни ўз шогирдлари ҳамда биз фар-зандларидан ҳам доимо талаб қиларди. Шунингдек, бизни китоб ўқишга даъват этар экан, албатта ўша асар юзасидан савол-жавоб ўтказиш, шеър ва ғазалларни ёддан сўрашни сира канда қилмасди. Ёшликда олган билим тошга ўйилган нақш кабидир, деб шунга айтишса керак-да...
Отам - Алижон Асроров 1930 йилда Тўртайғир қишлоғида оддий деҳқон оиласида туғилган. Ёшлигиданоқ билимга чанқоқ бўлганлиги боис, ўзи таҳсил олаётган 30-мактабнинг 7-синфини тугаллаб, туман маркази ҳисобланган Лойишдаги 20-мактабда ўз ўқишини давом эттирди. Мактабда барча фанларни аъло баҳоларга ўзлаштирди ва ўрта мактабни кумуш медал билан тугаллади.
Ёшлигидан педагоглик касбига меҳр қўйганлиги боис отам ўрта мактабни тугатиб, СамДУнинг филология факультетига ўқишга киришга муваффақ бўлди. Университетда ҳам фақат аъло баҳоларга ўқиди. Устозларидан бу касбнинг сир-асрорларини қунт билан ўрганди. Университетни имтиёзли диплом билан тугаллаб, педагоглик фаолиятини 20-ўрта мактабда она тили ва адабиёт фани ўқитувчилигидан бошлади. 1960 йилдан бошлаб ўз иш фаолиятини 30-мактабда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари вазифасида самарали давом эттирди. Шунинг билан бир қаторда кўп йиллар давомида масъулиятли вазифа ҳисобланган мактабнинг бошланғич партия ташкилоти раҳбари сифатида ҳам фаолият юритди.
Онам - Омоной Тоғаева ҳам бошланғич синф ўқитувчиси сифатида 30-мактабда фаолият кўрсатиб, ўз ҳаётини ёш авлодга таълим-тарбия беришдек шарафли ишга бахшида этди. Шунингдек, отам билан биргаликда 7 нафар ўғил ва 2 нафар қизни вояга етказишиб, уларнинг ҳар бирини илм-маърифатли, жамиятимизга фойдаси тегадиган инсонлар қилиб тарбиялашди. Укам Баҳром, синглим Донохол ва мен ота-онамиз касбини эгаллаб, халқимизга хизмат қилган бўлсак, ота-онамизнинг ўнлаб неваралари ҳам педагоглик касбини эгаллашиб, айни пайтда республикамизнинг турли жойларида фаолият юритишмоқда.
Отам менга ҳам устозлик қилиб, она тили ва адабиёт фанидан сабоқ берган эди. Ўша йилларда олган билим ва кўникмаларим бир умрга онгу шууримда сақланиб қолиш билан бир қаторда менинг ўқитувчилик касбини эгаллашимга ҳам сабабчи бўлган бўлса не ажаб. Мен ҳам ота касбини эгаллаганимдан, шундай инсоннинг фарзанди эканлигимдан, қолаверса, айни пайтда ҳам элу юртга хизмат қилаётганимдан, келажагимиз ворислари бўлган ёш авлод таълим-тарбиясига ўз ҳиссамни қўшаётганимдан фахрланаман.
Дарҳақиқат, хотирани асраш, хотирани эҳтиёт қилиш - бу бизнинг ўзимиз ва авлодлар олдидаги бурчимиздир. Хотира - бизнинг бойлигимиздир.
Кечаги кун сабоқларини, халқимиз келажаги йўлида ўз ҳаётини бахшида этган фидойи инсонларни хотирлаш бугунги кунимизни қадрлашга ўргатади. Инсон - ҳаёт гултожи. Унинг қадри, ҳурмати ҳар доим эъзозга лойиқ. Кексаларни ардоқлаш, кўмакка муҳтожларнинг ҳурматини жойига қўйиш қон-қонимизга сингиб кетган фазилат. Айниқса, ўтганларни хотирлаш, азиз отахон-у онахонларнинг дуосини олмоқлик саодати ўзгача.
Хотира бу - тарих. У кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи - муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. Шундай экан, ҳаётимизни ёритиб тургувчи ота-онамиз хотираси бизнинг қалбимизда мангу яшайди.
Абдураҳмон АСРОРОВ,
30-мактаб директори,
"Халқ таълими аълочиси".
Мавзуга оид:

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00

Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22