БАХТИМИЗ ЙЎЛИДА НУР СОЧГАН ОНАМ

БАХТИМИЗ ЙЎЛИДА НУР СОЧГАН ОНАМ

Алласига алишмасман дунёни,

Минг битта дуодан афзал ҳар сўзи.

Девона қилурман дардманд дунёни,

Бир томчи ёш ила намланса кўзи.

Териб қўйсанг барча шоир деганни,

Шеърларини баланд тоғнинг тоқига,

Ўн мингта мажнун ҳам нима

                                    бўлибди,

Арзимас сочининг битта оқига.

 Оналар ҳақида сўз кетар экан, онамнинг мен учун нақадар азизлиги, мукаррамлиги, унинг ўрнини ҳеч ким босолмаслигини бор вужудим билан ҳис қиламан ҳар гал. Оналар бизни дунё билан таништирган, ҳаёт билан учраштирган улуғ зотдир. Аслида онажоним мен учун адабиёт муаллимимдир. Онам адабиётни, шеъриятни жуда ҳам севади. Мактабда аъло баҳога ўқиганлиги сабабли ҳам устозларидан сен албатта ўқишинг керак, деган ўгитларини кўп эшитган. Негаки,  китобни севгани, шеър ўқишни жуда яхши кўрганлиги, ўзи ҳам шеърлар ёзиб турганлиги бу ҳақиқий адабиёт шинавандаси эканлигидан далолатдир. Онамнинг бундай истеъдоди албатта биз фарзандларни ҳам мактабда яхши ўқишимизга туртки бўлган. Онам  ҳанузгача китоб мутолаа қилади ва биз фарзандларини, набираларини ҳам кўпроқ китоб   ўқишга, юксак марраларни забт этишга ундайди.

Онам 5 нафар фарзандни отам билан яхши тарбия қилди ва ҳаётда, жамиятда ўз ўрнини топишида жуда кўп меҳнат қилди. Отам тумандаги катта бир ташкилотда кўп йиллар давомида раҳбар бўлиб ишлаган бўлсада, бизнинг оила камтарона ҳаёт кечирган. Онам ҳар йили пахта йиғим-терими мавсумида ҳам, пилла етиштиришнинг машаққатли жараёнларида ҳам тинимсиз меҳнат қилиб асло чарчамаган. Ота-онамиз инсон ҳамиша виждонли, номусли бўлиши, қийинчиликларни енгиб ўтишда сабр-қаноатли, бардошли бўлиши лозимлигини бизга қайта-қайта уқтиришган. Шунингдек, ўз ҳаётлари давомида биз фарзандларига ҳам намуна бўлишганлигини фахр билан тилга оламан. Шу боисдан ҳам  бугунги кунда 4 нафар ўғил ва 1 нафар қизлари ҳамда 4 нафар келинлари ҳамда 15 нафар набиралар қуршовида пиру бадавлат ва бахтиёр  онахон сифатида яшаётган онажонимизнинг қувончлари чексиз. Ўғил фарзандлари эъзозлашиб, ўтган йили Умра сафарига жўнатишганда эса онажонимизнинг қувончи янада чексиз эди. Ҳар бир инсоннинг ҳалол меҳнати ва пок қалби учун берилган мукофотлари бундан ортиқ бўлмаса керак. Биз фарзандлари ҳам шундай онажонимиз борлигидан фахрланамиз.

Шу кунларда онажонимиз ўзининг муборак 65 ёшини қаршиламоқда. Онажонимизни ушбу табаррук ёши билан муборакбод этар эканмиз, у кишига узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаймиз.  Ўтган умридан шукроналик, фарзандларидан мамнунлик, сабр-қаноат билан яшаш, инсонларга фақат ва фақат яхшиликлар тилашдек эзгу ниятлар билан яшаётган онажоним, илоҳим юзлар билан юзлашсин. Фарзандлар, невара-чеваралар бахт-иқболини кўриб юриш насиб этсин.   


Шаҳло Нурмуродова,

 56-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.


Мавзуга оид: