БИРИНЧИ ҚЎНҒИРОҚ САДОЛАРИ ОСТИДА ЯНГИ ЎҚУВ ЙИЛИ БОШЛАНДИ

Янги ўқув йилида Оқдарё тумани мактабларининг 1-синфларига 2870 нафар ўқувчи қабул қилинди. Мактабларга илк қадам қўйган 1-синф ўқувчиларига Президент совғалари - 12 номдаги ўқув қуроллари солинган мактаб сумкалари тантанали топширилди. Туманимиздаги мавжуд 57 та умумтаълим мактаблари бугун ўз бағрига 29099 нафар ўқувчини қабул қилди.
Туман ҳокими Н.Сулаймонов Пўлатдархон маҳалласидаги 25-умумтаълим мактабида "Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!" шиори остида ташкил этилган "Биринчи қўнғироқ" тадбирида иштирок этиб, барчани янги ўқув йили билан табриклади.
Тадбир давомида мактабга илк бор қадам қўйган 63 нафар жажжи ўғил-қизларга Президент совғалари топширилди. Шу куни 140 ўринга эга бўлган ушбу мактабга жорий йилда қўшимча 300 ўринли янги мактаб биноси қурилиб фойдаланишга топширилиши муносабати билан очилиш маросими ҳам ўтказилди.
Шунингдек, 22-ИДУМда ҳам янги ўқув йилида янги мактаб биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда туман ҳокими ўринбосари Сардор Луқмонов, фахрий ўқитувчилар, нуронийлар, маҳалла фаоллари ва профилактика инспекторлари иштирок этишди. Тадбир давомида мактабга илк қадам босган 1-синф ўқувчиларига Президент совғалари топширилди.
"Галаравот" маҳалласида жойлашган 1-умумтаълим мактабида "Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!" шиори остида "Биринчи қўнғироқ" тадбири бўлиб ўтди. Ушбу таълим масканида мактаб остонасига илк қадам қўйган ўқувчилар сони 49 нафарни ташкил этди.
Янги ўқув йили 22-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқувчилари учун ҳам чинакам байрамга айланди. 4,5 млрд сўм маблағ ҳисобига тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилган мактаб биноси шу куни фойдаланишга топширилди.
"Авазали" маҳалласида жойлашган 12-умумий ўрта таълим мактабида бўлиб ўтган тадбирда туман ҳокимлиги "Маҳалла" ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосари Тошпўлат Ашуров иштирок этиб, ўқувчи-ёшларни янги ўқув йили бошланиши билан қутлади. Кўтаринки кайфиятда байрамона тарзда ўтказилган тадбир давомида мактаб ўқувчилари ўзларининг она-Ватан ҳақидаги шеър ва қўшиқларини тўпланганлар эътиборига ҳавола этишди. Тадбирда мактабнинг илк қалдирғочлари бўлган 1-синф ўқувчиларига "Президент совғаси" туҳфа этилди. Билимлар куни тадбири "Мустақиллик соати" дарслари билан давом эттирилди. Мазкур билим маскани биноси, синфхоналари жорий йилда ҳар йилгидан кўра сифатли ва мукаммал даражада таъмирланиб, янги ўқув йилига тайёр ҳолатга келтирилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиздир.
21-мактабда ҳам бугун "Биринчи қўнғироқ" тадбири эсда қоларли бўлди. Янги ўқув йили бошланиши муносабати билан мактабда «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!» шоири остида бадиий тадбирда биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотираси ёд этилди, ватан мадҳини куйловчи куй-қўшиқлар, ўқувчилар томонидан ижро этилган миллий рақслар барчага кўтаринки кайфият бағишлади. Тадбир сўнгида мактаб остонасига илк қадам қўйган ўқувчиларга тадбирга ташриф буюрган туман Халқ Таълими Бўлими ходими Ж.Туймаев, туман молия бўлими ходими И.Ўроқов, мактаб директори М.Aчиловалар томонидан Президент совғалари топширилди.
Республикамизнинг барча мактабларида ўқув йилининг анъанавий шаклда бошланиши, айниқса, болажонлар қалбига ўзгача шукуҳ бағишлади. Жумладан, 24-умумтаълим мактабида ҳам байрам тадбирлари кўтаринки руҳда карантин тартиб-қоидаларига риоя қилинган ҳолда ўтказилди. Тадбирни мактаб дирекори М.Худойқулова очиб берди ва тадбир иштирокчиларини байрам билан қутлаб, мактабга илк қадам қўйган 1-синф ўқувчиларига эзгу тилакларини билдирди.
Янги ўқув йилида мактабга 54 нафар ўқувчи 1-синфга қабул қилинди, 45 нафар ўқитувчи 454 нафар ўқувчига таълим-тарбия бермоқда.
Шуни қувонч билан айтиш жоизки, Мустақиллик йилларида мамлакат келажаги соғлом, ҳар томонлама баркамол авлод қўлида эканлиги инобатга олинган ҳолда, таълим тизимига жуда катта эътибор қаратилди. Ўқув жараёнларига кўплаб янги ўқитиш методлари жорий этилди, таълим муассасалари энг замонавий ўқув-услубий қўлланмалар, ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланмоқда. Асосий эътибор юқори малакали кадрлар тайёрлаш, доимий равишда уларнинг малакасини ошириб боришга қаратилган.
Бир сўз билан айтганда, тумандаги барча умумтаълим мактабларида биринчи қўнғироқ садолари янгради ва жонажон мактаблар яна ўқитувчилар, ўқувчилар билан гавжум бўлди. Зеро, тинчлик бўлган юртда мана шундай байрамлар ярашади. Мактаб келажак пойдевори. Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади.
Мавзуга оид:

Янги лавозим ижодкорлар учун.
- 28 янв, 15:38

Таълим натижалари
- 21 дек, 10:24