ОҚДАРЁДА УСТОЗЛАР БАЙРАМИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ

Шоирга дедилар: сиз – бахтли инсон,
Эл-юрт ардоқлайди ҳамма танийди,
Шоир жавоб берди: менда бир армон:
Муаллим десалар мени, қанийди...
Абдулла Орипов.
Дарҳақиқат, шоир ҳақ. Қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар уларга ҳиммати баланд, меҳри дарё устозлар билим беради, тарбиялайди. Ҳар йили 1 октябр “Устоз ва мураббийлар куни” муносабати билан мамлакатимизнинг барча жойларида байрам тадбирлари кенг нишонланмоқда. Қувончли томони шундаки, устозлар байрамининг дам олиш куни сифатида эътироф этилиши барчани ниҳоятда мамнун этмоқда.
Юртимизнинг барча жойларида бўлгани сингари Оқдарё туманида ҳам байрам ҳар қачонгидан ҳам кенг ва файзли нишонланди. “Устоз” номи билан аталувчи базмгоҳга таклиф этилган меҳнат фахрийлари, халқ таълими аълочилари, ўзларининг ютуқлари билан турли танловларда ғолиб чиққан педагоглар байрамни шоди-хуррамлик билан кутиб олдилар. Тадбирда иштирок этган туман ҳокими Нажмиддин Сулаймонов йиғилганларни байрам билан муборакбод этар экан, кейинги йилларда мамлакатимизда халқ таълимига алоҳида эътибор берилаётганлигини, бундан педагоглар ниҳоятда мамнун эканлигини алоҳида таъкидлади. Тадбирда 48-умумий ўрта таълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Гулмира Мўминова ва 1-оилавий болалар уйи директори Марҳабо Раҳимовага “Шухрат” медали тантанали равишда топширилди. Шунингдек, бир гуруҳ илғор педагогларга “Ўзбекистон халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони ва ҳокимликнинг эсдалик совғалари ҳамда Фахрий Ёрлиқлари топширилди.
Байрамнинг шукуҳли ўтишида пойтахтдан ташриф буюрган таниқли эстрада хонандаси Отабек Муталхўжаевнинг хизматлари эътиборга лойиқ бўлди. Хонанда томонидан куйланган дилрабо куй-қўшиқлар иштирокчилар томонидан қарсаклар билан олқишлаб турилди.
Тадбирнинг мазмунли ўтишида туман маданият уйи қошида ташкил этилган “Тарона” ашула ва рақс ансамбли иштирокчиларининг ҳиссалари ҳам таҳсинга лойиқ бўлганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Бир сўз билан айтганда туманда бўлиб ўтган устозлар байрами ҳар жиҳатдан файзли ва шукуҳли ўтганлиги билан аҳамиятлидир.
Мавзуга оид: