Фидойи устоз, меҳрибон она эди

Ҳаётда шундай инсонлар бўладики, улар ўзгалар бахти, саодати, келажаги учун бутун ҳаётини, умрини бахшида этишади. Керак бўлса ана шу эзгу мақсад йўлида ўзларининг жонларини фидо қилишади. Негаки, уларнинг босиб ўтган умр йўли, ҳаётининг мазмуни ҳам ана шу эзгу амаллари билан чамбарчас боғлиқ бўлади.
Саида опа ҳам ана шундай фидойи педагог, меҳрибон она, вафодор ёр эди. Юқорида таъкидлаганимиздек, Саида опа ўз ҳаётини, бутун умрини илм олиш, ёш авлодга таълим-тарбия беришдек эзгу мақсадларга бахшида этган олийжаноб инсонлардан эди. 
Саида Долиева 1961 йил 20 сентябрда туманимиздаги Примкент МФЙга қарашли Ўтарчи қишлоғида таваллуд топган. 1968 йил З.Х.Фурқат номидаги 10-умумтаълим мактабининг 1-синфига ўқишга кириб, ўрта мактабни олтин медал билан муваффақиятли тамомлади. Мактабда ўқиб юрган чоғларидаёқ у илмга чанқоқлиги, тиришқоқлиги билан алоҳида ажралиб турар эди. Келажакда ўқитувчи касбини эгаллашга бўлган орзу-ҳавасига етишиш мақсадида у ёшлигиданоқ илм олишга, ўз устида тинимсиз ишлашга астойдил ҳаракат қилди. 1980 йил унинг орзулари амалга ошиб, Тошкент Давлат чет тиллар институтининг француз, немис тиллари мутахассислиги бўйича ўқишга кириш бахтига муяссар бўлди. 1985 йилда олийгоҳни муваффақиятли тугаллаб, тумандаги 8-умумтаълим мактабида ўзининг педагоглик иш фаолиятини бошлади.
Мактабда ишлаган даврларида ҳам Саида Долиева ўзига, ўқувчиларига бўлган талабчанлиги, билимдонлиги, ташкилотчилиги, меҳнатсеварлиги билан алоҳида ажралиб турар эди. Шунингдек, у ўзининг хушфеъллиги, одоб-ахлоқи, меҳрибонлиги билан жамоа ўртасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган эди.
Саида Долиева ўз фанининг билимдони сифатида ўтилаётган ҳар бир соат дарсига пухта тайёргарлик кўрар, ўз устида тинимсиз ишлар эди. Ўқувчиларга дарсда ва дарсдан ташқари бўш вақтларида ҳам чуқур таълим-тарбия бериш билан бир қаторда уларнинг чет тили фанига бўлган қизиқишларини, меҳрини оширишга астойдил ҳаракат қилар эди. Шу боисдан ҳам ўқувчилари туман, вилоят миқёсида ўтказилган фан олимпиадаларида ва бошқа танловларда фаол иштирок этишиб, фахрли ўринларни эгаллашган. Ўнлаб, юзлаб шогирдлар етиштириб, уларнинг барчаси бугунги кунда республикамизнинг турли жабҳаларида меҳнат қилишмоқда.
Саида Долиева меҳрибон она, вафоли ва садоқатли рафиқа эди. Турмуш ўртоғи Худойқул Худойназаров билан ҳавас қилса арзигулик аҳил оила қуриб, 3 нафар ўғил фарзандни рисоладагидек тарбиялаб, вояга етказишди. 
Турмуш ўртоғи Худойқул Худойназаров 8-умумтаълим мактабида кўп йиллар математика фани ўқитувчиси, 1995-2007 йилларда туман халқ таълими бўлими услубчиси бўлиб ишлаган. Айни пайта 8-умумтаълим мактабида математика фани ўқитувчиси сифатида фаолият юритмоқда.
Улар фарзандларини ҳам ўзларига ўхшаган ўқимишли, зиёли инсон қилиб тарбиялашди. Катта ўғли Дилшод Худойназаров 8-умумтаълим мактабида тарих-ҳуқуқ фанлари ўқитувчиси, Диёр Худойназаров 6-умумтаълим мактабида информатика фани ўқитувчиси, Дониёр Худойназаров 52-ихтисослашган давлат мактаб интернатида информатика фани ўқитувчиси бўлиб ота-оналарининг касбини давом эттиришмоқда. Элу халққа хизмат қилиш, келажагимиз ворисларига таълим-тарбия беришдек масъулиятли ҳамда шарафли касб эгалари бўлган педагоглар оиласини барча ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олишади. Бугунги кунда оиладаги 3 нафар фарзанднинг барчаси оилали бўлишди, ўзларидан кўпайиб, фарзандлар кўришди.
Минг афсуски, эндигина фарзандларининг саодатини, камолини кўриш, 6 нафар набирага севимли буви бўлиш бахтига муяссар бўлган Саида опани бевақт ўлим орамиздан олиб кетди. 
Саида Долиева 2020 йил 13 мартда вафот этди. 
Меҳрибон она, фидойи ва жонкуяр устоз Саида Долиеванинг барҳаёт сиймоси, порлоқ хотираси жондан азиз фарзандлари, набиралари, турмуш ўртоғи, ҳамкасблари ҳамда яқин қариндошлари қалбида мангу яшайди.
8-мактаб педагогик жамоаси.
Мавзуга оид: