Қишлоқ муаллимасининг умр дафтари

1954 йилнинг айни ёз палласи Оқдарё ширкат хўжалигига қарашли Бўтанош қишлоғидаги оддий деҳқон оиласида иккинчи қизалоқ дунёга келди. Бундан кўп ҳам қувонмаган Рустам акани дўстлари койиб беришди:
- Нега хафа бўласан. Қиз бола ҳам фарзанд. Ҳали кўрасан, мана шу қизинг ўнта ўғилга татийдиган бўлади, дейишди. Отанинг кўнгли бироз ёришгандек бўлди ва худо хоҳласа шу қизимдан солар,- деб ўзига ўзи тасалли берди.
Орадан йил ўтиб оилада яна бир қиз дунёга келди. Энди нима бўлса ҳам тақдирга тан бермоқ керак. Шу қизларни яхшилаб тарбиялаб, вояга етказишни ота-она ўз олдига мақсад қилиб қўйишди…
1961 йилнинг 1 сентябрь куни Раҳиманинг ҳаётида унутилмас кун бўлиб қолди. Отаси қизалоғини мактабга, ўша даврларда 30-ўрта мактабнинг Бўтанош қишлоғида очилган филиалига 1-синфга етаклаб келиб, Б.Ғозиев деган муаллимга топширади. Ёшгина қизалоқ илк бор "Алифбе" китобини қўлига олар экан, кўзлари қувончга тўлди, қаттиқ ҳаяжонланди. Унинг жажжи қалбида шу онлардаёқ муаллим бўлиш орзуси ғунчалаган бўлса не ажаб. Бутун вужуди билан илм олишга астойдил ҳаракат қилаётган қизининг чаққон ва ишончли хатти-ҳаракати, тиришқоқлиги ва айни пайтда ўзига нисбатан талабчанлигини кўрган ота ич-ичидан қувонар, лекин юрагининг бир четида ҳамон:
- Шу қизим ўғил бўлмади-да, катта-катта ўқишларга кириб, элнинг корига ярайдиган бир инсон бўлармиди, деб  ўйларди.
Шунда онаси: 
- Қўйинг отаси, олим бўлмаса ҳам, юзимизни ерга қаратмайдиган инсон бўлсин, дер эди.
Ота-онасининг ўзи ҳақидаги гап-сўзларини жажжи қизалоқ тўлиқ англамасада, болалик хотиралари билан муҳрланиб қолган ушбу армонлар ҳали ҳамон Раҳима опанинг қулоғи остида жаранглаб туради.  Ана шундай кунларнинг бирида Раҳиманинг опаси ўрта мактабни битириб, ўқишга кириш ҳақида отасидан рухсат сўраганида кескин рад жавобини олди.
- Қайси қиз ўқишга кириб олим бўлибди. Аканг ёки уканг бўлмаса, қиз болани ўқишга жўнатиб, қишлоқда қандай бош кўтариб юраман мен…
Айни шу чоғларда 8-синфда ўқиб юрган Раҳимага бу воқеа қаттиқ таъсир қилди. Ахир у не-не орзу умидлар билан яшаётган эди. Олий маълумотли муаллима бўлиш унинг эзгу мақсади. Уйидагилар 11-синфни битиргандан сўнг аниқ ўқишга қўймасликларига кўзи етган Раҳима шу йилнинг ўзидаёқ ўқишга кирмоқчи эканлигини айтиб, тўғри мактаб директорининг ҳузурига борди. ўша пайтлари 30-мактабга марҳум Аҳмеджонов директорлик қилар эди. Қизнинг бу қатъияти мактаб директорини лол қолдирган эди:
- Қизим, сен нималар деяпсан, сенинг билиминг яхши, мактабда 11-синфни битириб, институтда ўқишинг керак албатта, дея унинг ҳужжатларини бермади.
Мактаб директоридан рад жавобини олган Раҳима тўғри туман халқ таълими бўлимининг ўша пайтдаги мудири Усмонова ҳузурига кириб борди ва бўлган воқеаларни тўлқинланиб сўзлаб берди. Қизнинг бу қадар илмга интилувчанлиги ва ўзига бўлган ишончи туфайли масала ижобий томонга ҳал бўлди. Лекин у эндиликда ота-онасига нима дейишини билмай боши қотиб қолди. Уйига бориб секингина онасига дардини айтган эди, онаси чўчиб тушди:
- ўйлаб гапиряпсанми қизим? Отангни феълини биласан-ку...
- Мен ўқитувчи бўлмоқчиман...ўқишга киришим керак, - дея йиғлаб юборди Раҳима.
Катта қизини мажбурлаб турмушга бериб юборганидан афсусланиб юрган ота Раҳиманинг ҳеч ким билан гаплашмай қўйганидан хавотирланиб, қизининг кўнглига қўл солди. Раҳима онасига айтган гапларини отасига ҳам такрорлади:
- Мен ўқишга кириб, ўқитувчи бўлмоқчиман. Сизни ва онамни юзини ерга қаратмайман. Менга "оқ йўл беринг", дея кўзларига ёш олди.
Ота ноилож рози бўлди. Раҳима 1969 йил Самарқанд хотин-қизлар педагогика билим юртига ўқишга кирди. Илм олишга чанқоқ қиз талабалик даврининг дастлабки  кезлариданоқ устозларидан пухта билим олиш, муаллимлик касбининг сир-асрорларини мукаммал эгаллашга астойдил ҳаракат қилар экан, жамоат ишларида ҳам фаол қатнашди. Айниқса, унинг пахта йиғим-теримида пешқадамлик кўрсатиб меҳнат қилганлиги республика телевидениси орқали намойиш қилинганида нафақат талабалар ўртасида, балки туғилиб ўсган Бўтанош қишлоғида ҳам роса шов-шув бўлган эди.
1971 йил 4-курс пайтида Самарқанд шаҳридаги 49-мактабда талабалар учун иш ўрганиш жараёни кетаётган ҳаяжонли дақиқалар эди. Ахир, катта-катта профессор, тажрибали ўқитувчилар, услубчилар олдида дарс ўтишнинг ўзи бўладими? Ана шундай масъулиятли жараёнда билим юртининг илмий бўлим мудири ёш Раҳиманинг тиришқоқлиги, намунали дарс ўтганлиги ҳақида алоҳида тўхталиб ўтганида, у кўпсонли талабалар ўртасида яна тилга тушди. Давлат имтиҳонларини мувaф-фақиятли топширганлиги учун олий ўқув юртида ўқиш учун йўлланмани қўлга киритганда эса Раҳима Рустамова қанчалик ҳаяжонланганлигини асло унутмайди.
Раҳима Рустамованинг катта ҳаёт остонасига қадам қўйиши ана шундай бошланган эди. ўша даврларда бир томондан қишлоқ қизларининг ўқишга кириши қораланган бўлса, бир томондан кўпчилик ота-оналар ўртасида фарзандларига "муаллим бўлиб нима қиласан, бир умр косанг оқармайди", деган нотўғри қарашлар ҳам бор эди. Раҳима эса одамларнинг бу каби қарашларига асло эътибор бермади. ўз орзу-мақсадига эришиш, севган касби ўқитувчиликни эгаллаш йўлида доимо олға ҳаракат қилди.
1973 йил Раҳима Рустамова 29-мактабда бошланғич синф ўқитувчиси сифатида ўзининг педагоглик фаолиятини бошлади. Касбига жон-дилини бахшида этган ёш ўқитувчи жажжи ўғил-қизларнинг қўлига илк маротаба қалам тутқазар экан, ўқувчиларига таълим-тарбия бериш билан бир қаторда энг аввало болаларга меҳр-муҳаббат бериш зарурлигини бутун вужуди ва қалби билан ҳис этди. Бор меҳрини, билимини ана шу ўқувчиларидан ҳаёти давомида сира аямади.
Қиз бола палаҳмон тоши, деганлари рост экан. Раҳима ҳам қўшни қишлоққа - Довур акалар хонадонига келин бўлиб тушди. Оилавий ҳаёт ёш ўқитувчини севган касби, ўқувчиларга билим бериш билан бир қаторда ўз устида ҳам тинимсиз изланиши, ўқиб-ўрганиши борасидаги фаолиятига таъсир кўрсата олмади. Аксинча, у ўз масъулиятини янада оширди, ахир аёл киши давлатнинг иши деб, ўз оиласи, турмуш ўртоғи, фарзандларидан кечиб кетолмайди-ку. Раҳима ҳаммасига улгуришга ҳаракат қиларди. Турмуш ўртоғи Жозил ака билан 6 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказишди.
Интилганга толе ёр дейишади. Дарҳақиқат шундай, астойдил қилинган меҳнат ўз самарасини кўрсатадиган, ғалвирни сувдан кўтарадиган вақт ҳам келган эди. Ёшларни баркамол шахс сифатида камол топишида, уларга илм-фан асослари ва замонавий касб-ҳунарларни ўргатиш йўлидаги кўп йиллик самарали меҳнати билан мактабда, қолаверса, туман миқёсида ўзига хос билим ва тажриба тўплай олган Раҳима Рустамовани мактаб раҳбарлари 1994 йил туман миқ-ёсида ўтказилган педагогик ўқишга номзодини кўрсатишди. Тумандаги 49 та мактаб ўртасида 1-ўринни эгаллаган тажрибали ўқитувчи вилоят миқёсида "Математика   дарсларида ўйинлардан фойдаланиш" деган мавзудаги маърузаси билан иштирок этиб, фахрли 3-ўринни олишга муваффақ бўлди. Шунингдек, 1996-1998 йиллари туман миқёсида бошланғич синф ўқитувчилари ўртасида ўтказилган "Йилнинг энг яхши ўқитувчиси" кўрик-танловининг ғолиби бўлди. Таълим соҳасида туб ўзгаришлар бўлаётган ўша даврларда Раҳима опанинг янги педагогик технологиялар бўйича олиб бораётган иш тажрибаси нафақат туман, балки вилоят миқёсида ҳам оммалаштирилди. 2001 йил "Ким хатосиз ва чиройли ёза олади?", "Ким тез ўқиб, мавзуни сўзлай олади?" мавзуларида бошланғич синф  ўқувчилари ўртасида туманда ўтказилган танловларда ҳамда фан олимпиадаларида Раҳима Рустамованинг ўқувчилари 1 -ўринни эгалладилар. Шу йили "Бошланғич таълим фидойилари" деган махсус нашрда Р.Рустамованинг 1 соатлик дарс ишланмаси ёритилиб, вилоят бошланғич синф ўқитувчилари учун қўлланма сифатида тавсия этилди. 2002 йил вилоят бўйича Нарпай туманида ўтказилган "Энг яхши кўргазма ва маърузалар" танловида ўқитувчи томонидан тайёрланган оригинал кўргазма ҳамда "Математика дарсларида ўйнаймиз-у ўйлаймиз" деб номланган маърузаси ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланиб,1-ўринга сазовор бўлди. 
Дарҳақиқат, Раҳима Рустамова оддий деҳқон оиласида вояга етиб, қарийб 35 йил давомида қишлоқ меҳнаткашларининг нуридийдаларига таълим-тарбия берди. Ана шу йиллар давомида ўзи ҳам тинимсиз илм олишга, ўз устида доимий равишда ишлашга ҳаракат қилди. Зеро, ҳеч ким олим бўлиб туғилмайди. Ҳар томонлама етук инсон бўлиш машаққатли меҳнатлар маҳсули эканлигини яхши билган муаллима ўз фаолияти жараёнида мингдан ортиқ кўргазма, альбом ва буклетлар тайёрлаб, уларни ўтилаётган ҳар бир дарс жараёнида татбиқ этди. Ҳар бир дарсини кўргазма қуроллар ёрдамида, замонавий педагогик технологиялар асосида ўтганлиги болаларнинг чуқур билим олишида, ўқитувчилик касбига бўлган меҳр-муҳаббатини оширишда муҳим дастуриламал бўлди. Ана шу меҳнатларининг самараси ўлароқ шогирдларидан Мавжуда Ҳожиева, Насиба Саитназарова, Насиба Усмонова, Холида Абулқосимовалар устози сингари педагоглик касбини эгаллашган бўлса, бошқа юзлаб шогирдлари ҳам айни пайтларда республикамизнинг турли жабҳаларида жамиятимиз ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшишмоқда.
Шуни қувонч билан тилга олиш керакки, 2002 йилда Раҳима Рустамованинг ҳаётида унутилмас воқеа содир бўлди. Жонкуяр ва фидойи муаллима Раҳима Рустамова Республикамиз Президентининг Фармонига кўра Давлат мукофоти "Шуҳрат" медали билан тақдирланди. Оддий қишлоқ муаллимасининг камтарона меҳнатига берилган бу юксак мукофот  ҳамон ўз касбига бўлган меҳр-муҳаббатли, шогирдлари, фарзандлари-ю набиралари, маҳалладошлари ардоғида кексалик гаштини сураётган Раҳима Рустамованинг умр мазмунини безатувчи порлоқ юлдуздир.
Раҳима Рустамова ўзининг кўп йиллик педагоглик фаолияти давомида унга устозлик қилган, кези келганда педагогиканинг сир-асрорларини ўрганишда яқиндан ёрдам берган ўша пайтлардаги ХТБ методисти Дилбар Ашурова, 29-мактаб директори вазифасида ишлаган Робия Порсаева, Абдураҳмон Асроровларнинг номларини ҳамиша ҳурмат ва эҳтиром билан эсга олади.
Бугунги кунда 70 ёшни қоралаб қолган Раҳима опа ўз фарзандлари ва набиралари таълим-тарбияси билан шуғулланиш билан бир қаторда "Зарафшон" маҳалласи хотин-қизлар кенгашининг фаоли сифатида ҳам нотинч оилаларни яраштириш, ночор оилалар, бева-бечоралар ҳолидан хабар олишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. У кишининг яна бир бағрикенглиги, ибратга лойиқ инсоний фазилатларидан бири шундаки, 2010 йилда ота-онасидан айрилган Зебо исмли қизни ўз қарамоғига олиб, ўз фарзандидек парваришлади. Унга таълим ва тарбия бериб, вояга етказди. Бугунги кунда Зебо ўрта мактабни битириб, олий таълимга ўқишга кириш, онаси Раҳима опадек билимли, зиёли инсон бўлиш орзусида. Шуниси қизиқки, Раҳима опа қизчани боқиш, парваришлаш учун нафақа ёки ўқишга киритиш учун моддий ёрдам сўраб бирор марта юқори ташкилотларга мурожаат ҳам қилмади. 
Дарҳақиқат, бу ёруғ оламда онадек меҳрибон, отадек ғамхўр, ҳар биримиз учун азиз ва мўътабар бўлган улуғ зот - бу муаллим ва мураббийлардир. Ҳар қайси инсон илк бор ёзиш, чизиш, ўқишни ана шу мўътабар касб эгалари бўлган ўқитувчидан ўрганади. Унинг қўлида савод чиқаради, таълим-тарбия олади. Бугун биз бирон касбни эгаллаб, юрт корига хизмат қилар эканмиз, аввало, устоз ва мураббийларимиздан миннатдор бўламиз, шу билан бирга, қалбимизда доимо ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб, адо қилиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси пайдо бўлади. Шу боисдан, туманимиз халқ таълимини ривожлантиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган Раҳима Рустамова сингари юксак қалб эгаси бўлган устоз ва мураббийларимизни ҳалқимиз ҳамиша ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олишади. Зеро, устоз педагог Раҳима Рустамованинг умр дафтари бугунги кун ёш ўқитувчилари учун ҳам ибрат мактабидир.
Гулсара ТИНИБЕКОВА,
журналист.
Мавзуга оид: