СОҲИЛДАГИ САДОҚАТ (қисса)

I-боб:
Туман ҳокими Ашурали Сиддиқов қаршисида бафуржа ўтириб сўз тинглаётган журналистга эшилиб ҳикоя қиларди.
- Аёл - нафақат она, жамиятнинг давомчиси, оилада садоқатли сирдош дўст, оила истиқболи учун курашувчи фидоий шахс. Унинг зиммасида келажакнинг оғир ва синовлиюки туради. Орамизда шундай маъсулиятли аёллар борки, узиммасидаги барча юкламаларга сабр қилиб тадбиркорликда "мана-ман" деган эркакларни ортда қолдирадиганлари бор. Бундай тоифадаги аёлларга таъзимқилсанг арзийди.
Журналист Турғун Холлиев қўлида тарошланган қалам, бир варақ қоғозга нималарнидир ёзиб-чизиб суҳбатдошининг сўзларини мароқ билан тингларди.
- Бизда Холбиби Саидова деган ҳали ўттизни қаршиламаган бир аёл бор. Жуда камтарин, мўмина. Унинг меҳнатсеварлигини кўрсангиз? Аввалги йили ички ишлар раҳбарларидан бири кўримсизгина бир қизни ҳузуримга бошлаб келди. Қадди-қомати ўзига ярашган. ¤нг юзидаги мошдеккина қора холи ҳуснига ажиб бир файз бағишлагандек, назаримда. Фармон Аҳлиевни туманда ички ишлар бўлимига раҳбар бўлиб келган кундан бошлаб биламан. Авваллари ички ишларда раҳбар муовини эди. Кейинчалик бошлиқ лавозимига кўтарилди. У билан  суҳбатимиз бир оз чўзилди. Сўнг у, стулда омонатгина ўтириб полдан кўзини узмаган қизга ишора қилиб:
- Холбиби Саидова! Танишинг, яқинда зонадан қайтган. Бизнинг вазифамиз зонадан қайтганларни иш билан банд қилиш. Буни ўзингиз ҳам яхши биласиз, Ашурали Норбоевич.
- Хўш, нимани таклиф қилган бўлардингиз?.. Мен нима ёрдам беришим керак? Шундан гапиринг, Фармон Тўраевич! - дедим. Қиз бу суҳбатимиздан анча ранжиган бўлди шекилли, кўзига ёш олди. Мен жазодан озод бўлган кишининг дардига туз сепишни асло хушламаганман. Қизнинг кўзидаги ғуссаларини унутиши учун гапни норасмий томонга ўгириб юбордим. У кўзидаги ёшни бармоғи билан сидириб, менга юзланди. Унинг кўзларига синчков қарадим. Назаримда унинг кўзларидан ҳеч бир жиноятга мойиллигини англай олмадим. Тағинам билмадим... Ундан мулойимлик билан сўрадим:
- Нима ҳунарингиз бор? Маълумотингиз?..- дедим. У мендан меҳр излагандек бўлиб, деди: - Қишлоқ хўжалиги олийгоҳини битирганман. Агрономман. Ихтисосим шу!
- Жуда яхши. Бизга ана шундай мутахассис керак. Сизни қишлоқ хўжалиги бош-қармасига ишга жойлаймиз. Деҳқончилик тадбиркорлари билан ишлайсиз. Келишдик-ми? - дедим. 
У рози бўлмади.
- Менга амал керак эмас. Яроқсиз ҳолга келиб қолган, ўзлаштиришга муҳтож ердан бешми, ўн гектар ер ажратиб беришга оталик қилсангиз, шуни ўзи менга ғамхўрлигингиз, - деди қатъийлик билан.
- Нима, деҳқончилик билан фаолият юргизмоқчисиз? - деган саволимга у.
- Ҳа, бедачилик билан, - деб жавоб қилди. Унинг бу хайриҳохлигидан ҳайратландим. Баъзи ёшлар тажрибага эга бўлмай, дипломларини пеш қилиб мансабга интилганларида, бу қиз фаолиятини ишлаб чиқаришга чоғланган. Мен рози бўлдим. Соҳага дахл-дор мутахассисларни ишга солиб дарё соҳил  ёқасидан илк бор уч гектар ер ажратиб, ерни тайёрлаб беришни ўз зиммамизга олдик. ¤шанда кузнинг охирги ойлари эди. У ўз қариндошларини ишга солиб уч гектар ерни тобига келтириб пал тортиб тайёрлади. Унинг ишига ростакам қизиқиб қолдим. Қизиқиб, - Холбиби, кўп жойларда учратганман, беда пуштага сепилган. Сиз пални танлабсиз. Бунинг фарқи бор-ми? - деб сўрадим. У кетмонга бир пас эрк бериб:
- Қадимда ота-боболаримиз беда уруғини палда сепиб, ундан юқори ҳосил олиб келишган. Палнинг афзаллиги шундаки, сув сарфи тежалади. Иккинчидан беда ниҳоллари тўйиб сув ичади. Ердан озуқа олиб, ҳосилдорлиги кўзлаган натижани беради. Ерни тайёрлашда аввал шудгор, чизель, барана, мола кифоя. Пушта олувчи тракторга ҳожат қолмайди. Унга кетган вақт, ёқилғи, хизмати иқтисод қилиб қолинади, - деди. 
Кузатиб турдим, деҳқонлар беда уруғини арпага аралаштириб сепишди. Кекса бир деҳқон бундай деди:
- Арпа ерга куч беради. Беда уруғини бехато униб чиқишига қувват беради. Унинг фикрини Холбиби илмий асослаб маъқуллади. Шу-шу, мен ҳафтасида бир марта Холбибининг даласига нигоҳ солиб ўтадиган бўлдим.
Уни ҳаётга бўлган қизиқиши кундалик ишларимга янги бир саҳифа бўлиб қўшилди. У билан қанча суҳбат қилмай, ҳеч нарсадан асло нолимайди. Ундан Тангрининг берганига шукур, деган сўздан бошқасини эшитмадим.
Қиш қишлигини, баҳор баҳорлигини қилди. Ана шундай  файзли фаслларда ер роҳатланади, ер кўкаради. Деҳқонга ана шунақаси ёқади. Ота-боболарнинг «Ер тўйса, эл тўяди, эл тўйса ватан обод бўлади», - деган ҳикмати бекорга айтилмаган.
Ёзнинг айни қизғин кунлари бошланди. Қуёш бошингда парвона. Ҳазилини  аямайди. Кунлардан бирида катта йўлдан ўтавериб Холбибининг бедазорига кўзим тушди. Бедазорнинг бир чеккасида мўжазгина бир капа (палатка) пайдо бўлибди. Қайтишда кириб ўтишни кўнглимдан ўтказдим.
Азал-азалдан биз раҳбарлар деҳқону чорвадор, қўли қадоқ қурувчининг орқасидан гердайиб келганмиз. Инсон боласи ҳақни албатта тан олиши керак. Қачонгача ҳақни ичимизда яшириб келамиз...
Кеч кира бошлади. Далаларни айланиб соҳилдаги Холбибининг бедазорига бир кириб ўтишни кўнглим амр қилди. Шафёрга машина йўналишини соҳилдаги бедазорга бошла дедим. Негадир шофёрим Инғомжон ака ялт этиб юзимга қаради-да;
- Ҳоким бобо, ҳадеб бедазорга келаверамизми? Бор йўғи соҳилдаги шунчаки бир бедазор бўлса. Хайриятам гектар-гектар пахтазор эмас. Унда нима бўларди?-деб қолди, гапни ҳазилга йўйиб.
Бедазорга яқинлашдик. Капа олдида лой ўчоқ қурилиб, қозон илинган. Унинг ёнида офтовага мўлжалланган офтова ўчоқ. Атлас кўйлакли, бошида рўмол ўраган аёл қўлида капгир, қозон ковлаш билан овора. Бошида қалампир дўппили йигит, чўнқайиб ўтирганча қозон тагига ўтин қаларди. Аёлнинг кўзи машинага тушди шекилли, йигитга бир нима деди. Сўнг машина тўхташи билан пешвоз келди.
- Ия-я, бу ўзимизни тадбиркор Холбиби-ку. Нақ қадимий келинларга ўхшаб кетибсиз. Ё тўй бўлдингизми? - дедим гапни ҳазилга йўйиб. У ҳам бўш келмади.
- Сиз айтганчалик бўлди. Бу йигит Зокиржон. Турмуш ўртоғим. Кечагина ўзимизга муносиб кичкинагина ярашиқ тўйча қилдик. Унаштирилдик. Мана кўриб турганингиздек,  камтаргина палаткада ҳаловат билан яшаяпмиз. Бундан ортиғи бизга бегона.
- Рости билан-ми? Шундай ниятингиз бор экан, бу ёғини ўзимиз дўндирардик...
- Шу ёғигаям миннатдормиз, сиздан. Хабарингиз бор, яқинда зонадан келган бўлсам. Бировга оғиримни юклашни истамайман. Иннайкейин, биз каби мўртгина ёлғиз кишиларга шаҳардаги тўйхоналар ярашмаган ёрлик. Ота-боболаримизнинг «Фақирники панада»,- деган нақли бор.
Унинг гапларини хаёлчан эшитар эканман, юзимга биров тарсаки туширгандек бўлди. Турли ўй-фикрлар гирдоби мени комига торта бошлади. Ичимда ўзимга-ўзим: наҳотки одамларга шунчалар бефарқ қарасак, наҳотки одам боласи тоифаларга бўлиниб кетса. Ахир қайси тоифадан бўлмасин одамнинг сўнгги манзили, сўнгги кулбаси бир хил безанади. Бу дунёда ўксиниб яшаш инсон фожиаси эмас-ми?!..- деган кечинмаларга бордим.
- Холбибининг ақлан зеҳни ўткирлиги, одмигина одоби кўзларидан кўриниш берарди. Унинг қисматига ачиниб кетдим. Шундай одобли, зеҳни ўткир, қора меҳнатдан қайтмайдиган қиз қандай қилиб жиноят тўрига тушиб қолса,- деган ўйлар менга тинчлик бермасди.
Мен ҳам бир пайтлари қонун ҳимоячиси эдим. Прокуратурада ишладим. Яхши-ёмонни англаганман. Шуниси ҳайратлики, турмушда ҳар хил воқеа ва ҳодисаларга дуч келасан. Баъзан ҳақ билан ноҳақни ажратиб олишга қанчадан қанча тўсиқлар олдингда тоғдек туради. Сенинг ҳақпарварлигинг ана шунда одамлар кўзида, кўриниш беради. Ҳақ йўлидан қилинган иш бир кун мукофотга сазавордир.
Кузда пишиқчилик авж олади. Деҳқон ва чорвадорнинг йиғим-терими бошланади. Дарё соҳил бўйларида бўй ростлаб қолган одам бўйи келадиган янтоқлар роса донлаб, ерга келинсалом қилиб бош эгиб қолади. Далаларни кезиб юриб Холбибининг даласига тушдим. Капада ҳеч ким йўқ. Капа олдида бир она-бола сигир майсалар устида ётганича кавш қайтараётиб бизга қаради. Даланинг у ёғ-бу ёғига назар солдим. Ҳеч бир кимса кўринмайди. Шу маҳал машинани юргизиб бедазорнинг этагидан катта йўлга чиқиб кетмоқчи бўлдик. Дарёнинг сув ювиб кетган марзасида Холбиби. Қўлида чарм қўлқоп, эгилиб турган янтоқ бошидан донни сидриб қоп ушлаб турган эрининг қонига ташларди. Қизиқдим, машинадан тушиб яқинига бордим.
- Янтоқ донига нима зарурият бўлиб қолди,- дедим унга ҳол сўраганча.
- Ҳоким бобо, бу ишимга ҳайратланманг. Бу йил мана шу дарё ўзанидан роппа-роса беш гектар ер берасиз.
- Чарчатмайдими? - дедим эрига юзланиб.
- Бизнинг ёшимизда чарчаш тўғрисида гап бўлиши мумкин эмас, - деди табассум билан, Холбиби.
- Хўш, режадан гапиринг, синглим, - дедим гўё уни ўз туғишган синглимдек ўзимга яқин олиб.
(Давоми бор.)
Турсунбой МАҲМАДАЛИЕВ.
Мавзуга оид: