Мактабларда мусиқа ўқитувчилари етарлими?

Тан олишимиз керак, ҳозирга қадар мактабларда мусиқа, меҳнат ва жисмоний тарбия фанларига иккинчи, учинчи даражадаги фан сифатида қаралиб келинаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Энг ачинарлиси бу фанлардан ўқувчиларга мутахассис бўлмаган ўқитувчиларнинг сабоқ бераётганлиги ҳам кишида ташвиш уйғотади. Яқинда Муҳтарам Президентимиз мактабларда таълим олаётган ҳар бир ўқувчи битириш чоғида камида битта, бўлмаса учтагача миллий мусиқа асбобини чалишни билиши керак деган таклиф билан чиқди. Ҳақиқатдан ҳам, кейинги йилларда мамлакатимизда маданиятга, маърифатга, санъатга ва спортга жиддий эътибор берилаётганлиги туфайли анчагина ютуқлар қўлга киритилмоқда. Албатта Президентнинг бу таклифи ҳар жиҳатдан эътиборга лойиқдир. Бироқ, мактабларда мусиқадан ўқувчиларга сабоқ бераётган ўқитувчилар етарлими, деган савол пайдо бўлади. Кузатишлардан шу нарса маълум бўляптики, аксарият мактабларда мусиқа фанидан деярли мутахассис бўлмаган, коллежни битирган бўлсада, миллий мусиқа асбобларини чалишни билмайдиган ёки мутахассис бўлмаган кишилар сабоқ беришмоқда. Албатта, Президент қўяётган талабни мукаммал бажарилиши учун ҳар бир мактабда мусиқа ўқитувчилари етарли билимга ва тажрибага эга бўлишлари билан бирга миллий мусиқа асбобларини чалишни билишлари ниҳоятда зарур. Ҳозирда фаолият кўрсатаётган ўқитувчилар билан кўзланган мақсадга эришиш мушкул. Яна бир масала. У ҳам бўлса халқ таълими бўлимида фаолият кўрсатаётган айнан мусиқа фанлари бўйича услубчи ҳам мутахассис бўлиши, бошқаларга сабоқ берадиган даражадаги педагог бўлиши талаб этилади. 
Хулоса қилиб айтганда, ўқувчиларнинг мусиқа асбобларини билишларида албатта уларга сабоқ бераётган ўқитувчиларнинг роли каттадир. Бу борада мактаб директорларининг ҳам ҳиссалари бўлиши лозим. Негаки, мусиқа фани ўқитувчиларини танлаб, кадрларни жой-жойига қўйишда уларнинг роли салмоқлидир. Буни асло унутмаслигимиз керак.
Мавзуга оид: